Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:34

Россия президенти Туркманистонда газ борасида музокара олиб боради


21 октябр куни Россия президентининг Туркманистонга икки кунлик ташрифи бошланади. Дмитрий Медведевнинг Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан сўзлашуви чоғида асосий мавзу, ҳар доимгидек, табиий газ масаласи бўлади.

Туркманистон ва Россия қарийб икки йилдан бери газ нархи борасида келиша олмаяпти.

Медведев охирги марта Туркманистонга ўтган йил декабрида келган пайтда Туркманистон ўз газини икки янги йўналиш бўйича, яъни, Хитой ва Эронга узата бошлаган эди.

Россиянинг Газпром ширкати яқинда Туркманистон қанча газ етказиб бера олса, шунча газ сотиб олишини айтган. Бироқ глобал иқтисодий бўҳрон юз берганидан сўнг газга бўлган талаб ҳам камайди. Ўз навбатида, бу газ нархининг тушишига сабаб бўлди.

Дмитрий Медведев Туркманистонга ташрифи чоғида газ таъминоти ва унинг нархини пасайтириш масаласини муҳокама этишни режалаган.

Энергетика тадқиқотлари бўйича Оксфорд институтининг Газ дастури раҳбари Жонатан Стерн Озодлик мухбири билан суҳбатда бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

- Улар (яъни, Газпром ширкати - таҳр.) бошқалардан газ сотиб олиши керак эмас. Муаммолардан бири шундан иборатки, ҳозирда Газпром Россиядаги бошқа ширкатлардан арзонроқ нархда газ сотиб олиш имкониятига эга. Бироқ Газпром Туркманистондан газ сотиб олиш тўғрисида аввал шартнома имзолаган ва ҳозир бу келишувни бажариш учун пул сарфлашни хоҳламаяпти. Уларнинг муаммоси Марказий Осиё давлатлари билан шартномалар имзолаган. Бу келгусида албатта керак бўлиши мумкин. Аммо ҳозир газ керагидан ортиқ бўлгани, талаб эса кўпаймаётгани учун, уларга ортиқча газ керак эмас, - дейди британиялик таҳлилчи.

Дмитрий Медведев охирги марта 2009 йил декабр ойида Ашхободга борганда икки давлат ўртасидаги муносабат анча совиган эди. Бунга 2007 – 2008 йилда газ нархи пасайиб кетгани сабаб бўлди.

Дунё бозорида газ нархи пасайганида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон билан қайта сўзлашувлар олиб бориб, нархларни ўзгартириш борасида келишиб олган. Аммо дунёда энг кўп газ заҳирасига эга бўлган тўртинчи давлат экани билан мақтанишни ёқтирган, ўз газининг 90 фоизини фақат Россияга сотаётган Туркманистон Москвадан газ учун “Европа нархлари”да ҳақ тўлашни талаб қилган.

2009 йил апрелига газ қувурининг ёпиб қўйилгани оқибатида Туркманистоннинг асосий экспорт қувурида портлаш юз берди. Туркманистон портлаш оқибатида хорижга газ экспорти тўхтаб қолганидан ҳар ойда бир миллиард доллар зарар кўрилаётгани учун Россияни айблади.

Медведевнинг охирги ташрифи чоғида Хитой ва Эронга янги қувур орқали газ экспорт қила бошлаш орқали Туркманистон Россияга қарамлигини камайтирди. Айни пайтда Ашхобод расмийлари газ экспорти борасида ўз мавқеини мустаҳкамлади.

Россия хорижга катта миқдорда газ экспорт қилиш учун етарлича газ заҳирасига эга. Аммо уларни ўзлаштириш ва янги инфратузилма барпо этиш учун катта маблағ ва кўп вақт сарфлаш керак бўлади.
XS
SM
MD
LG