Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Тожикистонда Худойбердиев гуруҳи аъзолари қамалди


Тожикистонда исёнкор полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзо бўлган шахслар ҳали ҳам таъқиб қилинмоқда.
Тожикистонда исёнкор полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзо бўлган шахслар ҳали ҳам таъқиб қилинмоқда.

Қўрғонтепа шаҳар суди Мансур Нуров 13 йилга, Шавкат Жўраевни 15 йилга озодликдан маҳрум этди. Хатлон вилоят суди эса шаҳритуслик Алишер Мавлоновни 15 йилга қамади. Улар ноқонуний қуролли гуруҳ тузганлик ва давлат тўнтариш уюштиришга уринганликда айбланган.

Прокурорлар иддаосига кўра, сўнгги бир неча йил давомида чет элда яшаган бу шахслар 90-йиллар бошида исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев бошлиқ Қўрғонтепадаги бригадада хизмат қилган, 1998 йил ноябрида эса Сўғд вилоятидаги давлат тўнтаришга уриниш амалиётида қатнашган.

Ортда қолган ҳафта сўнгида Қўрғонтепа шаҳрида ўтказилган суд жараёнига раислик қилган Ражабали Воҳидов суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмагани важидан мазкур иш бўйича Озодликка гапиришдан тийилишини айтди.

Айни пайтда Мансур Нуровнинг адвокати Саиджаббор Алиев суд ҳукми билан рози эмаслигини маълум қилди.

Оқловчи ўз ҳимоясида бўлган шахснинг айбсизлиги ҳақида қатор асосланган далилларга эгалигини айтди.

- Биринчидан, Мансур Нуров Маҳмуд Худойбердиев ҳарбий отрядида атиги ўн уч кун хизмат қилган. 1998 йилги Сўғд воқеаларда ҳам у бошқа аскарлар билан Шаҳритус туманигача бориб, яна ортга - Қўрғонтепага қайтган. Ўзбекистонга ҳам бормаган. 2006 йилгача шу Қўрғонтепада яшаган ва кейинчалик Россияга ишлаш учун кетган, - дейди адвокат.

Алиевга кўра, унинг ҳимоясидаги Мансур Нуров сўнгги тўрт йил давомида Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган ва шу йил ватанига қайтгач, миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

- Агар Мансур Нуров ҳақиқатан ҳам “Маҳмуднинг одами” экан, нега у 2006 йилгача ҳибсга олинмади? Ваҳоланки, шу вақтгача у Қўрғонтепада яшаган ва буни ҳамма ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари биларди, - дейди Саиджаббор Алиев.

Адвокат Алиев Мансур Нуров ва Шавкат Жўраев 1998 йилги Жиноят кодекси асосида судланганидан норозилик билдирди.

- У 1997 йил содир этган жиноятлари учун айбланар экан, Тожикистоннинг нисбатан енгилроқ жазо тайинланган 1961 йилги Жиноят кодекси асосида жавобгарликка тортилиши лозим эди, - дейди оқловчи Алиев.

Бироқ Хатлон вилоят прокурорлари Маҳмуд Худойбердиев ноқонуний гуруҳи аъзолари сўнгuи бир неча йил Россия ва Ўзбекистонда яшириниб келганини ва мамлакатда тинчлик ўрнатилгач, ватанига қайтганларини даъво қилмоқдалар.

Хатлон вилоят прокуратураси терговчиси Баҳром Шомиров Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзолик айби билан 15 йилга қамалган шаҳритуслик Алишер Мавлонов шулардан бири эканини айтади.

Ундаги маълумотларга кўра, сўнгги 12 йил бадалида қидирувда бўлган Алишер Мавлонов иқтидордаги ҳукумат фойдасига якунланган Сўғд воқеаларидан сўнг Худойбердиев бошлиқ бошқа аскарлар билан Ўзбекистонга қочиб ўтган ва қўлга олингунга қадар ўша ерда яшаган.

- Мавлонов Алишер Элмуродович 1997 йили Маҳмуд Худойбердиев бошлиқ ҳарбий отрядга ихтиёрий равишда аъзо бўлиб кирган. Айнан ўша йилларда ноқонуний гуруҳ тузиш ва бу гуруҳга ёшларни жалб этиш билан шуғулланган. 1997 йили у Шаҳритус туманининг Холматов қишлоқ кенгаши фуқаролари бўлган 12 кишини мажбуран бу гуруҳга аъзо қилган. Аксарияти ўзбек миллатига мансуб ёшлардан тузилган ноқонуний гуруҳ Шаҳритус туманининг Пахтаобод қишлоқ кенгашида ноқонуний пост ташкил қилиб, ҳукумат кучларига қарши жанг қилган. Кейинчалик у Хўжанд воқеаларида қатнашган. Аммо ҳукумат кучларига енгилгач, Ўзбекистонга қочиб ўтган, - деди Хатлон вилоят прокуратураси терговчиси Баҳром Шомиров.

Унинг айтишича, Алишер Мавлонов таъсири остида Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзо бўлиб кирган 12 нафар шахсга нисбатан очилган жиноят иши эса ёпилган. Чунки, Шомировга кўра, булар ўз ихтиёрига зид равишда мазкур гуруҳга аъзо бўлишган.

- Яъни бу ёшлар ҳаракатларида жиноят кузатилмайди. Чунки Маҳмуд Худойбердиев ҳукуматга қарши ҳужумга ўтгач, бу 12 нафар Шаҳритус туманидан ортга қайтиб, қуролларини топширган, - деди Шомиров.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан буён Хатлон вилоятида бундан ташқари яна 9 нафар фуқаро Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзолик айби билан узоқ йилларга қамалган эди.
XS
SM
MD
LG