Саммит арафасида АҚШ Президенти Барак Обама дунё лидерларини ўзаро келишмовчиликни чеккага суриб глобал иқтисодий ўсишни таъминлашда бирга ишлашга чақирди.
АҚШ ва Европа Иттифоқи Хитойни ўз маҳсулотлари нархини арзонлаштириш мақсадида миллий валюта курсини сунъий равишда паст даражада сақлаб турганликда айблаб келмоқда.
Ўз навбатида Хитой ва бошқа давлатлар АҚШ марказий банкини мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун 600 миллиард доллар ажратиш ҳақида қабул қилган қарорини танқид қилмоқда.
Айни пайтда 11 ноябр куни АҚШ Барак Обама Хитой раҳбари билан учрашди.
Обама журналистлараг мулоқот чоғида икки томонлама¸ айни пайтда глобал майдондаги масалалар муҳокама қилинганини айтди.
- Биз нафақат қатор икки томонлама¸ балки глобал масалаларни ҳам муҳокама қилдик. Ядровий қуролга эга бўлган икки етакчи давлат сифатида биз оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олишда алоҳида масъулиятга эгамиз. Дунёдаги иқтисоди ривожланган икки етакчи давлат сифатида биз кучли, мувозанатли ва барқарор ривожланиш учун масъулмиз, деди Барак Обама.
Ўз навбатида Хитой раҳбари Ху Цзинтао икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда ўз мамлакати АҚШ билан бирга ишлашга тайёр эканини айтди.
- Хитой ва АҚШ муносабатларини ижобий ва ҳамкорлик йўлида ривожланишига туртки бериш учун ўзаро мулоқот, алмашинув ва ҳамкорликни кенгайтиришда Хитой томони АҚШ билан бирга ишлашга тайёр, дея баёнот берди Хитой раҳбари Ху Цзинтао.
Жанубий Корея пойтахти Сеулда саноати тараққий этган Катта йигирмалик раҳбарлари саммити арафасида 20та давлат музокарачилари глобал иқтисодиётда юзага келган номутаносибликни қандай тўғирлаш мумкинлиги хусусида бир фикрга кела олмади.