Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:38

Немис ширкатлари Тошкентдан "Зеромакс" қарзини тўлашни кутмоқда


Президент ва унинг қизи машваратлари учун қурилган Форумлар саройининг қарийб ярим миллиард долларга тушгани тахмин қилинади.
Президент ва унинг қизи машваратлари учун қурилган Форумлар саройининг қарийб ярим миллиард долларга тушгани тахмин қилинади.

Ҳозирча номи ошкор этилмаëтган Германия ширкатлари Ўзбекистонда йўқ қилинган "Зеромакс" ширкати активлари давлат фойдасига ўтказилгани боис, "Зеромакс" қарзларини Ўзбекистон ҳукуматидан талаб қилмоқда. Бир ойча аввал Берлин расмийси Тошкентда тилга олган бу қарздорлик масаласининг қандай ҳал этилиши ҳозирча қоронғу.

Октябр ойи охирида Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда Германия ҳафтаси” доирасидаги иқтисодий форумда чиқиш қилган Германия иқтисодиёт ва технология вазирлиги расмийси Бернхард Дух¸ Ўзбекистон ҳукумати бир нечта немис ширкатларига жами 130 миллион евро миқдорида қарзни тўламай келаётгани ҳақида баëнот берган эди.

29 октябр кунги баëнотдан кейин бу қарздорликни ҳал этиш борасида бирор ҳаракат бўлган-бўлмаганига ойдинлик киритиш мақсадида 24 ноябр куни
Германия иқтисодиёт ва технология вазирлиги¸ ҳамда Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан боғландик. Лекин мазкур идора вакиллари бу мавзуда гаплашишдан бош тортдилар.

Масала хусусида собиқ Зеромакс ширкати манфаатларини ҳимоя қилган Лондондаги “White & Case” адвокатлик фирмаси ҳам изоҳ бермади.

“White & Case” фирмасидан олинган ёзма жавобда, “Зеромакс ширкати, унинг молиявий фаолияти ва собиқ бошлиғи Миродил Жалоловга оид маълумотлар фирма билан мижоз ўртасидаги маълумотлар бўлгани боис¸ бу хусусда изоҳ бера олмаймиз”, дейилади.

"Зеромакс" немис ширкатлари ëрдамида қурган ëки қуришни режалаган мазкур объектлар¸ айтилишича¸ Тошкент марказидаги Форумлар саройи¸ чала қолган "Бунëдкор" стадиони ва президент қароргоҳларидан биридир.

"Зеромакс" ширкати собиқ менеджерларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Ўзбекистон ҳукумати Форумлар саройини қуриб бериш буюртмаси бўйича "Зеромакс"га тўланиши лозим бўлган пулни тўлалигича ўтказиб бермаган эди, дейди.

Унинг айтишича, ҳукумат Форумлар саройига сарфланган маблағнинг ярмидан кўпини тўламаган ва "Зеромакс" раҳбарияти бошқа қурилиш объектлари, хусусан Бунёдкор стадиони лойиҳасига аталган бюджетнинг каттагина қисмини саройга сарфлашга мажбур бўлган.

"Зеромакс"нинг бу пулларни талаб қила бошлагани ҳам ширкатнинг тугатилишини тезлаштириб юборди, дейди суҳбатдошимиз.

Тошкентдаги Форумлар саройи қурилишида ишлаган "Зеромакс" шўъба корхоналаридан бирининг собиқ ходими¸ немис мутахассисларини Тошкентдаги қурилишларга таклиф қилиш анча аввал бошланган эди, дейди.

- Немис ширкатларининг бошланиши Гулнора Каримованинг Фонд форуми борку, немисларнинг биринчи объекти бу Мустақиллик майдонининг олдида Фонд форумга марказий бино қурилган. Уни қуриб битказиб беришган. Ўшандан бошланган немисларнинг ишлаши. У ерда саккизта немис ишлаган. Ўзбекистон тантаналар уйида 1500га яқин, балки ошиқ ҳам бўлса керак, Европа фуқаролари ишлаган. Немис фирмасидан Европадан йиғилган ишчилар ишлаган, дейди собиқ "Зеромакс" шўъба корхоналаридан бирининг собиқ ходими.

Шунингдек, деб давом этади, исми сир қолишини маъқул кўрган суҳбатдошимиз, Германия расмийси президент қароргоҳи, деб айтган бино аслида Гулнора Каримовага аталган бинолардан бири бўлган.

- У ерда ҳам немислар ишлади. У ерда фасадни ва интерьерни асосан немислар қилди. Президент қароргоҳида ишламаган. "Зеромакс" номидан ишланмаган. Билганимиз учун Гулнора учун нима, как президент учун резиденцияда. Шунақа деб билдиришган бўлса керак, дейди "Зеромакс" шўъба корхоналаридан бирининг собиқ ходими.

Форумлар саройи қурилишида қатнашган немис муҳандисларидан бирини яхши танийдиган Германиядаги ўзбекистонлик манба Озодлик билан суҳбатда немисларни Ўзбекистондаги донғи кетган қурилишларга жалб этиш учун жуда катта пул сарфланганини айтади.

- Улар Тошкентдаги Радисон меҳмонхонасида яшашган. Уларга қанча ҳақ тўлашганини аниқ билмайману, лекин унинг сўзларидан “Зеромакс”дан рози бўлиб қайтганини айтишим мумкин. Чунки уларга ойликдан ташқари шахсий машина, бензин пули, ҳар ойда бир Германияга келиб кетиши харажатлари ҳам фирма томонидан қопланган

Форумлар уйи ҳақида эса, у жуда таажжуб билан гапириб берган эди. Бундай бинони қуриш анча-мунча фирмаларнинг қўлидан келмайди. Унинг сўзларига кўра, бинони безашда “Сваровский” фирмаси ишлаб чиқарган антиқа қимматбаҳо тошлар ишлатилган. У йилда бир-иккита тадбир ўтказиладиган бино учун шунча пул сарфлашнинг нима кераги бор, деб жуда ҳайрон бўлиб қайтган эди, дейди асли ўзбекистонлик суҳбатдош.

Немис қурувчилари Форумлар саройини қураётган пайтда пичоқлари мой устида бўлганини "Зеромакс"нинг собиқ ишчиси ҳам яхши эслайди.

- Ўзбекистон меҳмонхонаси, собиқ Россия меҳмонхонаси, Ле Меридиан Ташкент – ҳамма жойдаги қиммат-қиммат меҳмонхоналардан жой ажратган. Шератонда турган булар. Яхши-яхши меҳмонхоналардан жой олиб берган. Яхши питание берган, яхши кунликлар берган, дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Ҳозирча "Зеромакс"нинг ўткинчи қудратига ишониб¸ 130 миллионлик қарзга тушган немис ширкатларининг¸ Ўзбекистон ҳукумати расмийси Германия ҳафталиги доирасидаги форумда берган маслаҳат - Ўзбекистондаги хўжалик судларига мурожаат қилиш-қилмасликлари борасида аниқ маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG