Озодлик радиоси ўзбек хизмати электрон почтасига овозли мактуб тарзида келган билдиришда ўзини Ўзбекистон Исломий Ҳаракати расмий нотиғи, деб атаган Абдулфаттоҳ Аҳмадий Раштдаги амалиëтнинг бир кеча-кундуз давом этгани ва Тожикистон армиясининг бир аскари асир олингани, 19та АК автомати, иккита пулемет қўлга киритилганини билдирди.
- Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2010 йил 18 сентябр Рашт ноҳиясидаги Камароб дарасида Тожикистон ҳукумат қўшинларининг ҳарбий карвонига қилинган амалиëтни ўз зиммасига олади. Биродарларимиз 19та автомат, иккита пулемет ва ҳукуматнинг хос десант гуруҳидан бир кишини асир олиб кетишган. Бу амалиëт биродаримиз Мавлавий Мансур қўмондонлиги остида амалга оширилган, дейилган эди бизга юборилган аудиоëзувда.
Шуниси қизиқки, расмий Душанбе “19 сентябрда бўлди”, деб айтаëтган Камароб воқеаларини ЎИҲ расмий нотиғи “18 сентябрда бошланган эди”, деб айтди.
Абдулфаттоҳ Аҳмадийнинг иддаоси билдирилган аудиоëзувнинг ҳақиқий эканлигини текшириш имкони йўқлиги боис, биз аудиоëзувни 23 сентябр куни эфирга узатмадик, аммо аудиоëзув келган манзилга мактуб билан чиқиб, улар билан телефон орқали боғланиш истагини билдирдик.
24 сентябр куни Покистондан экани билинган телефон орқали ЎИҲ манзили деб тахмин қилинган рақам билан боғландик.
Ўзингизни таништирасизми, деб сўрадик.
- Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг расмий нотиғи Абдулфаттоҳ Аҳмадий.
Озодлик: Кеча (суҳбат 24 сентябр куни ëзиб олинган – таҳр.) юборган аудиофайлингизни олдик. Ўшани сиздан сўрамоқчи эдик. Айнан сизнинг овозингиз эканлигига ҳужжат сўраб телефон қилган эдик. Бошқалар ҳам сизларнинг номингиздан юбориши мумкин ҳозирги технология асрида. Шунга исбот келтириб, яна бир марта айтасизми, қандай қилиб ўз зиммангизга олдингиз, бунинг боиси ва ҳоказо.
- Гапириб ўтганимдай минглаб масжидлар бекитилганлиги, ноҳақ мусулмонлар қамалганлиги ва ўша муслима опа-сингилларимизнинг, ўзинглар биласизлар буни, яъни Оллоҳ таоло фарз қилган ҳижобга қарши чиққанлиги ва қолаверса Афғонистон мусулмонларига қарши салибийлар юришининг бошида келган Амрико ва НАТО кучларига ўзининг дарвозасини катта қилиб очиб берганлиги. Шу сабабдан ичкаридаги бўлган амалиëт биродарларимиз тарафидан, айтиб ўтганман, биродаримиз Мавлавий Мансур деймиз, шу биродаримизнинг қўмондонлиги остида минтақа мужоҳидлари билан ҳамкорликда бу амалиëт ўтказилган, деди телефон гўшагини кўтариб, ўзини Абдулфаттоҳ Аҳмадий дея таништирган одам.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати расмий нотиғи, деб таништирган суҳбатдош “Тожикистоннинг Камароб дарасида ҳукумат қўшинларига қилинган ҳужумни биз уюштирганмиз” деган гапни яна такрорлади.
- Тожикистон ҳукуматининг ҳайбати, яъни унинг куч-қуввати қанчалигини, унинг хос турмахонасидан шунча одам қочиб кетганлиги Тожикистон ҳукуматининг кучининг қанчалигини кўрсатиб турибди.
Озодлик: Нега айнан Тожикистон ҳукумат қўшинларига ҳужум уюштирдингизлар? Сизлар учун ҳадаф Ўзбекистон эмасми? Ҳар ҳолда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати деган номингиз бор.
- “Бизнинг ҳадафимиз Ўзбекистон”, деб айтмаганмиз биз. Яъни аввал ҳадафимиз деб айтмаганмиз. Биз, ўзингизга маълум, авваламбор Тожикистонга ҳижрат қилганмиз ва Тожикистон ҳукумати билан аввалдан бизнинг муомаламиз бор. Гарчи Ўзбекистоннинг ичида биродарларимиз бўлса ҳам, Қирғизистонда бўлса ҳам, Тожикистоннинг ичида мана ўзинглар гувоҳ бўлиб турибсизлар мужоҳидларимиз бор. Иншооллоҳ Ўзбекистон, яъни аввал ҳадафимиз Ўзбекистон эмас деб айтаëтганим бумаски, Ўзбекистонни эсдан чиқарганмиз. Ўзбекистон бор. Иншооллоҳ яқин кунда баъзи ўзгаришлар ҳам бўлиб қолади.
Озодлик: Қандай ўзгаришлар?
- Сиз яхши биласиз биз мужоҳид кишилармиз, биз ҳарбий кишилармиз. Шунинг учун барча нарсани олдиндан айта олмаймиз.
Озодлик: Расмий Душанбе Рашт воқеалари ташкилотчиси, дея айтаëтган Мулло Абдуллоҳни сизнинг одам дейишмоқда? Бу тўғрими?
- Мулло Абдуллоҳ масаласида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати шуни эълон қилиб қўядики, Мулло Абдуллоҳ Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига тегишли одам эмас. У киши гарчи ҳукуматлар бўлсин, барча радиолар у кишини Ўзбекистон Исломий Ҳарактига тегишли, деб айтаëтган бўлса, у киши биздан эмас. У кишининг ўзига яраша номи чиққан бўлса ўз вақтида, лекин у киши, ҳозир мана эълон қилиб қўямиз, у киши биздан эмас. У биродарларимиз қачонки, биз Тожикистондан Афғонистонга ҳижрат қилиб ўтганимизда ўша ерда бизнинг тарафдорларимиз ва биродарларимиз қолишган. Шу кучлар билан ва биз томондан тайинланган бошқа кучлар билан яъни жўнатилган, десак ҳам бўлади, шулар билан биргаликда шу амалиëтлар бўлаяпти. Лекин сизга аниқ тафсилотини айта олмайман Вазиристондан ëки бошқа жойдан жўнатилган деб. Хуллас, ичкаридаги биз бу нарсани биринчи эълон қилмаганлигимизнинг сабаби шуки, биз у биродарларимиз билан алоқага чиқа олмаган эдик. Алоқага чиққанимиздан кейин, тафсилотлари бизга маълум бўлгандан кейин биз чиқиб бу нарсани эълон қилдик.
Озодлик: Тожикистондаги Ислом уйғониш партияси ва Ички ишлар вазирлигидаги баъзи мулозимлар “Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Рашт воқеаларига сира алоқаси йўқ. Улар сиëсий очко олиш учун, бу воқеалар боис пилигимиз кўтарилиб қолсин, деб масъулиятни ўз зиммасига олишди” дейишмоқда. Бунга нима дейсиз?
- Биз очко олиш учун, рейтинг кўтариш учун эмас, Оллоҳнинг розилиги учун ҳижрат диëрида, жиҳод майдонида юрган кишилармиз. Гарчи булар биз тўғримизда нима деса ҳам, лекин қани ҳеч ким тан олмади. Яъни журъат қилиб, эътироф қилиб шуни биз қилдик, демади. Улар нима дейишса, дейишсин. Биз қилган ишимизни қилганмиз деганмиз, қилмаган ишимизни қилмаганмиз деганмиз. Шунинг учун улар нима дейишларига биз қараб ўтирмаймиз, деди ўзини Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг расмий нотиғи Абдулфаттоҳ Аҳмадий, дея таништирган шахс.
Эслатиб ўтамиз, бу суҳбатдошимизнинг гаплари тўғрилигини бошқа манбалардан текширишга қилган ҳаракатларимиз самарасиз бўлди.
Суҳбатдошимиз интервью мобайнида Раштда содир бўлган амалиëтга қўмондон Мавлавий Мансур бошчилик қилганини таъкидлади. Рашт ҳудудида барча алоқа воситалари ҳукумат тарафидан музлатилганига қарамасдан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг минтақадаги жангарилари билан мунтазам алоқада эканлигини таъкидлади.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги вакили Маҳмадулло Асадуллоев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Камароб воқеаларига дахлдорлигини “ҳақиқатга энг яқин тахмин”, деб атади.