ЮНЕСКО ташаббуси билан 1966 йилдан бери ўтказилаëтган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад, жаҳон бўйлаб саводсизликни тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатларга эътиборни жалб этиш ва бу жараëнни рағбатлантиришдир.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, ҳозир жаҳон бўйлаб бир миллиардга яқин одам саводсиз. 75 миллиондан ортиқ бола ўқиш ëки ëзишни ўрганиш имкониятидан маҳрумдир.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги бошқармаси вакили Йўлдош Асадов Озодлик радиосига бу ҳақда илгари берган маълумотида, Ўзбекистон саводхонлик масаласида дунëдаги энг олдинги давлатлардан бири эканини таъкидлаган эди. Вазирлик мулозими ўзбекистонлик болаларнинг 100 фоиз мажбурий таълимга жалб қилинганини ўз сўзларига асос қилиб келтирган эди.
Бироқ Ўзбекистондаги ўрта мактаб ва олийгоҳларда ишлаётган ўқитувчиларнинг айтишларича, саводхонлик даражаси болаларнинг мажбурий ўқитилаётгани билангина белгиланмайди. Саводхонлик даражаси болалар олган билимнинг сифати, уларнинг дунёқарашига ҳам боғлиқ.
Ўзбекистон аграр давлат бўлгани ва аҳолининг 70 фоизига яқини қишлоқ жойларда истиқомат қилиши боис мактабларнинг асосий қисми қишлоқларда жойлашган. Қишлоқ ўқувчиларининг ўқув йили давомида дам-бадам қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиниши уларнинг саводи даражасига ҳам путур етказяпти, дейди исми сир қолишини истаган сурхондарёлик ўқитувчи.
Болалар икки ой давомида мактаб кўрмайди, лекин синф журналларига бу муддат ичида фалон дарслар ўтилди, фалон ўқувчига фалон баҳо қўйилди, деб қайд этиб борилади, дейди суҳбатдошимиз:
- Журнал давлатнинг ҳужжати. Баҳоларни тўлиқ қўйиб берамиз. Юқоридан шундай топшириқ бўлгандан кейин ўз ўзидан ҳамма қўйиб беради. Қалбаки баҳо қўйиб берасиз. Эртага ўқувчи кейин зорланади. Лол қоласизда. Ўқувчининг саволига лол қоласизда. Битта баҳона шу "Сен пахтада яхши иштирок этганинг учун беш. Сен яхши иштирок этмаганинг учун тўрт". Нима қилайлик, бошқа иложимиз йўқ, -дейди Сурхондарё вилоятидаги мактабларнинг бирида ишлаётган ўқитувчи.
Ўзбекистонлик ёзувчи Абулқосим Мамарасулов фикрича, фан-техника ривожлангани сари гўёки болалар саводли бўлиб бораётгандай туюляпти, бироқ уларнинг фикрлаш доираси торайиб бормоқда:
- Ҳозирги даврда имконият жуда катта демоқчиман. Лекин ҳозирги даврда битта нарсани ютқазиляпти. Ҳожибой Тожибой айтмоқчи “вариантлар топиб беринг, у-бу”, дейди. Бизнинг давримизда ундай бўлмасди-да. Фикрлашга мажбур қилар эди ҳар бир масала, ҳар бир савол. Керак бўлса, имтиҳонларда ҳам саволга жавобни фикрлаб топишимиз керак бўлар эди. Фикрлашга мажбурият йўқда ҳозир. Ҳозирги замонда ютқазаëтган тарафимиз шу. Бизда ҳозирги даражадаги имконият, информация бўлмаган. Ҳозиргиларга информация катта, лекин фикрлаш йўқ. Ҳозир замон болаларининг энг ëмон ютқизиши шу бўлса керак деб ўйлайман,- дейди ёзувчи Абулқосим Мамарасулов
Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси олий ўқув юртига ўқишга келган талабаларнинг саводхонлик даражаси жуда паст, дейди. Бу суҳбатдошимиз ҳам исми ошкор этилмаслигини сўради:
- Мен кўп йиллардан бери олий ўқув юртида дарс бераëтган бўлсам, Ўзбекистон талабаларининг саводхонлик даражаси паст, жуда ҳам паст, деган бўлардим. Мен буни далиллар билан, фактлар билан айтиб бераман. Биринчидан, мана биз сессия, яъни имтиҳон пайтларида талабаларнинг имтиҳон топширишларини назорат қилиб борамиз. Университет раҳбарияти томонидан қўйиламизда. Талабаларнинг аксарияти, 90 фоизи шпаргалкадан кўчирмасдан жавоб ëза олмайди. Имтиҳон билетига қўйилган саволларга жавоб ëза олмайди. Биздан қайта-қайта илтимос қилишадики, домла кўчиришга имконият яратиб беринг деб.
