Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:05

Клинтон Тошкентда инсон ҳақлари вазияти ҳақда ҳам гаплашмоқчи


Ҳиллари Клинтон Остона учрашувида.
Ҳиллари Клинтон Остона учрашувида.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ЕХҲТнинг Остона саммити муносабати билан минтақага бошлаган сафари доирасида Тошкентда ҳам кутилмоқда. Мазкур ташриф арафасида Клинтон хоним¸ Тошкент расмийлари билан мулоқотда Ўзбекистондаги демократия ва сўз эркинлиги вазиятига алоҳида эътибор қаратажагини билдирди.


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1 декабр куни Остонада бошланган саммити арафасида Марказий Осиëдаги фуқаролик жамияти вакиллари, нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда АҚШ Давлат котибига ЕХҲТ нинг бугунги нуфузи ва дунё сиёсатидаги ўрни, минтақа давлатларида фуқаролик жамиятининг аҳволи, сўз ва фикр эркинлиги, инсон ҳуқуқлари таъминоти, шунингдек, Қирғизистондаги июн воқеалари боис юзага чиққан бугунги вазият каби қатор муҳим масалаларга оид саволлар берилди.

АҚШ Давлат котибига берилган биринчи савол ЕХҲТнинг бугунги нуфузи ва аҳамиятининг пастлаб кетгани хусусида бўлди.

"Давлат котиби сифатида сиз учун долзарб бўлган масалалар орасида ЕХҲТ нинг ўрни қандай”, деган саволга жавобан Ҳиллари Клинтон ЕХҲТ нинг бугунги нуфузи ва аҳамияти унинг турмуш ўртоғи Бил Клинтон президентлик қилган 1990 йиллардагидан пастлаганини тан олди.

- Ҳозир замон ўзгарди ва бугун биз янги-янги муаммолар билан юзлашаяпмиз. Аммо ЕҲХТ учун муҳим бўлган қадриятлар худди ўтмишдаги каби муҳимлигича қолмоқда. АҚШ ҳукумати учун ЕХҲТ каби кўп миллатли халқаро ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишидир. Биз ЕХҲТ йўналишида ҳануз дуч келаётганимиз муҳим муаммолардан бири, бу ташкилотга аъзо бўлиб кириб, ташкилот учун муҳим қадриятларга устиворлигига риоя қилиш ҳақидаги ҳужжатларни имзолаган давлатларнинг кейинчалик ана шу тамойилларга амал қилиш ёхуд қилмаслиги билан боғлиқ бўлмоқда, деди Ҳиллари Клинтон.

Учрашувда Клинтон хонимдан ЕХҲТ га раислик қилаётган Қозоғистондаги бугунги вазият, жумладан, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги аҳволига оид танқидларга муносабат сўралди.

Хусусан, учрашувда иштирок этаётган 600 киши орасида бир аёл касби журналист бўлган турмуш ўртоғининг ҳибсда қолаётгани ва бу ноқонуний экани ҳақида сўзлади.

Бу каби саволларга жавобан Ҳиллари Клинтон Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари, сўз ва фикр эркинлигининг амалдаги аҳволи бобида ҳануз муаммолар борлигини эътироф этар экан, бу давлатнинг Марказий Осиёдаги энг етакчи давлат бўлиб қолаётганини ҳам таъкидлаш кераклигини айтди.

- Мен бу минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан кўпроқ тараққий этгани ва шу тараққиёт йўлида давом этаётгани учун Қозоғистон ҳукуматини олқишламоқчиман. Дунё бўйлаб иқтисодиётлар ривожи сустлашган бир кезда ҳам Қозоғистон иқтисодиёти тез суръатларда ўсиб борди. Бундан ташқари, ЕХҲТ га раислик қилиш ва шундай саммитни ўтказиш истаги ҳам Қозоғистон ҳукумати учун жуда муҳим масъулият эди. Аммо, бу давлатда ҳануз инсон ҳуқуқлари ва демократик тараққиёт бобида бажарилиши шарт бўлган ишлар борлигини биламан, деди Клинтон хоним.

Сўзида давом этиб Ҳиллари Клинтон кўпгина давлатларда фуқаролик жамияти вакилларига берилмаган имконият, дея ушбу учрашувнинг ташкил этилганини мисол келтирди ва буни ҳам Қозоғистон ҳукуматининг демократия ва сўз эркинлиги бобида ижобий натижаларга эришиш истаги намунаси, дея тилга олди.

Учрашувда иштирок этаётган инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилот вакиллари Ўзбекистондаги вазиятни тилга олдилар.

Жумладан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг топталаётгани ва ҳозирда 14 нафар ҳуқуқ ҳимоячисининг қамоқда ётганини тилга олган иштирокчилардан бири Клинтон хонимдан: “Сафарингиз давомида Ўзбекистонга борганингизда, бу масалани ҳукумат вакиллари билан мулоқот чоғида кўтарасизми?” деб сўради.

Клинтон хоним эса бунга “Ҳа”, деб жавоб берди.

- Албатта, мен Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотлар чоғида бу масалани жуда муҳим даражада кўтараман. Менимча, бу ҳозир дунёнинг кўпгина бурчида учраётган муаммолардан бири. Бу биз учун жуда қайғули, зеро, ҳар ерда ҳам қонун устивор бўлиши лозим. Ҳамма жойда ҳам фуқаролик жамияти фаолиятига изн берилиши лозим ва бу хилма-хил фикрларнинг тингланишига имкон беради. Мен бу борада муаммо бўлган ҳамма мамлакатлар етакчилари билан мулоқотлар чоғида шу муаммони кўтараман ва хусусан, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотларда ҳам бу масалани, албатта, кўтараман, дея ваъда қилди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Остонада Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари билан ўтган учрашув чоғида.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳозирда ЕХҲТ нинг Остона саммитида иштирок этмоқда. Кейин эса у Қирғизистонга боради.

Учрашув чоғида Клинтон хоним Қирғизистонда нафақат президент ва ҳукуматнинг бошқа вакиллари, балки, фуқаролик жамияти фаоллари билан ҳам учрашишини айтиб ўтди.

Ундан сўнгра эса АҚШ Давлат котиби Ўзбекистонга сўнгра Баҳрайнга бориши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG