Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:53

"Ўзбекистон келажагига ишонаман!"


Сешанба куни "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошларимизнинг баъзилари Озодликни воқеаларни бир тарафлама ёритаётганликда танқид қилди. Ўш воқеаларида қирғизлар ҳам азият чекканини айтган ва ўзга юртда мардикорлик қилиб, Ўзбекистонни ҳадеб ёмонлаверманг, деган мухлисларимиз фикрларини ўқинг.


Ўш воқеаларида қирғизлар ҳам азият чекди


дейди ўзини Ўш шаҳрининг Аношина кўчаси 72 уйда яшовчи Бекпўлат Мажитовман, деб таништирган қирғиз мухлисимиз. Июн воқеаларидан буён бизга телефон қилган биринчи қирғиз тингловчимиз “Сиз июн воқеаларини бир томонлама ёритаяпсиз”, дея Озодликни танқид қилди.

- Айтмоқчи бўлганим шуки, Ўшдаги воқеалардан кейин сиз томондан берилган нарсаларнинг ҳаммаси бир томонлама бўлдида. Мен ўзи қирғизман. Бу ерда страдат қилганлар бечора ўзбек туғишганларимиз страдат этиб қолдида. Ўзбек туғишганларнинг орасида дўстларимиз бор, қудаларимиз бор дегандай. Бу бошланишини ўзбек туғишганларимизнинг бойлари бошлаб қўйиб, кейин бизга ағдариб қўйди. Сизларни ўзи ҳар сафар эшитаман. Нотўғри информация бериб “Бизни ундай қилди, бундай қилди”, деган гаплар бўлаяпти. Тўғри, действительно шундай нарсалар бўлди, лекин сизлар сал ошириб юбораяпсизлар, ëлғон гаплар аралашиб кетаяптида. Соат 2да, 3да ҳам азон айтадими? Азон айтмайдида бизда мусулмонларда. Азон айтилган. Фактлари бор. Одам ўлдирганлар, урушни келтириб чиқарганлар қочиб кетаяпти. Қолганлари жўнгина юриптида. Ҳамма кўчада танишларимиз бор. Улар билан урушганимиз йўқ. Мана ҳозир 50ка яқин қирғиз йўқолган. Излаб топиша олмаяпти уларни. Уларники ҳам тўғри. Уйи куйиб кетганлар ҳам бор, дейди ўшлик қирғиз мухлисимиз Бекпўлат Мажитов.


Ҳозирча четдан келганини ишлатиб турамиз!


Қашқадарёлик суҳбатдошимиз Баҳром Ботиров ҳам Озодликни танқид қилди. “Сизлар доим Ўзбекистонни танқид қиласизлар, яхшиликни ҳам гапириш керак”, дея эътироз билдирди Баҳром ака.

Қозоғистонда мардикорлик қилаётган бўлсада у киши, "давлат бизга маош қилиб бермасдан банкларда сақлаётган маблағни Ўзбекистоннинг келажагини қуриш учун сарф қилмоқда", деган фикрда.

- Ҳар доим сизларда фақат ëмонлашда. Тўғри, яшаш ҳозирча сал қийиндир. Лекин келажаги бор Ўзбекистоннинг бошқа давлатларга қараганда деб ўйлаймизда бизлар ўзимизча.

Озодлик: Баҳром ака, қаранг яхши фикр айтаяпсиз. “Ҳар доим ëмонлайсизлар”, деяпсиз. Шу фикр билан телефон қилганингиз учун жуда ҳам хурсандман. Асослаб беринг. Келажакни нималарда кўрасиз?

- Масалан, ҳозир чет давлатдан валюталар ўзимизга оқиб кириб келаяпти. Ўзбекистон ўзининг пулини ишлатаëтгани йўқ. Ўзбекистоннинг ўзига қолаяпти. Банкдаги пуллар қолиб, четдан келган пулларни ишлатаяпмиз. Банкдаги пул турибди. Шунга келажаги бор деб ўйлайманда.

Озодлик: Сизга ойлик қилиб берилмасдан банкда ушлаб турилган пул бир кун Ўзбекистон келажагига ишлайди, деб ҳисоблайсиз-а?

- Худди шундай деб ўйлайман мен.

Озодлик: Шунақа деб ўйлашингизга асос борми? Нимага шунақа деб ўйлайсиз?

- Масалан, катта-катта қурилишлар, йўл ва бошқаларга сарфланиши керак. Ҳозирча Қашқадарëдан Сурхондарëга йўл бўлаяпти. Шу бизларнинг ҳиссамиз билан бўлаяптида. Банкдаги пулнинг ҳисобига бўлаяпти йўллар. Ҳаммаси бирдан бўлиб кетмайдику. Аста-секинлик билан бўлаяпти ҳамма нарса, дейди Баҳром Ботиров.


Мажбурийми ё ихтиёрий?


Яна бир суҳбатдошимиз Абдулла Азимов Сурхондарё вилоятидан телефон қилди ва “Болалар мактаб ёҳуд коллежлар томонидан мажбурланмаса ҳам, пахтага ўз хоҳиши билан чиқиб кетишган”, деган фикрни айтди.

Килосига 100 сўмдан ҳақ олиб, пахта тераётган ўқувчилар бу пулга кийим-кечак ва ўқув қуролларига оид камчиликларини тўлдириб олишмоқчи, дейди суҳбатдошимиз.

- Сурхондарë аҳолиси асосан чорвачилик, деҳқончилик билан кун кўради. Мактаб ўқувчиси ҳам, коллеж ўқувчиси ҳам пахтани ҳеч ким мажбурламаса ҳам, ўзининг эҳтиëжини қондириш учун теради 100 сўмдан. Масалан ҳозир мактаб ўқувчиларининг бир йиллик кийими 200 мингдан ошди. Ота-онанинг ҳаммасида кийим, ўқув қуроллари олиб беришга имконият йўқ. Шунга ўқувчилар пахтага чиқиб кетган. Пахта бошланмасидан олдин чиқиб кетган эди.

Озодлик: Пахтага ўзининг хоҳиши билан чиқиб кетганми?

- Ҳа.

Озодлик: Бир кило пахта терса, неча пул олади?

- 100 сўм.

Озодлик: Демак, мактаб ўқувчилар “уч-тўрт сўм пул қилайлик”, деб ҳам ўзларининг ихтиëри билан пахтага чиқиб кетди.

- Ҳа. Ҳали пахтага чиқарилмасидан олдин мактаб, коллежнинг 80-90 фоиз ўқувчилари чиқиб кетган эди. Ҳозир ўқитувчилар ҳар бир ўқувчининг изидан кириб юрибди уйига. Мажбурий. Коллеж, мактаб ўқувчиларини мажбурий далага олиб чиқаяпти. Ўқитувчиларнинг кўпи чўл ҳудудларига кетган. Шифокорлар кетибди мажбурий.

Озодлик: Сиз чиқаяпсизми пахта теримига?

- Йўқ, мен чиқмайман. Терганим етар шунча.

Озодлик: Нимага? Сиз ҳам уч-тўрт сўм ишлаб олсангиз бўлмайдими?

- Энди менинг имкониятим етарли, дейди Абдулла Азимов.


Бунга чек қўядиган бирор бир кимса борми?


дейди ўшлик бошқа суҳбатдошимиз Азимбек Сатимбоев, қирғиз милиционерлари ўшлик ўзбекларни талаётганини айтар экан.

У шахсан ўзи гувоҳ бўлган воқеани гапириб берди.

- Кеча мен ўзим келдимда. Шунга мендан кўп пул олиб қўйдида.

Озодлик: Ўзингиз гувоҳ бўлдингиз яъни.

- Ўзим гувоҳ бўлдим. Ўзимдан ҳам кўп пул олиб қўйдида. Уч кун бўлди келганимга. Перевалга чиққанда, шу постнинг перевалига етмасдан. Қирғизларни қўйиб юбораяптида ўзбеклардан катта пул олаяпти. Ҳар бир одамдан 1000-1500 сўм олди. Қозоғистонга ўтгандан кейин биров теккани йўқ. Қирғизистоннинг ўзида ушлаяптида. Ўшдан келаëтган ўзбекларни қийнаб қўйяптида.

Озодлик: Қийнаб қўйяпти, деганингиз фақат пулини олишаяптими?

- Пулини олиб, хотинлар бўлса, машинадан тушириб “Давай текширамиз” деб ҳеч нарсаси йўқ бўлса ҳам шунақа қилаяптида.

Озодлик: Аëлларни текшираëтганлар аëлларми?

- Йўқ, эркаклар текшираяпти. Тинтув қилиб, машинада ҳеч нарса йўқ бўлса ҳам, “Юкларни тушир. Бўлмаса, пул берасан”, деб қўрқитиб, шунақа қилаяптида.

Озодлик: Тинтув қилаëтганда машинани, сумкаларини тинтияптими ëки ўзини, кийим-кечакларини ҳам тинтияптими?

- Ўзига тегмаяпти. Тушириб олиб, хотинларни ҳам қўрқитиб пулини олаяптида. Иккита машинада эдик бизлар. Бир машинада аëллар, бир машинада эркаклар эдик. Ўзбекларни қилаяптию, қирғизларни қўйиб юбораяптида. Бир сўм ҳам олмасдан документини кўриб, қўйиб юбораяпти.

Озодлик: Балки кўрмагандирсиз. Улардан ҳам олаëтгандир пора.

- Йўқ, биз кўриб турибмиз. Ëнимизда иккита-учта машинани тўсди. Документини кўриб қўйиб юборди. Қирғизистон таможняга келганда ҳам, “Давай пулингни чиқар”, деб турипти. Қирғизлар документни кўрсатиб, ўтиб кетяпти. Ўзбеклар келаëтганини кўриб, “Пулингни чиқар” деяпти, дейди ўшлик Азимбек Сатимбоев.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG