Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:27

"Ўзбекистоннинг ташқи нефтга қарам бўлиши фожиа эмас"


Таҳлилчи Владимир Парамонов Ўзбекистондаги бензин тақчиллигини ҳам мамлакат ички эҳтиёжининг ортгани ва тараққиёт билан боғламоқда.
Таҳлилчи Владимир Парамонов Ўзбекистондаги бензин тақчиллигини ҳам мамлакат ички эҳтиёжининг ортгани ва тараққиёт билан боғламоқда.

Ўзбекистон 2011 йилга бориб 4,2 миллион тонна нефтни импорт қилишга мажбур бўлади. Бу гап Марказий Осиë аналитик гуруҳи эълон қилган ҳисобот мазмунини белгилади. Озодлик радиоси ҳисобот муаллифларидан бири Владимир Парамоновга бу борада бир неча савол билан мурожаат қилди.

Озодлик: Ўзбекистон учун нефт сотувчи эмас, балки нефт олувчи бўлиш, яъни нефт импортëри бўлиш нимани билдиради?

Парамонов: Бунинг ҳеч бир ëмон ëки таҳликали тарафи йўқ. Бу дегани Ўзбекистон ривожланмоқда¸ дегани. Демак, саноат ва аҳолининг нефтга бўлган эҳтиëжи ортаяпти. Нефтни қайта ишлаш заводлари бор қувват билан ишлаши лозим. Боз устига, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам нефт бор, нефт ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш борасида эса узоққа мўлжалланган режалар бор.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда йилига тахминан 7 миллион тоннадан нефт ишлаб чиқарилди. Бу рақам импорт қилиниши зарур бўлган нефт ҳажмидан анча катта. Аммо ватанимизда ишлаб чиқариладиган нефт иқтисод ва аҳолининг шитоб билан ўсаëтган эҳтиëжларини қоплай олмаяпти. Демак, нефтни импорт қилиш лозим.

Бу нормал бир жараëн. Бу жараëн республика иқтисоди¸ хусусан, саноат ва қишлоқ хўжалигининг сифат жиҳатдан ўсаëтганидан даракдир.

Озодлик: Нега кейинги пайтларда Ўзбекистонда тез-тез бензин тақчил бўлиб қолмоқда?

Парамонов:
Бу саволга жавоб беришим мушкул¸ чунки бир неча ҳафтадан буён Европа сафаридаман.

Ўзи бундай муаммо бўлмаслиги керак, деган манзара кўринади. Зотан, бизда ўзимизнинг газимиз бор, етарлича нефтимиз ҳам бор. Тўғри¸ бундай олиб қарасак¸ қайта ишлаш қувватлари ҳам етарли. Автотранспорт аста-секин газга ўтказилмоқда. Ўзбекистон автопаркида машиналар сони кескин ўсганида ҳам муаммога ўрин бўлмаслиги лозим эди.

Вазиятни яхлит олсак¸ ëнилғи эҳтиëжларини таъминлаш Ўзбекистон учун стратегик жиҳатдан муҳим вазифадир. Ишонаманки, Ўзбекистондаги хусусий ва давлат секторларини бензин ва бошқа тур ëқилғилар билан таъминлашнинг янги ва анча собит механизмлари яратилади, ёқилғи билан таъминлашнинг мақбул шакли йўлга қўйилади.

Озодлик: Ўзбекистон ташқаридан келтириладиган хом нефтга қанчалик қарам бўлиб қолмоқда?

Парамонов: Мана шу "қарамлик" иборасига оммавий ахборот воситалари "ëпишиб" олишди. Бўрттириш ва айниқса вазиятга фожеавий тус беришга ҳеч ҳам ҳожат йўқ. Республикада импорт ҳажми нефт чиқариш ҳажмидан кичик. Боз устига, бу "қарамлик" иқтисодиëти бошқаларга қараганда гувиллаб ривожланаëтган мамлакатларга хос хусусият. Аксар ривожланган мамлакатлар нефт сотиб олади ва бунда муаммо кўрмайди.

Ўзбекистондаги мавжуд ва режаланаëтган нефтни қайта ишлаш қувватлари дунëдаги кўпгина нефт экспортерларини ўзига ром қилмоқда. Бу улар учун жуда фойдалидир.

Ўзбекистон жуда катта миқдордаги нефтни мамлакат ичкарисига қамаб¸ минтақада нефтни қайта ишлашнинг дарғасига айланиши мумкин. Ўзбекистон нефт кимëси ва нефтни қайта ишлашнинг минтақадаги марказига айланиши мумкин.

Ҳолбуки, Ўзбекистон ўз олдига катта қўшимча қийматли маҳсулот етиштиришни стратегик мақсад қилган.

Озодлик: Сизнинг тахмин ва хулосаларингиз нималарга асосланган?

Парамонов: Тахмин¸ баҳо ва хулосалар бу соҳада узоқ йиллар олиб борилган таҳлилий иш ҳосиласидир. Мен раҳбарлик қилаëтган таҳлилий гуруҳ Ўзбекистон билан эмас, балки Марказий Осиëнинг Россия ва Хитой сиëсати ҳамда интеграция жараëнлари билан қизиқади.

Бу борадаги таҳлилга чуқур киришиш учун “омиллару тамойиллар ўзани қаерда?” деган концептуал саволнинг жавоблари яширинган сандиқ калитини топиш учун минтақадаги кўп давлатлар, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳам эҳтиëж ва таклифларини ўрганмоқ лозим эди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас-да. Агар бошқача бўлганида нотўғри¸ тизимсиз ва оқибатда хато хулосалар чиққан бўлар эди.

Бугун Озодликка бераëтганим интервю ҳам менинг "Марказий Осиëдаги нефт-газ соҳасида Россия ҳозирлиги" деган докладимга асосланди. Бу доклад 2006 йилдан тортиб 2010 бўлган даврни қамрайди.

Озодлик изоҳи: Владимир Парамонов Озодлик саволларига жавоб берар экан¸ бир оз бўлса-да эҳтиëтли ва мулозаматли фикрлар билдирди. Энг муҳим савол – “Ўзбекистондаги қама-қамалар¸ нефт-газ соҳасидаги кадр ўзгаришларининг бензин тақчиллиги билан алоқаси” ҳақидаги савол жавобсиз қолди. Ўзбекистон ичида туриб таҳлил олиб бораëтган мутахассис Владимир Парамонов Озодлик мухбирига мактуб ëзиб, "бу саволларга бошқача жавоб беришнинг иложи йўқ”лигини ҳам шипшитиб ўтди. Аммо жавобларни илк ўқиганингизда чиқадиган некбин манзара қайта мушоҳададан кейин ўзгарса керак. Ҳар ҳолда, “йилига 4 миллион тонна нефтни импорт қилиш зарурати Ўзбекистон иқтисодининг умуртқасига зўр тушириши мумкин” деган гапни ҳукуматга энг яқин иқтисодчилар ҳам айтмоқда.
XS
SM
MD
LG