Ўқитувчи ўз гапларини асослай туриб, бошқа мисолларни ҳам келтиради:
- Яқинда бир домла бир аудиторияда талабадан имтиҳон олаяпти. Мен ëнида ўтирибман. Бир пайт мақтаб "Жавобларинг яхши. Жуда яхши жавоб бераяпсан", деб турган эди, орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин урушиб кетди ҳалиги талабани. "Нима бўлди?" десам¸ "Яхшигина жавоб бериб турган эди. Европа давлатларига қайси давлат киради, деб сўрасам, Америка деб жавоб берди", дейди. Олий ўқув юртларига жуда билимсиз талабалар қабул қилинаяпти. Яна битта мисол келтираман. Мана бир йили университетга Тошкентдан аттестация комиссияси келиши керак эди. Бир ой давомида биз ўша аттестацияга талабаларни қониқарли жавоб бериши учун дарс ўтмасдан уларни тайëр тест жавобларига тайëрладик. Улар фақат қуруқ ëдлаш билан, бир ой ëдлаб шунда ҳам 85 фоиз кўрсаткич берибди.
Бундан ташқари апрел, май ойлари талабалар территорияга ташланади. Тозалашга, ҳашарга, шаҳар ободончилик ишларига. Дарслар қолиб кетади. Бундай ҳолатда қандай қилиб, саводхонлик бўлиши мумкин? Талабаларнинг билими мактаб ўқувчиларининг билимидан ҳам паст даражада,- дейди олий ўқув юрти ўқитувчиси.
Унинг айтишича, бу саводсизликнинг таги ўрта мактабларга бориб тақалади. Ўрта мактаб ўқитучиларининг иқтисодий аҳволи жуда ночор. Бундай ҳолатда стфатли таълим ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, "қуруқ қошиқ оғиз йиртар", деб давом этади суҳбатдошимиз:
- Бу ëлғон система. Бизнинг жамиятдаги ëлғон система. Биринчидан, айтаяпман мактаб ўқитувчилари учун яратилган шароитлар талабга жавоб бермайди. Уларнинг билимининг ўзи паст. Уларга ҳеч қандай шароит яратилмаган. Ойликлари паст. Ҳаммаси пластик карточкага ўтказилган. У ойилик олмаса, ишидан манфаатдор бўламса, у қандай қилиб синф хонасига кириб юракдан дарс беради, ўқувчиларни билимли қилишга ҳаракат қилади? У уйини, тирикчилигини, бола-чақасини боқишни ўйлайди. Ахир аввал иқтисод, кейин сиёсат деган аксиома борку!,- дейди Ўзбекистондаги олий ўқув юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчи.
Наманган давлат университетининг собиқ ўқитувчиси, биология фанлари номзоди Алижон Обидовнинг айтишича, ҳозир олийгоҳлардаги саводхонлик даражасини бундан 20 йил олдинги даврга таққослаб бўлмайди. Таниш-билишчилик ва коррупциянинг чуқур илдиз отгани натижасида, университетга қабул қилинган талабаларнинг фақат 30 фоизини саводли, деса бўлади, дейди домла:
- Ортиқча қабул қилишлар йўқотилиб, бир курсга 175-180 талаба эмас, битта группа олинса, саводхонлик даржаси кескин кўтарилади. Ишонаман. Ҳозир мен олтита-еттита гуруҳга қабул қилинган 175танинг ичида гапирадиган бўлсам, 30 фоизининг ўқитувчи бўлишига розиман. Учдан бирига розиман. Боринг 40 фоизи бўлсин, 60 фоизи ярамайди. Охирги 25 фоизи эса, деялри ўқимасдан баҳони пул билан қўйдиради,- дейди Алижон Обидов.
