Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Мусулмонлар Қурбон Ҳайитини нишонламоқдалар


Шайтонга тош отиш маросимида турли ҳисобларга кўра, уч миллионгача ҳожилар иштирок этди.
Шайтонга тош отиш маросимида турли ҳисобларга кўра, уч миллионгача ҳожилар иштирок этди.

Ўзбекистонда ҳам сешанба куни Ҳайит намози ўқилди. Саудия Арабистонида Ҳаж ибодатлари давом этмоқда ва ҳожилар ибодатнинг сўнгги аҳкомларидан бири - шайтонга тош отиш маросимининг илк кунини муаммоларсиз адо этганини айтмоқдалар.

Бу йил Ҳаж зиёратига борганлар сони ўтган йилгидан қарийб бир миллионга кўплиги айтилмоқда. Ҳатто Саудия Арабистонидаги мобил алоқа ширкатлари ўз мижозларига ҳайит кунининг суннат амалларидан бири — Каъба тавофини эртага қолдиришни сўраб, мактублар йўллади.

Ўзбек зиёратчиларнинг Қурбон ҳайити ибодати ва аҳволидан хабар олиш ҳамда уларни байрам билан қутлаш мақсадида Озодлик мухбири зиёратни ўтаётган қорасувлик имом Рашод қори Камоловга боғланди.

- Аввало бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Муздалифа майдонида жамоатларимиз билан бирга бомдод намозини ўқиб, жаморотнинг энг каттаси Кубро дейилади, бугун битта жаморотга тош отилади. Жаморотга тош отиб, Минодаги ўз ҳаймаларимизга кириб ҳожиларимиз билан ўтирибмиз. Баъзи ҳожиларимиз Ҳажнинг тавофини адо этиш мақсадида Ҳарамга тушиб кетган. Қурбонликларимиз сўйилиб, бир қанчаси олдимизга келган. Шуни суннатга мувофиқ ҳожиларимиз пишириб, ўз қурбонлигидан ейишлик тадбирида ўтиришибди.

Озодлик: Ҳаммаси тинч, осойишта ўтдими? Мана бу йил ҳожилар сони ўтган йилгидан кўпроқ. Тиқилинч бўлиши мумкин деган хавотирлар бўлган эди.

- Ҳақиқатан одамнинг кўплиги бугунги кунда билинди. Саудиянинг мобил телефон ширкатларида ўз мижозларига “Ҳарам тўлган. Ҳарамнинг тавофини кейинги кунга таҳқир қилишингларни маслаҳат берамиз” деган хатлар тинимсиз келиб турибди. Юртдошларимиз ва бутун дунë мусулмонлари бунга гувоҳ. Одам бу йил жуда ҳам кўп. Шунга қарамасдан Ҳаж ишларини мутасаддилар жуда яхши тартибга ўрнатишган. Алҳамдулиллаҳ ҳеч қандай бешикаст ҳолатда жаморотга ҳожиларимиз ва бошқа ҳожилар ҳам ўз ибодатларини адо этиб, жаморотга тошларини отиб келишмоқда.

Озодлик: Бугун куннинг қолган қисмида, эртага нима қиласизлар?

- Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳажларидан олган намунамизга кўра, бугунги кунда Мино майдонида ëтамиз. Эртага кичкина жаморотга бориб тош отамиз. Мана шу майдонда ëтиб ибодат қилиш Ҳаж ибодатига тааллуқли бўлган амаллардан бири. Жаморотга ҳаммаси бўлиб энг ками 49та тош отилади. Эртага 21та, индинга 21та, бугунги еттита билан ҳаммаси бўлиб 49та. Оллоҳ субҳаноҳу ва таолонинг “Агар тақво қилсаларингиз ....” деб давом этадиган оятида учинчи кун қолишлик ҳам суннат. Лекин Ҳажнинг вожиботларидан эса икки кун Мино майдонида қолиб, жаморотга тош отишлик.

Озодлик: Рашод қори ака, мана сиз билан Қурбон ҳайити куни гаплашаяпмиз. Ўзбекистонлик ëки қирғизистонлик тингловчиларимизга табригингизни йўллашингиз мумкин.

- Оллоҳ субҳаноҳу ва таоло бизнинг мусулмонларга икки байрамни яъни Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайитини байрам қилиб берган. Мен бир нарсани айтмоқчиманки, бугун ҳар қандай кулиб, ҳар қандай ўйин-кулги қилинса, мана шу ўйин-кулги ҳам Оллоҳнинг ҳузурида ибодат деб қабул қилинадиган ажиб бир кунда турибмиз. Шу фурсатдан фойдаланиб мен бутун ер юзидаги мусулмон дўстларимизнинг қалбларига сурур, бахт-саодат ва нусрат бўлишлигини Оллоҳдан сўраган ҳолда уларга ҳайитларингиз муборак бўлсин деб қоламан.
XS
SM
MD
LG