Халқаро комиссия фожеа сабабларини ўрганар экан, нималарга алоҳида эътибор қаратиши лозим?
Мухбиримиз бу савол билан бир қатор таҳлилчиларга мурожаат қилди.
Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова 11 июн воқеалари бошланганидан сўнг бир неча кун давомида Қирғизистон жанубида бўлган, вазиятни бевосита воқеа жойида ўрганган эди.
Унинг фикрича, комиссия аъзолари биринчи навбатда:
- Воқеа гувоҳлари, жабрланганларнинг кўрсатмаларига эътибор қаратишлари керак. Тўғри, уларнинг кўпчилиги мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган, лекин қолганларнинг айтадиганлари ҳам хулоса чиқаришга етарли бўлса керак, дейди Санобар Шерматова.
Унинг фикрича, комиссия, шунингдек, қотилликлар, талон-тарож қилишлар, уйларга ўт қўйишларнинг уюштирувчилари кимлару, иштирокчилари кимлар эканини аниқлашга ҳаракат қилиши керак.
Озодлик радиоси таҳлилчиси Брюс Панниер марказий-осиёшунос. У ҳам фожеадан сўнг 10 кунлик хизмат сафари билан Ўш ва Жалолободда бўлиб қайтган, вазиятни бевосита воқеа жойида ўрганган эди.
Панниер ҳам Санобар Шерматованикига ўхшаш фикрни айтди:
- Менимча, халқаро комиссия июндаги зўравонликларни кимлар режалаштирганининг тагига етиши керак. Махсус режа бўлгани мутлақо равшан. Снайперлар ўша режага биноан ўз нишонларини аниқ мўлжалга олиб ўқ узган. Ўша режага биноан уйларга бир чеккадан ўт қўйилган. Ўш ва Жалолободдагидай воқеа ўз-ўзидан, стихияли равишда чиқиб кетмайди, деди Брюс Панниер.
Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурсулова июн фожеасидан сўнг бир неча ҳафта давомида Ўш ва Жалолободда яшади, жабрланганларга катта ёрдам кўрсатди. Ундан ҳам фикр сўрадик.
- Энг аввало, халқаро комиссия ўз ишини жуда кеч бошлаётганини айтиб ўтмоқчиман. Шунинг учун фожеанинг кўплаб муҳим тафсилотларини ўрганишнинг иложи йўқ. Чунки уйларни қайта тиклаш бошланди, ўлдирилганлар дафн қилинди, кўпчилик мамлакатдан чиқиб кетди, қолганлари эса, кўрсатма беришга қўрқиб қолди, дейди Азиза Абдурасулова.
Иккинчидан, деб давом этади қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, комиссия фожеанинг дастлабки кунларида тўпланган материаллар билан танишиши, уларни тўплаган жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашиши керак.
Яна бир суҳбатдошимиз – тошкентлик марказий осиёшунос олим Фарҳод Толипов. Саволимизга жавоб берар экан, у масаланинг уч жиҳатига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
- Комиссия аъзолари имкон қадар кўпроқ маҳаллий аҳоли билан ва айниқса жабр кўрган ўзбек аҳолиси билан учрашиб, имкон қадар уларнинг дардини эшитиб, маълумот тўплашга ҳаракат қилиши керак. Яъни айнан ўзбекларнинг ўзлари қандай кайфиятда ҳозир юришибди, қандай фикрлар билдиришади, нима дейишаяпти – ўшаларни имкон қадар кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилиши керак. Бу бир, дейди Фарҳод Толипов.
Иккинчидан, дейди Фарҳод Толипов, комиссия қирғизистонлик ўзбекларнинг бугунги аҳволини ўрганиши керак.
- Кимнингдир магазини бўлган бўлса, кимнингдир ресторани бўлган бўлса, ҳозир оча олмаяпти, қайта ишга қўя олмаяпти. Қўрқишади. Яна мана шунақа ҳужумлар бўлиши мумкин деб юришганмиш. Уларга янгидан иш бошклаш, ижтимоий масалаларини ҳал қилишда қанчалик шароит яратилаяпти? Ўшани кузатиш керак, дейди Фарҳод Толипов.
Ўзбекистонлик таҳлилчи масаланинг яна бир муҳим жиҳатини тилга олиб ўтди:
- Масала шуки, қанчалик давлат идораларида айниқса кучни ишлатувчи идораларда, дейлик полиция, армия ва бошқа ҳарбий идораларда ўзбек аҳолисининг вакилларидан ходимлар ëлланган ва ишлайди, парламентга ўзбеклар қанча фоизда сайланган, ҳукуматда қандай лавозимларда улар бор, ишлайди, деб шу масалани ўрганиши керак, дейди тошкентлик марказий осиёшунос олим Фарҳод Толипов.
2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган фожеали воқеалар сабабларини ўрганишга киришган халқаро комиссия ўз хулосаларини жамоатчиликка 2011 йилнинг февралида тақдим этади.