Унинг айтишича, талабаларнинг саводлилик даражасини юқори қилиб, кўрсатиш юқоридан, яъни вазирликдан талаб қилинади ва талабанинг ҳақиқий баҳосини кўрсатишга домланинг ҳаққи йўқ:
- Талабаларнинг рейтинг баллини қўйиб турадиган ойнаси бор. Ўқитувчисидан сўрамасдан шартта қўйиб юбораверишади. Маориф вазирлигидаги рейтинг баллини қўйган билан, ҳар бир ўқув юртиникини солиштирадиган бўлса, биттаси ҳам тўғри чиқмайди. Натижада юқоридаги инстанцияларга "иккисиз ўқишаяпти", деган нарса кетади. Менинг қўлимда дарсга 300 соатлаб келмаганларнинг рўйхати бор. Керакли жойларга топширганман. "Қани бу? Нимага келмаган?", деб сўрайдиган одамнинг ўзи йўқку. Шунинг учун ўша келмаганларга баҳо қўйилаверганидан кейин, ўқиб юрганлар хафа бўладида. Айтмагандай қўймаса, пулини тўлайди. Мен айтмасам ҳам сизга ҳам, бошқасига ҳам тушунарли. Эркин Воҳидовнинг илгари ëзган битта шеъри бор.
Бизлар арра тортмоқдамиз,
Аррамизнинг тиши йўқ,
Нега арранг тиши йўқ деб,
Сўрайдиган киши йўқ.
Чунки бизлар анойимас,
Жуда яхши биламиз,
Ўша арра тортган шохда,
Ўлтирибмиз ўзимиз.
Самарқанд давлат университетининг собиқ ўқитувчиси Холиқназар Ғаниевнинг айтишича, Ўзбекистонда саводхонлик даражаси собиқ иттифоқ пайтида ҳам паст бўлган ва мустақиллик йилларида ҳам бу соҳада ижобий томонга ўзгариш бўлмади:
- Ўрта мактабда, айниқса, бошланғич ўрта мактабларда ўқишнинг савияси жуда паст. Ўқувчилар асосан кўп вақтини пахта далаларида ўтказиб, ўқишнинг тайини бўлмайди. Пахтада бир-икки, баъзи вақтлари уч ойгача юришади. Хуллас савод учун асосий база бериладиган ўрта мактабларда ўқишнинг сифати жуда паст. Шунинг учун савод даражаси ҳам шунга яраша. Мана масалан, мен ҳозир бир нрча йиллардан бери репетиторлик қиламан. Келаëтган ўқувчиларнинг 90 фоизида мустақил фикрлаш ҳам йўқ, ҳатто ўша мактаб программасида назарда тутилган фундамент билим ҳажми ҳам йўқ. Билим ҳажми бўлмагандан кейин фикрлаш қаëқдан бўлади,- дейди Самарқанд давлат университетининг собиқ ўқитувчиси Холиқназар Ғаниев.
Демак, мамлакатда саводхонлик даражаси, энг аввало, ўқитувчига боғлиқ экан, бугунги ўзбек ўқитувчисининг турмушига бир назар ташлаш жоиздир.
Мустақиллик байрамининг эртасига биринчи қўнғироқ чалингач ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг кўпчилиги ўз шогирдларини олдига солиб, пахта далаларига жўнаб кетди.
Одатда кузнинг охирларига қадар давом этадиган пахта фронтига жўнатилаётган ўқитувчи ва ўқувчилар армияси сафи кун сайин кенгайиб бормоқда.
Ҳафта бошида сариосиёлик ўқитувчилар ҳам кўрпа-тўшагини елкага ташлаб пахта теримига жўнади. Аниқроғи мажбуран жўнатилди.
Ўзбекистонда бошланган пахта терими мавсуми ўз қаърига биринчи бўлиб, жамиятнинг жуда ҳам беозор қатлами ҳисобланган ўқитувчи ва ўқувчиларни торта бошлайди.
Ўқитувчи бугун пахтакор бўлди. Куни кеча эса ғўза қуртларига қарши курашиб юрган агроном эди. Дарвоқе, бугунги ўзбек жамиятида ўқитувчи яна қандай касбларни ўзлаштириб олдийкин?
6 август куни эрталаб сариосиёлик ўқитувчилар “зарбдор бригадалар” таркибида 10 кунлик пахта терими сафарига отланди. Мактабларда чалинган “биринчи қўнғироқ” жаранги ҳали тиниб-тинмай, юқори синф ўқувчилари ҳам ёппасига пахта теримига сафарбар этилди. “Ўқитувчи ўз касбини камида икки ойга пахтакорликка алмаштирди”,-дейди Сариосиё туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаётган Фахриддин Аҳмедов(исми шарифи ўзгартирилган):
Ўқитувчи – пахтакор
- Бугун мана 6 сентябр бўладиган бўлса¸ Сариосиë тумани бўйича ëппасига барча мактаблардан 10 тадан¸ 20 тадан ўқитувчилар сонига қараб Шеробод туманига¸ Музробод туманига жўнаб кетди. Автобусларга юкларини ортишиб, пахта теримига. Янги ўқув йилининг биринчи чорагининг биринчи ойида дарсни энди бориб, Худо хоҳласа, пахта далаларида ўтишади. Далаларда "жавлон уриб" пахта териб "дарс ўтгани" жўнаб кетишди бугун. 10 кунлик хизмат сафари. Ўқув йилининг биринчи чораги ҳисоби бўйича туманимиздаги ўқитувчиларнинг барчаси сентябр¸ октябр ойида ўқитувчилик касбини вақтинча топшириб туришиб¸ зарбдор пахтакорларга айланиб қолади,- дейди ўқитувчи.
Фахриддин Аҳмедовнинг “ўқитувчи касбини пахтакорликка алмаштирди”, дегани бизни шу мавзу устида бир оз мулоҳаза юритишга ундади. Бундоқ туриб ўйлаб кўрсак, ўқитувчининг қилмаган иши қолмабди, ҳисоб. Ўқитувчининг ўз ишидан ажралмаган ҳолда янги касбларга тортилиши хусусидаги мавзуни давом эттирдик. Фахриддин Аҳмедовга кўра, бугун қишлоқ ўқитувчилари “ғаллакорлик” касбини ҳам яхшигина ўзлаштириб олдилар, чунки ғаллани гўнг билан озиқлантириш ишлари ҳам уларнинг зиммасига юклатилди:
Ўқитувчи – ғаллакор
- Ҳатто ўқитувчилар уйма уй юришиб¸ (ҳар10 нафар ўқитувчига тўрт тонна мажбурият) пахта даласига экилган буғдойга сепиш учун гўнг йиғишади. Туман ҳокимлиги томонидан¸ вилоят¸ район халқ таълими бўлими томонидан мактабларга гўнг мажбурияти солинган. Уйма уй юриб йиғамиз. Мажбуриятни бажармасак¸ иложи йўқ.,-дейди сариосиёлик ўқитувчи Фахриддин Аҳмедов.
Ўқитувчининг пахта даласида ўзлаштирган янги касблари шу билангина тугамас экан. Наманганнинг Мингбулоқ туманида ўқитувчилик қилаётган Иброҳимжоннинг айтишича, улар яқинда ғўза қуртлари бўйича мутахассис бўлиб кетишса, ажаб эмас.
Ўқитувчи – агроном-энтомолог
- Ҳозир ëзги пайтларда ўқитувчиларга қишлоқ хўжалик ишларини ҳам топширишди, ака. Бизнинг директор ўрибосарини жавобгар қилиб тайинлаган. “Ҳамма ўқитувчиларни пахта даласига олиб борасан” дейди. Кўсакка қурт тушадику. Кўсакка тушган қуртларнинг терилишини назорат қилиш¸ керак бўлса ўқитувчининг ўзи ҳам дала ичига тушиб шу нарсаларни териб юриши керак. Икки-уч йил олдин ўзим ҳам шунақа ишда қатнашганман. Кириб кўсакнинг қуртини терганман. Бундан ташқари яна ўтни юлдиришга жалб қилишган. Аëлим ҳам бирга ишлайди. Бу йилги ëзда икки мартами, уч мартами далага бориб ишлади. Гуруҳ қилиб қўядида. Масалан мактабда ўқитувчилар сони 50 та бўлса¸ 10 тадан бешта гуруҳ қилиб қўядида 10 таси бир ҳафта борса далага¸ яна 10 таси кейинги ҳафта боради.Шу йил отпуска вақтида ҳам шунақа қилинди, -дейди ўқитувчи Иброҳимжон ака. Унга кўра, ўқитувчилар ҳокимиятнинг топшириғи билан аҳолидан газ ва электр энергияси учун тўловлар йиғадиган дастёрларга айлантирилди:
Ўқитувчи – газчи, светчи
- Ўқитувчининг светчи¸ газчи бўлганида ўзим ҳам қатнашганман. Бу йил ëз пайтида пахтанинг иши авж олиб¸ айтилмай қўйди, ўқитувчиларга. Лекин март¸ апрел¸ май ойларида ўзимиз ҳам уйма уй юриб газ ҳисоблагичлардан ëзиб¸ книжкаларини текшириб қарзи борми ëки йўқми ҳаммасини плюс минусигача қўйиб¸ балансини бериб юрдик. Шахсан мен ўзим ҳам тўрт-беш марта ўзимга бириктирилган маҳаллани айланиб шуни қилиб бердим. Бундан ташқари яқинда¸ 15-20 кун бўлди шекилли¸ пенсионерлар бўладику¸ “Пенсионерларнинг уйига кириб¸ ҳар биттанг тўртта пенсионердан ариза оласизлар "пенсиямни пластик карточкада тўланишига розиман" деб. Шунақа тушунтириш ишларини олиб боринглар” деди. Бештасидан илтимос қилдим. Унинг учтаси рози бўлиб, имзо қўйиб берди. Иккиси рози бўлмади. Қаëққа борсанг боравер, деди. Рози бўлганларнинг аризасини директор ўринбосарига топширдим,-дейди мингбулоқлик ўқитувчи Иброҳимжон ака.
Ўқитувчи том маънода маҳаллий ҳокимиятларнинг мардикорига айланиб қолди, Ҳатто кўчаларнинг тозалиги ва ободончилик ишлари ҳам ўқитувчининг бўйнида, -дейди сирдарёлик ўқитувчи Гулбаҳор.
Ўқитувчи – санитар
- Маҳалладаги ободонлаштириш ишлари ҳам ўқитувчиларнинг зиммасига юклатилган ҳозир. Ҳар битта маҳаллани ўқитувчилар ўзи назорат қилади. Тозалигини¸ дарахт экишларини¸ ҳар битта ўқитувчига биттадан кўчани бўлиб берган, ўзи яшайдиган кўчани. Масалан, сувга пул йиғишга ҳам ўқитувчилар ëрдам беради¸ газга пул йиғишга ҳам ўқитувчилар¸ ҳамма нарса ўқитувчиларнинг бўйнига юклатилган ҳозир. Зиммасига топшириб қўяди ҳар битта кўчани. Фуқаролар йиғинида йиғилиш бўлса¸ улар ҳам бориб ҳисобот беришлари шарт,- дейди сирдарёлик ўқитувчи Гулбаҳор.
Бугун дунё бўйлаб қарийб бир миллиард одам саводсиздир ва 80 миллионга яқин болалар мактабда таълим олиш имконига эга эмас.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 97 фоизига яқини саводли. Саводхонлик рейтинги бўйича дунё давлатлари орасида Ўзбекистон 63 ўинни эгаллайди.
Лекин Тожикистон ёки Туркманистон каби мамлакатларда ҳам аҳолининг қарийб 100 фоизи саводли экани иддао қилинади.
Ўзбекистонлик ўқитувчилар асосий касбларидан ташқари пахтакорлик ёки санитарлик қилаётгани, қолаверса, миллионлаб талабалар ўқув йилининг биринчи чорагини пахта далаларида ўтказаётгани инобатга олинса, ўзбеклар ҳам дунёдаги саводсизлар армияси сафларини тўлдирмаяаптимикан, деган андиша кўнгилга келади.