Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Олмаотада ҳибсда қолаётган ўзбек қочқинлари Варшавадаги пикетда ҳимоя қилинмоқда


Ўзбекистонлик фаоллар ташқарида пикет уюштираётган пайтда, ичкарида Ўзбекистон расмий делегациясининг маърузаси тингланаётган эди.
Ўзбекистонлик фаоллар ташқарида пикет уюштираётган пайтда, ичкарида Ўзбекистон расмий делегациясининг маърузаси тингланаётган эди.

Варшава марказида ЕХҲТ анжумани ўтказилаётган бино олдида 5 октябр куни хориждаги ўзбек фаоллари Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинишидан хавотир билдирилаётган ўзбекистонлик 29 қочқин ҳимоясига пикет уюштирди. Пикет пайтида, номаълум шахслар уни бузишга ҳаракат қилди.


Шу кунларда Варшавада Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг шу йил 1-2 декабр кунлари Остона шаҳрида бўладиган саммитидан олдидан тарйёргарлик тариқасида уюштирилган анжумани бўлмоқда.

Варшавада пикет
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:44 0:00


Ушбу анжуманга йиғилган давлатлар раҳбарлари ва фуқаролик жамиятлари фаоллари эътиборини Қозоғистонда ҳимоясиз қолган ўзбек қочқинлари тақдирига қаратаётган пикетчилар қочқинларнинг тез фурсатда учинчи давлатга чиқариб юборилишини талаб қилмоқда.

Фарҳод Тошмуҳамедов пикет ташкилотларчиларидан бири.

- Биз ҳозир Варшавада ЕХҲТ конференцияси бўлиб ўтаëтган жойда ташқарида пикет ўтказаяпмиз. Пикет ўтказишимиздан мақсад Қозоғистондаги 29 ўзбек қочқинини озод қилишлик, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилинишлиги тўхтатилиши ҳамда уларнинг учинчи давлатга чиқиб кетишига рухсат берилишини талаб қилиб чиққанмиз. ЕХҲТ Қозоғистонда 29 ўзбек қочқинига бўлаëтган ноҳақлик, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилинишлигига ўз эътиборини қаратиши кераклигини талаб қилиб чиққанмиз.

Озодлик: Қанақа шиорлар бор ва неча киши қатнашаяпти пикетда?

- Кўп шиорларимиз инглиз тилида ëзилган. Мана биттасини ўқиб бераман. “Kazakhstan, do not ignore the international laws”. Русчада “ОБСЕ! Зашити от унижения 29 узбекских беженцев!”, “Казахстан посилает беженцев на смерт” ва ҳоказо.

Озодлик: Неча киши қатнашаяпсизлар?

- Бу ерда 10 киши атрофида қатнашаяпмиз. Чунки бу ердаги қонун-қоидалар бўйича 14 кишидан ортиб кетса, ундан ортиғига рухсат йўқ. Пикет бўлиб қолар экан. Шунинг учун 10 киши. Агар 10дан ортиғига рухсат бўлганда, кўпроқ одам келар эди.

Озодлик: Анжумандан бирор-бир одам чиқиб муносабат билдирдими?

- АҚШ департаментидан бир киши чиқиб гаплашди инглиз тилида. Бундан ташқари Қозоғистон делегациясидан бир киши келиб гаплашди. Баъзи бир нарсаларни сўрашди. Кейин биз ўзимиз тайëрлаган пресс-релизларни топширдик. Кўпчилик келди лекин. Шунга ҳозир қайси одам қаердан келганлигини айта олмайман. Чунки кўп одам келди.

Озодлик: Демак, сизлар илгари сурган талаблар билан қизиққанлар, келиб сизлар билан суҳбатлашганлар кўп бўлди.

- Ҳа. Мен ўзим иштирок этаяпман бу анжуманда. Бугун бошладик бизлар ҳам, дейди Варшавада ЕХҲТ анжумани ўтаётган бино ёнида пикет уюштирган ва пикет орқали анжуман қатнашчилари ҳамда ташкилотчилари эътиборини Қозоғистондан Ўзбекистонга экстардиция қилиб юборилишидан хавотир бидирилаётган қочқинлар тақдирига қаратишга уринган ўзбекистонлик фаоллардан бири Фарҳод Тошмуҳамедов.

Эслатиб ўтамиз, хориждаги ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоллари, мухолифат вакиллари ва сиёсатчилари бирлашиб, “Қочқинларни ҳимоя қилиш” қўмитасини туздилар.

Варшавадаги пикетни ҳам айни шу ташкилот уюштирган ва пикет анжуман тугагунга қадар — 8 октябрга қадар давом этиши айтилмоқда.

Аммо, пикетнинг илк кунида қизиқ воқеа бўлибди.

Пикетчиларга кўра, куннинг ярмига яқин кутилмаганда яна бир пикетчилар гуруҳи пайдо бўлган ва ўзбек пикетини бузишга уринган.

Ўзбек пикетчилари буни ўзларига қарши қаратилган провокация, деб баҳоладилар.

Бу ҳақда пикет иштирокчиларидан яна бири, ўзбекистонлик қочқин Ҳасан Темиров сўзлаб беради.

- Мен ҳам ҳайрон бўлдим. Пикетда турган эдик. Микрофон билан русча, инглизча гапириб турган эдик. Тўсатдан 4 киши пайдо бўлди. Кўринишларидан худди кўчада юрган алкашларга ўхшашади. Микрофонларни, колонкаларни ўрнатишди ва хочнинг расмини қўйиб баланд кўтариб олишдида, ўзича нималарнидир гапира бошлашди. Кейин бизларга микрофонни бериб “гапиргин, гапиргин” дейишаяпти.

Озодлик: Сизлар улар нимани талаб қилганини тушундиларингми?

- Бизлар ҳеч нарсани тушунмадик. Кейин ўзларича қаттиқ-қаттиқ гапириб, бузишга ҳаракат қилишди. Бизлар мана шу ерда турган эдик. Кейин биз гапиришни тўхтатиб, нима қилишни билай турган эдик ичкаридан делегат бўлиб келган қозоғистонликлар чиқишдида “Нима бўлса ҳам пикетни тўхтатинглар. Бас қилинглар” деб ўшалар мана шуларни ëллаганлиги сал ошкор бўлиб қолди. Кейин биз ҳам полицияга айтгандик булар бизларга халақит бераяпти¸ ишимизга тўсқинлик қилаяпти деб¸ келиб буларни олиб кетишди.

Ҳозир мен сизга бир нарсани айтмоқчиман. Гапни лўнда қилиб айтмоқчиман. Ҳозир 29та қочқин Қозоғистонда. Уларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши хавфи бор. Бизнинг асосий мақсадимиз мана шунга қаршилик қилишлик. Чунки ҳамма биладики, Ўзбекистон доимий қийноқлар қўлланиб келадиган давлат. Уларни бериб юборишлик нафақат хато бўлади, балки хатар бўлади, инсониятга нисбатан жиноят бўлади, деди “Қочқинларни ҳимоя қилиш” қўмитаси аъзоси Ҳасан Темиров.

Эслатамиз, ЕХҲТ нинг Варшавадаги анжумани ўтаётган бино ёнида пикет қилаётган ўзбекистонлик фаоллар Қозоғистонда ҳибсда сақланаётган 29 ўзбек қочқинининг озод этилиши ва қисқа фурсат ичида учинчи давлатларга чиқариб юборилишини талаб қилмоқда.

Ҳасан Темировнинг ўзбек пикетига қарши провокациянинг уюштирилиши ҳақидаги тахминларини эса Полшадаги қозоқ жамоаси уюшмасининг фаоли, асли қозоғистонлик муҳожир Балли Маржец ҳам тасдиқлади.

Унинг Озодликка айтишича, Варашава анжуманларида ЕХҲТ га раислик қилаётган Қозоғистон ҳукумати нафақат инсон ҳуқуқлари, балки, сўз ва фикр эркинлиги, фуқаролик жамияти ҳақ-ҳуқуқлари масалалари борасида ҳам кескин танқидларга учрамоқда.

- Бу қозоқ ҳукуматига керак. Қозоқ ҳукуматига анжуман бораётган бинонинг нақ остонасида “Ўзбек қочқинлари ҳуқуқини бузаётган Қозоғистон ЕХҲТ га раис бўлишга лойиқми?” “Қозоғистон инсон ҳуқуқлари топтамоқда?” “Қозоғистон ўзбек қочқинларни ўлимга юбормоқда?” мазмунидаги плакатларнинг туриши мутлақо зарарлидир. Улар бу муаммонинг Остона саммити олдидан ортиқча шов-шув бўлишини истамайди. Бундан ташқари, қозоқ дипломатларининг бу пикетни тарқатишга уриниш ҳаракатларига ўзимизнинг болалар гувоҳ бўлишибди, дейди Полшадаги қозоқ жамоаси уюшмасининг фаоли, асли қозоғистонлик муҳожир Балли Маржец.

Варшавада ўтаётган анжуман 30 сентябрда бошланган ва 8 октябрга қадар давом этади. Анжуманда ташкилотга аъзо давлатлар расмийлари ва фуқаролик жамияти вакилларининг 2010 йилда кузатилган вазиятга доир маърузалари тингланмоқда.

Шунингдек, кун тартибида турган энг муҳим масалалар, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар фаолиятига оид масалалар бўйича баҳс-мунозаралар ҳам бўлиб ўтмоқда.

Ушбу йиғинда қатнашаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларидан бири, ҳозирда хорижда истиқомат қилаётган Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, Ўзбекистондан Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раиси Акмал Саидов етакчилигидаги делегация борган.

Мўътабар Тожибоевадан анжуманнинг Ўзбекистон расмийлари маърузалари тингланган 4 ва 5 октябр кунги тафсилотлари ҳақида сўзлаб беришни сўрадик.

- Акмал Саидов бошчилигида ҳукумат делегацияси келган. Ҳқууқ ҳимоячиларидан мен кўриб таниганларимдан Шуҳрат Ғаниев, Васила Иноятова, Суҳроб Исмоиловлар келишган. Қолган ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаролик жамияти фаоллари асосан Европадагилар. ЕХҲТнинг йиғилиши муносабати билан, бугунги кунда ЕХҲТни айнан Қозоғистон бошқараëтганлиги муносабати билан мурожаатнома билан чиқдик. Қозоғистон ҳукуматини халқаро ҳуқуқ нормаларига итоат этмаëтгани, яъни ЕХҲТнинг раиси лавозимида туриб қонунларни оëқости қилиши бу Қозоғистон учун эмас ЕХҲТ учун ҳамда халқаро ташкилотлар учун шармандали ҳол эканлигини ўз мурожаатномамизда ëздик. Биз кеча Қирғизистондаги вазият бўйича муҳокамада бўлдик. Кейин ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлаëтган тазйиқлар бўйича муҳокамада иштирок этдик.

Озодлик: Ўзбекистондан борган ҳукумат делегацияси ëки нодавлат ташкилот вакиллари, ҳуқуқ фаоллари чиқиш қилдими?

- Мисол учун кеча Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячиларига таъқиблар бўйича мен сўзга чиқдим. Қирғизистондаги вазият бўйича Васила Иноятова сўзга чиқди. Бугунги тадбирда эса Васила Иноятова, Суҳроб Исмоилов сўзга чиқишди. Ўзбекистон ҳукуматидан Ички ишлар вазирлигининг бир вакили сўзга чиқди. Кейин Ўзбекистонда қийноқлар қўллаëтган мансабдорларнинг етарли даражада жавобгарликка тортилмаëтгани ҳақида гапириб, Васила Иноятова шундай бир фикрни айтдики, бу кўпчиликни қизиқтирди, қийноқ қўллаëтган мансабдорларнинг бир фоизи ҳам жавобгарликка тортилмаëтганлиги ҳақида гапириб туриб, кейин киноя сифатида “Демак, бу мансабдорлар бўладиган бўлса, Каримовнинг ҳуқуқини бузаяпти бу мансабдорлар. Биз унинг ҳуқуқини ҳам ҳимоя қилишимизга тўғри келаяпти” деб гапирди. Шундан кейин Акмал Саидов ўз муносабатини билдириб, “Айнан Ўзбекистондаги қийноқлар муаммоси бўйича шахсан президент Каримовнинг назоратида ва Каримов ҳар бир қийноқ қўлланилган масала бўйича шахсан ўзи назорат олиб боради” деганга ўхшаб жавоб берди. “Қийноқ қўллаëтган мансабдорларнинг ҳеч биттаси жазодан қутулиб қолаëтгани йўқ” деб эътироз билдирди.

Озодлик: Амалдорлар жазога тортилмаган экан, улар қийноқ қўлламаяпти деган мазмунда. Шунақами?

- Худди шундай.

Озодлик: Бунга ЕХҲТ вакиллари ëки бошқа халқаро жамоатчилик вакиллари муносабат билдирдими?

- Йўқ, ҳозир умумий йиғилиш бўлаяпти. Ҳали умумий йиғилиш эндигина тарқади.

Озодлик: Демак, ҳозирча фақат тайëрлаб келинган маърузалоар эшитилаяптида-а? Мунозара, музокаралар ҳали бўлгани йўқ.

- Йўқ, ҳали унақа бўлгани йўқ. Бунақалар энди кичик залларда бўлаëтган тадбирларда бўлаяпти. Кеча айна ҳуқуқ ҳимоячиларга таъқиблар бўйича ва Қирғизистон масаласи бўйича кичик бир залда бўлди. Айнан бу баҳс ва мунозара тарзида бўлди. Жуда жиддий бўлди. Ҳатто залнинг эшигининг тагигача одамлар тўлиб кетди. Айниқса Тўлейкан Исмоилова, Азиза Абдурасулова ва бошқа қирғизистонлик ҳуқуқ фаолларининг айнан Қирғизистон ҳукумати томонидан ўзбекларга нисбатан қилинаëтган геноцид бўйича гапирган гапларига Қирғизистон вакили томонидан берилган муносабатлар ва бошқалар жуда баҳс ва мунозарали бўлди деб айтсам бўлади, дейди ушбу йиғинда қатнашаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, ҳозирда хорижда истиқомат қилаётган Мўътабар Тожибоева.

Хориждаги ўзбек фаоллари Варшавада ЕХҲТ анжумани ўтказилаётган бино олдида 5 октябр куни бошлаган пикетларини 8 октябрга қадар давом эттириш ниятида эканини айтидилар. Улар Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи остида қолаётган ўзбекистонлик 29 қочқин ҳимоясига чиқди.
XS
SM
MD
LG