Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:51

Ўзбекистонликлар тобора дори қулига айланмоқда


Доктор Ойдин Солиҳ фикрича¸ бугун дорихоналарда даво деб сотилаëтган кимëвий дориларнинг барчаси¸ аслида инсон иммун тизими учун оғудир.
Доктор Ойдин Солиҳ фикрича¸ бугун дорихоналарда даво деб сотилаëтган кимëвий дориларнинг барчаси¸ аслида инсон иммун тизими учун оғудир.

Ўзбекистонликларнинг кун сайин кўпроқ дори истеъмол қилаëтгани фармацевтика ширкатлари ва улар ҳомийлари тувагини тиллага айлантирмоқда. Фармацевтика ширкатлари учун хушхабар бўлган бу тамойил¸ халқ табобати этагини маҳкам тутганлар назарида¸ Ўзбекистон халқи¸ хусусан унинг келажак авлодлари саломатлиги учун ўта хатарли бир жараëн ифодасидир.


Маркази Лондонда жойлашган Business Monitor International ахборот ва таҳлил марказига кўра¸ Ўзбекистондаги дори-дармон бозори йилига 10¸37 фоизда ўсишда давом этмоқда ва 2014 йилга бориб ундаги савдо айланмаси 519 миллион долларга етади.

Жорий йил августида Ўзбекистондаги фармацевтика бозоридаги тамойилларга оид навбатдаги прогнозини эълон қилган Business Monitor International (BMI) куни-кеча айни башоратини яна бир бор тасдиқлади.

Унга кўра¸ ҳозирда аҳолиси 30 миллионга етай деб қолган Ўзбекистон жаҳон фармацевтика ширкатлари учун мўмай даромад ваъда қилаëтган ўзига хос олтик конига айланмоқда.

Ўзбекистонликлар фармацевтика саноати бангисига айланмоқда

Business Monitor International ахборот ва таҳлил маркази тадқиқотчиси Jamnie Daviesнинг Озодликка содда қилиб тушунтиришича¸ бундай катта суръатдаги ўсиш¸ ўзбекистонликларнинг борган сари кўпроқ дори истеъмол қилаëтгани оқибатидир.

- Бу рақамлар Ўзбекистонда истеъмол қилинаëтган фармацевтика маҳсулотлари қимматидир. Бунга ўзбекистонликларнинг ҳам врач рецепти¸ ҳам рецептсиз сотиб олаëтган дори-дармонлари киради¸ дейди BMI таҳлилчиси.

Биолог олима¸ “Ҳақиқий тиббиëт” деб номланган китоб муаллифи Ойдин Солиҳ¸ ўзбекистонликларнинг бу қадар дори-дармонга ружуъ қўйиб бораëтганини “Америка мўъжизаси”¸ “Ғарб мўъжизаси” деган руҳий феномен билан изоҳлайди.

- Ўзбекистонликлар дунëга эндигина очилмоқда¸ уларнинг “Темир парда” орқасидан чиққанига кўп ҳам бўлмади. Шунинг учун улар ҳалигача Европадан¸ Америкадан келган ҳамма нарсага дарддан халос қилувчи мўъжиза деб қарайдилар. Американинг дориси¸ десангиз исталган нарсани талашиб-тортишиб истеъмол қилишади. Бир кун келиб¸ ўзбекистонликлар ҳам Ғарб маркаси билан сотилаëтган дориларнинг мўъжиза эмас¸ балки фалокат эканини тушуниб етар. Аммо унда кеч бўлган бўлишидан қўрқаман¸ дейди замонавий медицинани инсон саломатлигига кони зиëн деб талқин қилувчи “Ҳақиқий тиббиëт” китоби муаллифи Ойдин Солиҳ.

Дорихонадаги топишмоқ: асли қайсию нусхаси қайси?

Ўзбекистонда фармацевтика бозори ҳам асосан давлат қўлида ва мамлакатда қанақа дори-дармон ишлаб чиқарилишидан то Ўзбекистон ҳудудига қайси дорининг қанча миқдорда киришига қадар Узфармсаноат давлат концерни назорат қилади. Айни пайтда¸ Ўзбекистон дорихоналарида Ғарбдан кириб келаëтган қиммат дорилар баробарида нолегал усулда яширин лабороторияларда ишлаб чиқарилаëтган дорилар ëнма-ëн қўйиб¸ очиқ сотилмоқда.

Аммо Ўзбекистон каби давлатлар дорихоналаридаги қайси дорининг асл экани¸ қайсисининг айнан ноқонуний ишланган нусха эканини улар нархидан билса бўлади¸ дейди BMI тадқиқотчиси.

- Айрим ҳолларда¸ асл дори билан нусхаси нархи ўртасидаги фарқ 10 мартагача боради. Агар мен битта аспирин сўрасамда¸ дорихоначи менга нархи бир-биридан 10 марта фарқли икки хил аспиринни таклиф қилса¸ очиғи уларнинг иккаласини ҳам олмай чиқиб кетаман. Ўзбекистон фармацевтика бозорининг қалтис жиҳатларидан бири ҳам шудир¸ дейди британиялик Jamnie Davies.


Асли нусхасидан-да қўрқинчлироқ!

Доктор Ойдин Солиҳ эса¸ Ўзбекистон дорихоналарида сотилаëтган дорилар аслию нусхасининг бирдек зарарлилиги¸ айниқса сўнгги технологиялар ëрдамида Ғарб ширкатлари ишлаб чиқарган янги дориларнинг инсон саломатлиги учун хавфлироқ эканидан огоҳлантиради.

- Янги дориларнинг барчаси бирдек инсон иммун тизимини бостиради. Саратон ва ОИТС каби бедаво дардлар айнан иммун тизимининг сурункали тарзда бостирилгани оқибатидир. Аспирин дейсизми¸ ҳар хил антибиотиклар¸ сунъий гормонлардан қилинган дорилару витаминларнинг бари инсон иммун тизимига қарши шавқатсиз хуруж ва унинг оқибатлари бир кунда эмас¸ бора-ора ўзини намоëн этади.

Дори бир жойимизни тузатса¸ бошқасини бузади¸ деган гапни айтгувчилар кўп. Аммо одамлар фармацевтика саноати чиқараëтган бирорта дори инсоннинг бирор жойини тузатмаслиги¸ аксинча унинг бутун системасини бузишга қаратилганини билишлари лозим¸ дейди ҳозирда Туркияда ўз таъбири билан айтганда “ҳақиқий табобат”¸ яъни гиëҳлар билан даволаш бўйича бир неча муолажахона юрғизаëтган Доктор Ойдин Солиҳ.

Асли биолог олиманинг тушунтиришича¸ барчаси био ва нанотехнология асосида ишлаб чиқарилаëтган бугунги дорилар таркибидаги ДНК зарралари тобора майдалашиб¸ тобора ҳаракатчан бўлиб бормоқда ва шу билан уларнинг инсон генларини емириш жараëни ҳам тобора тезлашмоқда.

Дардни берган давосини ҳам берган....

Бугун аксар ўзбекистонликлар¸ Ойдин Солиҳ каби табиблар огоҳлантиришига қарамай¸ замонавий фармацевтика бозорининг доимий мижози¸ янаям аниқроғи бангисига айланиб улгурган. Абу Али Ибн Синони туғдирган бу юрт аҳлининг кўпи бугун кимëвий дориларсиз нормал яшаш мумкинлигига ишонмай ҳам қўйган – уйдан бир қадам ташқарига чиқаркан¸ бугун ўзбекистонликларнинг кўпчилиги биринчи галда сафар халтасига бир уюм дори солишни канда қилмай қўйган.

Айни шу жараëн¸ Ўзбекистон фармацевтика бозорини Евроосиëда мисли йўқ тарзда каттайтирмоқда¸ дори чиқараëтгану уни сотаëтганлар бойлигига бойлик қўшмоқда. Бугун худди героинга ўтирган каби дорисиз яшолмай қолган ўзбекистонликлар дардларига даво топиш учун дорихоналардаги кимëвий дориларни қўйиб¸ қайга бош уришлари лозим?

- Бунинг йўли жуда осон. Одамлар ичаëтган сувининг тозалигига қарасин¸ ўз ерида¸ айни мавсумда кимëвий ўғитларсиз етиштирилган маҳсулотларни истеъмол қилсин. Энг муҳими эса¸ кам есин¸ ҳафтада бир кун рўза тутсин. Шунда дорига эҳтиëж бўлмайди ҳисоб.

Дардга чалинганларга ҳам айни шу маслаҳат.Касаллар¸ ружуъ қўйганлари дорини истеъмол қилишни камайтириб бориб¸ уни секин-аста тўхтатсинлар ва овқат миқдорини ҳам камайтирсинлар. Оз есинлар¸ лекин тоза маҳсулотларни есинлар. Дейлик¸ қандли диабет каби оғир дардга чалинганлар¸ бирдан бир кунлик очликка ўтмасинлар. Ярим кундан бошлаб¸ секин-аста очлик кунларини кўпайтирсинлар. Дунëдаги аксар дардни очлик билан даволаш мумкин¸ дейди йиллардан бери ҳар хил касалга чалинганларни ўзи айтган усулда даволаб келаëтган Доктор Ойдин Солиҳ.

Ўзбекистонликлар Ибн Синодан қолган бу маслаҳатга кира бошлаган кун¸ фармацевтика саноати учун қора даврнинг бошланиши¸ халқаро таҳлилчилар башоратининг ўсишдан чўкишга томон ўзгаришини англатиши табиий.

Гап ярим миллард долларлик бозор¸ аниқроғи бу бозор мижозларини қўлдан бой бермаслик устида борар экан¸ фармацевтика саноатининг ҳам ўз қурбонларини осонликча бериб қўймаслигини кутиш мумкин. Ўзбекистон шаҳар-қишлоқлари кўчаларию¸ телеканаллардан тинимсиз жилмайиб турган “мўъжизакор” дорилар рекламаси бу жабҳадаги мужодаланинг енгилмас жанггарилари бўлса¸ ажаб эмас...
XS
SM
MD
LG