Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:26

Ўшдаги ўзбек имоми уйида махсус амалиëт ўтказилди


Июн ойидан бери Ўшнинг асосан ўзбеклар яшайдиган аксар маҳалларида "зачистка" амалиëтлари ўтказилмоқда.
Июн ойидан бери Ўшнинг асосан ўзбеклар яшайдиган аксар маҳалларида "зачистка" амалиëтлари ўтказилмоқда.

Ўшликларга кўра¸шаҳарнинг Эски вокзалига яқин маҳаллада яшовчи имом уйига махсус хизматларнинг 30 га яқин ҳарбийси бостириб кирган. Қирғиз расмийлари¸ ўзбек имомининг мамлакат бўйлаб террор хуружлари амалга оширишни режалаган миллий-сепаратчи гуруҳ вакили экани ва рейд давомида тўрт "террорчи"нинг ўлдирилганини даъво қилмоқда.


Қирғизистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов Ўшда жанггариликда гумон қилинган тўрт киши ўлдирилганини маълум қилди.

- Автоматлардан ўт очган уч террорчи ўлдирилди. Бири ўзини граната билан портлатиб юборди. Натижада улар биқиниб олган хонанинг шифти тушиб кетди. Ҳозир у ерда тозалаш ишлари олиб бориляпти. Дастлабки маълумотларга кўра ўлганлар тўрт киши, улардан учтаси ўлдирилди, бири ўзини портлатиб юборди, деди Иманқулов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ҳалок бўлганларнинг тўртови ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига алоқадор бўлганини таъкидлади.

Ўш шаҳар милицияси бошлиғи Памир Асанов операция пайтида икки жанггари қўлга олингани ва амалиёт давом этаётганини маълум қилди.
Асановга кўра, душанба кунги отишма Ўш шаҳрида саросима кучайишига сабаб бўлган.

Хабарларга кўра, одамлар шаҳарни тарк этмоқда. Шаҳарда қолаётганлар эса, озиқ-овқат жамламоқда ва июн воқеалари пайтида қаттиқ зарар кўрган ўзбек маҳаллаларида баррикадалар қуриляпти, деган хабарлар келмоқда.

Ўш шаҳрининг Эски вокзал ҳудудидаги Мажримтол маҳалласи бошида истиқомат қиладиган Фарҳод исмли имом, ўшлик журналистлардан бирининг сўзларига кўра, махсус хизматлар томонидан террорчига чиқарилганлардан биридир.

Ўшдан олинган хабарларга кўра, 29 ноябр куни тушдан кейин унинг уйига махсус хизматларнинг 30 га яқин ҳарбийси бостириб кирган. Уй эгаси эса бунга қаршилик кўрсатишга уринган кезда махсус қўшинлар унга қарата ўқ узган.

Баъзи манбалар имомнинг қуролли қаршилик кўрсатган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Аммо бу ҳақда мустақил манбалар томонидан тасдиқланган маълумотлар йўқ.

Воқеа жойига яқин Мажримтол маҳалласида яшовчиларнинг сўзларига кўра, ўқ овози ярим соатдан ортиқроқ эшитилган.

Озодлик воқеа чоғида боғланган мажримтолликлардан бири шундай деди:

- Эски вокзал томонида бўлган, ҳозир мана икки минут бўлди "Келажак" томонда жуда хунук отишмалар бўлаяпти. Ҳеч ким ҳеч кимни тушунмаяпти ҳозир.

Озодлик: Ким отаяпти?

- Спецназ, военнийлар. Ўша ëқдан жуда хунук бақир-чақирлар овози келаяпти, деди мажримтоллик суҳбатдош.

Ўшлик журналистлар имомнинг уйига яқин жойда истиқомат қиладиган кексалардан бири ёниб кетган уйидан чиқиб келаётган кезда амалиёт билан борган ҳарбийлар томонидан калтакланганини ҳам билдирди.

Бўйнига еган тепкидан жароҳатланган бу киши¸ айтилишича¸ шифохонага ётқизилган.

29 ноябр куни Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов ва Ўш вилояти ҳокими ўринбосари Қушбек Тезебаевлар бу хабарларни тасдиқлаб, Ўшда махсус амалиёт ўтказилаётганини айтди.

“24kg” сайти берган хабарга кўра, Марат Имонқулов журналистлар саволларига жавобан "миллий-сепаратчи гуруҳ"га аъзоликда гумонланган шахс биринчи бўлиб махсус қўшинларга ўт очганини айтган.

Ушбу сайт котибдан келтирган иқтибосда: "22 ноябр куни Ўшда ушланганларнинг ҳаммаси битта гуруҳ аъзоси ва махсус қўшинларга ўқ узган Ўшдаги гумонланувчи шу занжирнинг бир халқасидир”, дейилади.

Бундан сал аввал Ўш вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Қушбек Тезебаев ҳам махсус амалиёт ўтказилаётганини айтиб, унинг мақсади “бандитлар гуруҳи”ни бартараф қилиш эканини айтган.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев 22 ноябр куни Қирғизистонда 9 фуқаро ушлангани ва улар миллий-сепаратчи оқимдаги гуруҳга бирикиб, мунтазам равишда терактларни содир этишни режалаганини айтди.

Вазирга кўра, ушларганлар қирғиз, ўзбек ва рус миллатига мансуб ҳамда улар халқаро террор ёхуд экстремист гуруҳларга алоқадор эмас. Вазир улардан баъзилари билан шахсан гаплашганини айтар экан, 24kg сайтига берган интервюсида: “Бу одамлар Бишкек, Ўш ва жанубдаги бошқа аҳоли пунктларида терактлар амалга оширишни режалаган”, деган.

Уларни бу ишга “четдагилар” жалб қилганини айтган вазир четдагилар, деганда кимни назарда тутаётганини айтмаган.

Аммо Бишкекдан туриб Ички ишлар вазири берган бу баёнотда бугун Ўшда бораётган ҳарбий амалиётлар ҳақида ҳеч бир гап айтилмаган.

Сўнгги хабарларга кўра¸ Ўш мэри Мелис Мирзакматов ҳам бу хусусда баёнот бериб, амалиёт муваффақиятли якунлангани ва унда 4 нафар террорчи йўқ қилинганини маълум қилган.

Айни пайтда ҳоким "миллатларо ҳеч қандай низо юзага чиққани йўқ, фақатгина жиноятчиларга қарши амалиёт бўлди", деб таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG