“Фарғона.ру” интернет нашрига кўра, бу фуқароларнинг ҳужжатлари вақтинча олиб қўйилган, яшашларига жой, овқатланишга пули йўқ.
Жобир Турсунов шундайларнинг бири. Жобир Нижний Новгородда икки йил ишлагани, аммо Навоийдаги уйига Саратов-Тошкент поездида кетаётганида Аксарайск чегара пунктида рус чегарачилари тарафидан туширилиб, Астрахан Ички ишлар бўлимига олиб борилган.
Милиция унинг ва ёнидагиларнинг паспортларини ҳеч қандай акт тузмасдан олиб қолиб, у ва дўстлари устидан очилган жиноят иши уч ойдан кейин ўрганиб чиқилишини айтган ва қўйиб юборган.
Масалани тезроқ кўриб чиқиш бўйича муҳожирларнинг илтимосини милиция жавобсиз қолдирган.
Астраханда яшовчи ўзбекистонлик муҳожир Озод аканинг айтишича, Россияда икки йиллаб, уч йиллаб қолиб кетадиган ўзбекистонликлар чегарани кесиб ўтгани ҳақидаги муҳрни паспортларига пулга бостириб олишади. Бунинг оқибатида улар сохтакорлар қўлига тушиб қолишлари ҳеч гап эмас.
- Бу ерда ҳамма нарса пул билан бажарилади. Паспортдаги печат сохта дегани ҳеч нарса эмас.
Озодлик: Бу муҳр нима учун керак ўзи?
- Бу ерга кирган вақтингизда тўртбурчак муҳр босиб беради. Иммиграционний карточкасини беради бу ерда вақтинча пропискага ўтишингиз учун. Уч-тўрт кун ичида бу ерга пропискага ўтишингиз керак. Осмондан учиб кирмагандир улар. Бирор жойдан кирган бўлса керак. Россияга кирганда чегарачилар печат босади.
Озодлик: Чегарада қўйиладиган печатларни сохталаштириш бўйича нималар маълум?
- Энди билмадим. Мана масалан¸ мен баҳорда келсам, бир йилга прописка оламан. Аксарайск охирги чегара пункти.
Озодлик: Сохталаштириш қанақа бўлади?
- Агар у бу ерда бир-икки йил қолган бўлса, пул орқали таниш-билиши топган бўлади. Чегарачига озроқ пул берса, у босиб бераверади. Иммиграционний карта уларнинг чўнтагида юради. Ëзиб, печат босиб бераверади. Пулингиз бўлса, қилиб берадиганлар кўп. Пул керак, дейди Озод ака.
Сохта муҳрлар, паспортларга босилган сохта муҳрлар боис ўзбек муҳожирлари Россияда сарсон бўлмоқда. Кўп муддат Россияда қолиб кетаётган ўзбек муҳожирлари паспортида бундай сохта муҳрлар қандай пайдо бўлмоқда? Бугун ана шу савол жавобини топишга ҳаракат қиламиз.
Москванинг Қозон вокзали
Ўзбекистондан поездлар ана шу вокзалга келади. Россияга келаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари мамлакатда кўпроқ муддат қолиш учун паспортига чегарани кесиб ўтганини тасдиқловчи муҳрни ҳар уч ойда янгилаб туришлари керак. Бунинг учун улар ҳар уч ойда Россия чегарасидан чиқиб қайта киришади ва буни паспортларига қайд қилдириб келишади. Айримлар буни чегарага бормай, вокзалнинг ўзида ҳал қилишади. Паспортларига сохта муҳр урдиришади. Ана шундай хизматни таклиф этувчилар сўнгги пайтларда Москвада кўпайди. Улардан бири билан суҳбатлашдик.
- Мен вокзалда иш қиламан. Печат босамиз паспортга.
Озодлик: Қанақа бўлади бу? Қонунийми ëки ноқонунийми?
- Сохтаси ҳам бор, қонунийи ҳам бор. Қонунийси 3000 сўм.
Озодлик: Ноқонунийичи?
- 300 сўмлиги бор ëнмайди, 500 сўмлиги бор ëнади.
Озодлик: Ëнади, ëнмайди дегани нима дегани?
- Печат ëнмайди. Ултрафиолетга қўйса, ëнмайди. Печатини кўрса, ëнмайдиган бўлса, пул олади. 500 сўмлиги ëнадиган, ялтираб туради.
