Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:59

“Халқаро комиссияга таклифларим бор”


Бугун Ўшдаги аксар ўзбеклар¸ халқаро комиссия адолат қарор топишига ëрдам беради¸ деган умидда.
Бугун Ўшдаги аксар ўзбеклар¸ халқаро комиссия адолат қарор топишига ëрдам беради¸ деган умидда.

Озодликка Бухоро шаҳридан қўнғироқ қилган Иброҳимбек июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган воқеаларни ўрганишга киришган халқаро комиссия тўқнашувга сабаб бўлган омилларни ўрганиш билангина чекланиб қолмаслиги лозимлигини айтади.


“Ўзбек қўрқоқ эмас, тузум қўрқоқ”


дейди фермерларнинг ҳокимлар томонидан калтакланиши ва ҳақорат қилиниши ҳолатларини ўз кўзи билан кўрган сариосиёлик 78 ёшли Ихлос бобо.

- Мана, фермерлар ҳокимнинг мажлисига боради. Ҳоким уларни истаганча ҳақорат қилади. Керак бўлса уради. Бизнинг қонунда “одамларни ҳақорат қилиш жиноят” дейилади. Ўша ерда прокурорнинг ўзи ҳам ўтиради-да: “Қонунда тақиқланган бу, сен буни ҳақорат қилма”, демайди. Фақат қараб ўтиради. Ўша ерда началник милиция ҳам ўтиради. Агар бир фермер: “Ака, мени сўкманг” деса, унга: “Буни олиб кет” деб буйруқ берилади.

Озодлик: Сиз қаердан биласиз буларни? Кўрдингизми, гувоҳи бўлдингизми ëки сизга айтиб беришдими?

- Бизда бўлаëтган мажлислар хоҳлаган жойда ўтирсангиз, объективний явлениеда бу. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди.

Озодлик: Шуни кўрдингизми, эшитдингизми?

- Мен ўша мажлисларда бўлганман-да. Битта нарса-да. Президент инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш декларациясини яхши билади. Унга гап йўқ. Лекин ҳокимият фермерларни истаганча ҳақорат қилади-да.

Озодлик: Фермерни уради, ҳақорат қилади, деяпсиз. Фермер шунчалик қўрқоқми? Урса ҳам, онасини ҳақорат қилса ҳам индамай тураверадими?

- Сизларда “Ўзбек қўрқоқми?” деган бир гап кўтарилди-ку. Энди ўзбек қўрқоқ эмас. Ўзбек қўрқоқ бўлмаган, қўрқмайди ҳам. Тузум қўрқоқ. Тузум шундай. Одамларни қўрқитиб бўлган.

Озодлик: Одамларнинг ўзида ҳам айб бўлса керак-да. Одамларнинг ўзида ҳам сал қўрқоқлик бўлса керак-да. Битта-иккита ҳақини талаб қиладиганлар чиқиши керак эмасми?

- Битта-иккита чиқаяпти. Мана мен сизга бир мисол айтай. Районнинг бош врачи ҳокимни қайтариб сўкди. Одамлар: “Энди врачнинг ақли йўқ-да”, дейди. Бу ерда битта нарса бор-да. Бизда жуда катта, кучли қонун бор-да, шу қонунга амал йўқ¸ дейди сариосиëлик 78 ёшли Ихлос бобо.


“Келиш бир бало, кетиш бир бало ”

дейди Уфа шаҳридан қўнғироқ қилган меҳнат муҳожири Санжар. Унинг айтишича, Қозоғистон темир йўлларида ўзбекистонлик йўловчилар таҳқирланяпти ва хўрланяпти:

- Энди уйга қайтишга тўғри келди. Қайта бошлаяпмиз секин-асталик билан. Муаммоларга учраган эдик поездда. Шунга ҳозир қайтишга ҳамма ўзбеклар ўйланиб ўтирибди. Нима қилсак экан? Поездда кетсакмикан ëки автобусдами? Кўп ўйланамиз-да.

Озодлик: Сизларни ўйлантирадиган нарса нима? Муаммо нимада?

- Ўйлантирадиган муаммо шу, нима деса бўлади, поездда кетишга юрак бетламаяпти.

Озодлик: Нимага?

- Ўтишда таможняларда муаммоларга дуч келамиз, "у ëққа-бу ëққа тур" дейди, пул талаб қилишади. Тамбурга: “Сен пул бермадинг, бу ëққа юр, менинг ортимдан юр” судраб олиб чиқишади. Судраб олиб чиқиб, нима деса дейишади. Ҳақорат қилишади, "сени тушириб олиб қоламан", дейишади.

Озодлик: Қайси давлат божхоначилари бундай қилади?

- Қозоғистон давлатиники¸ дейди Уфадан қўнғироқ қилган Санжар.


“Халқаро комиссияга таклифларим бор”

дейди Бухоро шаҳридан қўнғироқ қилган Иброҳимбек. У Қирғизистондаги июн ойида содир бўлган воқеаларни ўрганишга киришган халқаро комиссияга ўз таклифлари борлигини айтади:

- Комиссия аъзоларининг баъзиларининг гапидан маълум бўлишича, улар фақат июндаги бўлган жанжалларни келтириб чиқарган омилларнигина ўрганишмоқчи холос, тушунишимиз бўйича. Масаланинг иккинчи жиҳати ҳам борки, менимча¸ бу энг асосий нуқтаси бўлса керак, яъни у комиссия фақатгина тўполоннинг келиб чиқиш омилини ўрганиш билангина чекландиган бўлса, бу билан улар нимага эришмоқчи? Қирғизистоннинг ўзбекларини¸ умуман бошқа бир этник миллатларни нимага эриштирмоқчи? Унинг омилларидан ташқари ўша жиноятларга, ўша тўполонларга, ўша қирғинларга бевосита бош бўлган амалдорлар ëки қанақадир гуруҳлар бор-ку, тўғрими? Уларни ўрганиб, ишини тафтиш қилиб, жазолаш билан ким шуғулланмоқчи? Мана шу нарса ўйлантираяпти. Ҳозир бизларга маълум бўлишича, уйи куйиб, ўлдирилиб, дабдала бўлиб, умуман тор-мор қилинган ҳам ўзбеклар бўлаяпти. Яна қамалганлар ҳам ўзбеклар бўлаяпти. Ҳақ бўла туриб, куч ишлатар тузумларнинг қийноғидан қутқариб қолиш учун яна бор-йўғидан ажралганига қарамай пора бериб, ўзини қутқараëтганлар ҳам яна ўзбеклар бўлаяпти. Бу ишни ким ўрганади? Мана шу нарсага ҳам комиссия томонидан эътибор берилса, ëмон бўлмас эди¸ дейди бухоролик суҳбатдошимиз Иброҳимбек.


“Ҳарбий кийимлар ким учун тикилган эди?”

Ўш шаҳрида истиқомат қиладиган, исмини ошкор этишни истамаган тингловчи сўзларига кўра, Ўшдаги қонли воқеалар бошланишидан олдин хусусий чеварларга ҳарбий кийимлар тиктирилган. Тингловчи бу фактлар ҳам халқаро комиссия назаридан четда қолмаслигини илтимос қилади:

- Ўш шаҳридаги воқеаларда бизда областной болницанинг ëнида чевар бор эди. Ўша чеварга урушдан олдин: “Тезкор ҳолатда военний форма тикиш керак” деб бир қирғиз аëли заказ берган экан. Ўша чеварни биз ўша кундан кейин топа олмай қолдик. 400 тами, 500 тами военний форма тиктирган экан. Июннинг 4 гачами, 5 гачами заказ қилиб, срочний деган экан. Ўша военний формаларни тиктирган ва тиккан аëлни топиб, булардан яна ҳам ичига кириб далилларни топса бўлади, демоқчи эдим-да. Кимга керак бу военний формалар? Войскага эмас. Армияга деса, ўзининг тикадиган цехи бор. Махфий заказ берганда бу чеварга. Ўша воқеаларда буларнинг кўпчилиги военний формада бўлган. Шунга иложи бўлса, ҳақиқатни нима қилмасак, жуда хор бўлиб кетдик, ака. Далил жуда кўп эди. Улар компютери бор одамнинг уйига кириб олиб чиқиб кетишди. Кимнинг уйида компютер бўлса, олиб чиқиб кетишди.

Булар план билан иш қилган. Эскидан “шаҳарни ўзгартирамиз” деб миш-миш қилиб юрган эди булар. "Столицани Ўш шаҳрига кўчирамиз", деб юрган эди. Йўлни кенгайтириш плани бор эди. Ўша план бўйича ëқишди булар уйларни. Жуда қийин аҳвол қилиб қўйди булар. Ҳозир ҳокимиятда ўзбек қолмади. Ишлаëтган ўзбекнинг ҳаммасини ҳайдашди. Ўзи эскидан оз эдию, ҳозир яна ҳам ҳайдашни бошлашди¸ дейди ўшлик суҳбатдошимиз.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG