Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:56

WikiLeaks Ироқ урушига оид яна минглаб махфий ҳужжатни ошкор қилди


WikiLeaks интернет сайтида ёйинланган ҳужжатларда уруш чоғида Ироқ полицияси ва аскарлари маҳбусларни қийноқларга солгани ва хўрлагани, бундан хабардор бўлган Америка ҳарбийлари текширув ўтказмагани акс этган.

WikiLeaks интернет сайти АҚШ ҳарбийларининг Ироқ урушига оид салкам 400 мингта махфий ҳужжатини ўз сайтида оммага ошкор қилди.

Бу АҚШ тарихида шунчалик катта миқдордаги ҳарбий сирнинг илк бор ошкор бўлишидир.

WikiLeaks 22 октябр куни ўз сайтига қўйишидан олдин айрим ахборот агентликларига йўллаган махфий ҳужжатларда Ироқ кучлари томонидан маҳбусларнинг қийноқларга солиниши ва хўрлангани тафсилотлари акс этган. Буни билган АҚШ ҳарбийлари текширув ўтказмагани билдирилган.

Оммага ошкор қилинган махфий ҳужжатлар орасида зўрлаш ва қотиллик воқеалари, жумладан, қўлга олинган шахснинг Ироқ аскарлари томонидан қатл этилишини акс эттирган видеотасвирлар ҳам бор.

WikiLeaks интернет сайти асосчиси Жулиан Эссенж асосан 2004 – 2010 йиллардаги воқеаларини қамровига олган ҳужжатларда уруш жиноятларига оид далиллар борлигини айтди.

23 октябр куни Лондонда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Эссенж WikiLeaks махфий ҳужжатларни ўз сайти орқали оммага ошкор этишидан мақсад Ироқ уруши ҳақидаги ҳақиқатни кўрсатишдан иборат эканини айтди.

- Ўша материалда, 109 минг одам ўлгани ҳужжатлаштирилган. Ичкарида эса тинч аҳолидан 66 минг киши ўлгани эълон қилинган. Биз Iraq Body Count сайти билан ҳамкорликда ишлаш орқали Ироқдаги зўравонликлар пайтида тинч аҳолидан тахминан 15 минг одамнинг ўлими аввал ҳужжатлаштирилмагани ёки маълум қилинмаганини кўрдик, - деди Жулиан Эссенж.

Бу маълумотлар ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслиги ҳозирча исботлангани йўқ. Шунга қарамай, ҳозирнинг ўзида АҚШ расмийлар бунга кескин муносабат билдирди.

Хусусан, АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Wikileaks сайти орқали махфий ҳужжатлар оммага ошкор қилинганини кескин қоралади. Клинтон WikiLeaks махфий ҳужжатларни ўз сайтида эълон қилиш орқали АҚШ қўшинлари ҳамда 300 нафар ироқлик ҳамкорнинг ҳаётини хавф остига қўйганини айтди.

- Биз ҳар қандай махфий маълумотлар шахслар ва ташкилотлар томонидан оммага ошкор этилишини кескин қоралашимиз керак. Бу АҚШ ва ҳамкор давлатлар ҳарбийлари, шунингдек, фуқаролар ҳаётини таҳлика остига қўяди, - деди Ҳиллари Клинтон.

Ундан олдин Пентагон ҳам махфий ҳужжатларнинг ошкор этилиши АҚШ аскарлари ва ироқлик ҳамкорлар ҳаётини хавф остига қўйиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Бироқ матбуот анжуманида WikiLeaks вакили махфий маълумотлар цензурадан ўтказилган кўринишда эълон қилинганини ва у ҳеч кимга зарар етказмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, Жулиан Эссенж оммага ошкор қилинган ҳужжатлар “катта сиёсий таъсирга эга бўлиши”га умид қилаётганини айтди.

Сўнгги йилларда Ироқ уруши АҚШ жамоатчилиги томонидан муҳокама қилинмай қўйилди. АҚШда Ироқ урушининг ўрнини Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар мавзуси эгаллади. Оммага ошкор қилинган махфий ҳужжатлар АҚШда Ироқдаги таҳқирлар борасидаги бахсларни қайта жонлантириши мумкинлиги айтилмоқда.

Эссенж эълон қилинган махфий ҳужжатлар ноқонуний хатти-ҳаракатлар ва содир этилган қотилликлар бўйича ўнлаб жиноий иш очиш учун етарли материалларга эга эканини айтди.

Айни пайтда махфий ҳужжатларнинг интернет сайти орқали оммага ошкор қилинганини Ироқ ҳукумати бош вазир Нурий Ал-Маликийни обрўсизлантириш йўлида унинг рақиблари томонидан амалга оширилган уриниш, дея бахолади.
XS
SM
MD
LG