Озодлик: Қонуний муҳрни ким босиб беради?
- Қонунийси бу ерда босилмайди. Уни бериб юборамиз.
Озодлик: Ноқонунийничи?
- Келсангиз, уни сразу босиб бераман.
Озодлик: Ноқонунийнинг печати ўзларингизнинг қўлларингиздами?
- Сохта печат ўзимизда. Тозаси границада бўлади.
Озодлик: Сохта билан ҳақиқийсининг қанақа фарқи бор?
- 300 сўмликнинг сохталиги билиниб турадида. 500 сўмлиги ҳақиқийга ўхшаган бўлади. 3000ликка ўхшаб кетади, ëнади.
Озодлик: Ҳақиқий деб айтаëтганингиз қанчада тайëр бўлади?
- Бир ҳафтада тайëр бўлади. Бугун берсангиз, бир ҳафтадан кейин оласиз, дейди Москвада паспортларига сохта муҳр урдириш хизматини таклиф этувчилардан бири.
Ўзбек муҳожирлари Россия чегарасини кесиб ўтар эканлар уларнинг паспортларига чегара хизматчилари мамлакатга кирганини тасдиқловчи муҳрни босишади. Бу муҳр билан улар уч ойгача Россияда қолишлари мумкин. Агар иш топишса¸ иш берувчи тарафидан бу муддат узайтирилиши керак. Иш тополмай ёлланма бўлиб ишловчилар ҳар уч ойда муҳрни янгилаб туришади. Москада такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Азамат паспортига муҳр бостириш учун ҳар уч ойда Украинага чиқиб келади.
- Мен Украинага бориб келаман.
Озодлик: Ҳар уч ойда Украинага бориб келасизми?
- Ҳа. Энди тез кунларда ¸Худо хоҳласа¸ Туркияга бориб келмоқчиман печат учун. Кирди-чиқди қилишим керак.
Озодлик: Туркия узоқ эмасми?
- Зато эрталаб кетасиз, кечқурун уйда бўласиз. Украинага поездда бориб келиш керак. Туркияга самолëтда бориб келаман, дейди Азамат.
Украинага боришга қурби етмайдиганлар сохта муҳр бостиришади, дейди Москвада қоровул бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Бахтиёр. Унга кўра, паспортларига сохта муҳрларни бостирган кўплаб ҳамюртлари жаримага тортилиб, мамлакатдан депортация қилинмоқда.
- “Регистрация қилиб берамиз. Разрешение на работу қилиб берамиз” дейдиганлар кўп. Россиянинг ФМСлари ҳам ўзи шуларнинг орқасидан юрибди. Бу нарсани чет элликлар учун фақат ФМС қилиб беради.
Озодлик: Сохтакорларнинг қўлига тушган ўзбекларни кўрганмисиз?
- Сохта печат учун аэропортда 2000 рубл штраф қилган эди. Кассага тўлатган эди бир болага. 2000 рубл кассага тўлаган. Кейин сохта печатнинг устига аннулирован деб печат урган. Шу билан чегарадан чиқариб юборган, дейди Бахтиëр.
Сохта муҳрлар боис ўзбек муҳожирлари чегарада ушланиб, депорт қилинаётганини Москвада ҳайдовчи бўлиб ишлаётган Азамат ҳам тасдиқлайди.
- Агар сохта печат билан ушлашса, штраф қилиб депорт қилишаяпти. Ë паспорт алмаштириб келиш керак ëки келмаслик керак, дейди Азамат.
Бахтиёрнинг ўзи давлат ишида ишлаётгани, шунинг учун у иш берувчи ёрдамида ҳар йил Россияда бўлиш муддатини узайтириб туради.
- Бизнинг ишимиз давлатнинг иши. Бизга ҳамма нарсасини давлатнинг ўзи қилиб беради. Россия қонунчилиги бўйича нима талаб қилинса, ўшани қилиб беради. Бу уч ойликлар частний фирмада ишласа керакда.
Озодлик: Сиз қандай олгансиз?
- Ўзимизнинг фирманинг ФМСга борадиган вакили бор. Шунга берамиз бор ҳужжатларни. Ўзи бориб “Бизда шу ишчи ишлайди” деб тўғирлаб келади. Бир йилга қилиб беради. Олдин уч ойга қилади, разрешение на работу олгандан кейин 9 ойга қилади. Шу билан бир йил бўлади. Бир йилдан кейин бир ой отпуска беради. Отпускадан келгандан кейин яна бир йилга қилиб беради.
Озодлик: Бошқалар нимага бу ишни қилмайди?
- Ишлайдиган фирмасига қарабда. Кўп одам таксичилик қилади, кўп одам частний фирмада ишлайди. Частний фирма документини бўйнига олмайди. “Ўзингда документ бўлса, ишга оламан” дейди. Разрешение на работусиз уч ой юриш мумкин.
Озодлик: Уч ой ўтгандан кейин нима қилиш керак?
- Границага чиқиб келиш керак. Россиядан чиқиб қайтадан кириш керак, дейди Бахтиëр.
Лекин, иш топа олмаётганлар учун Россияда бир йиллик муддатга қолиш учун рухсатнома олиш мушкулотларга тўла. Москвадаги "Мемориал" ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, айнан ана шундайлар Россияда кўпроқ қолиш учун паспортларига сохта муҳрлар бостиришади.
- Қалбаки печатни уриб беришади. Қалбаки печатни осонликча билиб бўлмайди. Кейин миграция картаси сотиб олинади 100 рублга. Кейин рўйхатдан ўтилади. Рўйхат қонуний бўлади, кирди-чиқди ноқонуний бўлади. Компютерларда бу ҳамма нарсалар ëзилади. Чегарачилар уни рўйхатга олади. Муҳрларни сохта қилгани билан инсонлар чегарадан ичкаридаю барибир. Чегарадан кирганда у единий рўйхатга тушади. Миграцион службалар паспортни текширганда, унда дата бўлади. Датани шундай урганда, фамилиялар чиқади. Россиянинг ичида ҳамма нарса қилинаяпти. Кирди-чиқди қилиб бемалол юрибди одамлар. Қалбаки муҳрланган паспортлар жойида рўйхатга олинади ва бир неча йилга депортация қилиш ҳуқуқи бериб қўйилган. Масалан қўлингизда билет бўлиб аэропортдан учиб кетаëтганингизда чегарачилар кўришадию. Муҳрлар қалбаки бўлса, шу жойда 2000 рубл штраф солинади. Энди ҳозир булар жиддийроқ чоралар кўришга ҳаракат қилади.
Озодлик: Узоқ муддат ишлашга бораëтганлар нима учун сохта йўлларни танлашаяпти?
- Биринчидан, пул масаласи. Яшашнинг қимматлиги, ўз вақтида маошини ололмаслиги, ҳужжатларни расмийлаштиришнинг қиммат эканлиги – ҳамма буни қила олмайди. Қонуний бировнинг уйидан рўйхатдан ўтиш керак. Ëтоқхоналардан ўтиш мумкин, фақат жуда қиммат. Ҳамманинг ҳам таниши бормаску бу ерда, дейди Баҳром Ҳамроев.
Россияда сохта мухрлар билан қанча одам чегарада қайд этилгани борасида аниқ рақамлар йўқ. Бу ҳақда Россия чегара хизмати расмийлари ҳам аниқ рақамни келтириша олишмади.
- Ҳужжатларни қалбакилаштириш учун қандай жазо бўлиши маълум. Лекин, менда бу билан боғлиқ статистика йўқ, деди Россия чегара хизмати ходими.
Россия Миграция хизматидагилар эса сохта муҳрлар борлигини умуман рад этишди.
Бунақа муҳрларни чегарадан бошқа жойда бостириша олишмайди, дейди Россия Миграция хизмати ходимларидан бири.
- Визасиз тартиб қўлланиладиган мамлакат фуқаролари Россия чегарасини кесиб ўтар эканлар уларнинг паспортларига чегара ҳизматчилари мамлакатга кирганини тасдиқловчи муҳрни босишади. Бу муҳр билан улар уч кун ичида рўйхатдан ўтишлари ва уч ойгача Россияда қолишлари мумкин. Агар иш топишса¸ иш берувчи тарафидан бу муддат узайтирилиши мумкин, деди Россия миграция хизмати ходими.
Россия Федерал Миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 2 миллионга яқин. Аммо нодавлат ташкилотлари Россиядаги ўзбек муҳожирларининг сони бундан анча кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтишади.