Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 12:08

Қуён йилида раҳбарларимизга Ўзи инсоф берсин!


Ўзбекларнинг ота-боболаридан қолган тезак билан қишлаш чорасига қайтигани Каримовнинг янги мингйилликда эришилган ютуқлар ҳақидаги баёнотларига мос келмайдиган ягона манзара эмас.
Ўзбекларнинг ота-боболаридан қолган тезак билан қишлаш чорасига қайтигани Каримовнинг янги мингйилликда эришилган ютуқлар ҳақидаги баёнотларига мос келмайдиган ягона манзара эмас.

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги бу йилги қишни ҳам газсиз ва электрсиз ўтказишга мажбур. Улар кириб келаётган янги йилни уйни иситиш ташвишидан ҳоли ва телевизорда бериладиган кўнгилочар кўрсатувларни узилишларсиз кўришга умид қилмоқда.


Ахир Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2010 сентябрида БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган мажлисида қилган чиқишида ўзбекистонликларнинг 83 фоизидан ошиғи газ билан таъминланганини айтган эдику.

- Фурсатдан фойдаланиб, Саммит иштирокчиларига Ўзбекистонда Мингйиллик декларациясида белгиланган мақсадларга эришиш йўлида амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача маълумот бермоқчиман… Бугунги кунда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 82,5, табиий газ билан таъминлаш эса 83,5 фоизга етди, деган эди Каримов БМТ саммитида.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон йилига қазиб оладиган 60 миллиард куб метр газнинг учдан икки қисмини мамлакат аҳолисига етказиб беради.

Лекин мамлакат вилоятлари, айниқса, қишлоқ жойларида совуқ тушиши билан аҳоли учун ўз уйларини иситиш энг долзарб муаммолардан бирига айланади.

Фарғонанинг Тошлоғида яшайдиган 60 яшар Қудрат ака ана шундай ўзбекистонликлардан бири. Ҳур кунини бугун уйни қандай иситаркинмиз, овқатни нимада пишираркинмиз, деган савол билан бошлайдиган Қудрат ака бу йил газ муаммолари айнан қачон бошланганини аниқ эслай олмайди, лекин ўзи яшайдиган қишлоқда газ бир неча ойдан бери йўқлигини аниқ билади.

- Газ энди эслолмайман. Ëзда ўчганда. Ëзда бир марта яхши берди. Шундан кейин ўчириб қўйди. Сувлар ҳам музлаяпти. Шанба ва якшанба кунлари келин билан ўғлим ўтин кесиб, печкага ўтин қилишади. Ўтинларни кесиб печкага ëқишади. 7000 сўмдан 10 қоп кўмир олиб қўйганман. Етти қопини ëқдик шунинг. Уч қоп қолди холос. Ҳайронмиз энди. Қиш ҳали олдинда, дейди Қудрат ака.

Қудрат ака яшайдиган қишлоқ аҳли қадимги Юнон мифологияси қаҳрамони Прометей сингари, оловдан “самарали” фойдаланиш йўлларини ўрганиб олган.

- Битта биз эмас ҳамма хўжалик шу аҳволда. Мана келиб обедда шўрвани пишириб қўйди. Кўпроқ қилиб пишириб қўйди кечга ҳам етсин деб. Кечқурун яна қозоннинг олдига бориш, бу ëқда неваралар қийинда. Мен айтиб пиширтириб қўйдимда. Газ балон бўлса, хотиржам овқат қилаверасизку, дейди Қудрат ака.

Ўзбекларнинг сандалларга қайтиши, Каримов ўз нутқида айтган ўзбеклар мингйилликда эришган ютуқларга мос тушмайдиган ягона манзара эмас. Кейинги йилларда қишлоқ жойларда дарахтларнинг сони кескин камайиб кетди. Сабаби қишлоқ аҳли уйларни иситишнинг яна бир чораси ўлароқ, дарахтларни кеса бошлади, бозорларда эса ўтинфурушлар пайдо бўлди.

Олтиариқнинг Жўрак қишлоғида яшайдиган Абдукарим ака, “бизнинг қишлоғимизда ҳам дарахт қолмади ҳисоб”, дейди.

- Умуман қолмади, толлар ҳам қолмади. Ҳаммасини кесиб олиб келиб, араваси борлар сотиб юрибди. Далада энди фермерларнинг тутларида. Фермерларнинг кўпи “фермерлик қилмайман” деб топшириб юборди. Мажбурлаб олиб қўйганлари ҳам бор. Ўшаларнинг ерида қоровул қолмади. Бориб шарт кесиб келиб ëқишаяпти. Нима қилади бошқа, дейди Абдукарим ака.

Бундан ташқари, одамлар ота-боболаримиз бир пайтлар тезак ишлатганини ҳам ёдга ола бошлади ва гўнгнинг нархи ҳам ошиб кетди, дейди Абдукарим ака.

- Битта оддий молнинг гўнги бору ерга ўғитга солишга, 250 минг сўмдан сотилаяпти.

Озодлик: 250 минг сўм?

- Ҳа, оддий гўнглар.

Озодлик: Қанчаси 250 минг сўм?

- Битта КамАЗида. Қўйнинг гўнги 300 минггача, дейди Абдукарим ака.

Қишлоқлардаги уйларни ўргимчак тўри сингари бир-билан боғловчи қувурларда газнинг умуман йўқлигига қарамасдан, аҳолидан газ тўловлари вақтида ундириб олинади. Албатта, ўзбеклар емаган сомсаси учун ҳақ тўлайдиган содда халқ эмас. Лекин газ ва электр идоралари ҳам уддабуронликда қолишмайди, улар аҳолидан сўраб ўтирармиди. Тўловлар маош ёҳуд пенсиядан ушлаб қолинади. Тошлоқлик Қудрат ака гапиради.

- Одамларни ëқмаган газига 300-400 мингга қарздор қилиб юборди, дейди Қудрат ака.

Ўзбекистонликлар орасида газ билан боғлиқ муаммонинг сабабларидан бири давлат айтилганидан кўпроқ газни четга сотаётганида бўлса керак, деган ҳадик бор.

Бу гумонлар қанчалик ҳақиқатга мос эканини билиш мақсадида “Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати матбуот котиби Елена Кимга мурожаат қилдик. Ким хоним, Ўзбекистон йилига қанча газ қазиб олишию, қанчасини четга сотиши ёки қанчаси аҳолига етказилиши ҳақидаги маълумот тижорат сири эканини таъкидлади. Лекин у киши аҳолига газ етказиб беришда айрим муаммолар борлигини эътироф этган ҳолда, бу муаммолар оператив тарзда ҳал этилишини таъкидлади. Бундан ташқари, ўзбекистонликлар газ муаммолари билан “Ўзбекнефтегаз” ширкатига эмас, Озодлик радиосига мурожаат қилаётганидан ҳайрон қолганини ҳам яширмади Елена Ким. У киши шикоятларни “Ўзбекнефтегаз”га етказишнинг осонгина йўлини ҳам тушунтириб берди.

- Сайтимизга кириб шикоятларини қолдиришлари мумкин. Бизда мурожаатлар учун махсус саҳифамиз ишлаб турибди. Бу мурожаатларни мутахассисларимиз ўрганиб, муаммоларни вақтида ҳал этяпти. Одамлар уйларидан туриб, Интернет орқали бемалол шикоятларини қолдиришлари мумкин.

Озодлик: Улар Олтиариқдан туриб, уйларидан Интернет саҳифангизга кириши мумкин, демоқчимисиз.

- Нега энди сиз одамлар Олтиариқдан туриб сайтимизга кира олмайди, деб ҳисоблайсиз?

Озодлик: Олтиариқдан, уйларидан туриб-а?! Сиз олтиариқликларда уйдан туриб Интернетга чиқиш имкони бор, деб ўйлайсизми?

- Ҳа, ҳозир Ўзбекистонда Интернет етиб борган ҳудуд анчагина кенг, нега ҳайрон қоласиз, дейди Елена Ким.

Агар Қудрат ака ёки Абдукарим ака Ким хоним билан шахсан гаплаша олганида эди, ҳатто уларнинг Интернетга чиқиш имкони бўлганида ҳам, улар “Ўзбекнефтегаз” вакилига бугун Ўзбекистон вилоят ва туманларида нафақат газ муаммоси, балки электр ҳам бир кунда бир неча соатгина берилиши ҳақида гапириб беришган бўлардиёв.

- Свет вообше йўқ. Эрталаб икки соат, кечқурун икки соат. Обедга яқин вообше ўчириб ташлайди. Билмайман булар договор қилиб олишганми. Газчилар билан электросет договор қилиб олган бўлса, мана шу соатда ўчирасан, мана шу соатда ëндирасан қилиб. Ҳаммаси ўзича хўжайин. Хоҳласа беради, хоҳламаса йўқ. Телевизор кўриш ҳам йўқ, дейди олтиариқлик Абдукарим ака.

2010 йилнинг июн ойида Ўзбекистон билан Хитой йилига 10 миллиард куб метр ўзбек газини сотиш бўйича дастлабки келишувни имзолади. Ўзбек гази 2009 йилда ишга туширилган, бир қисми Ўзбекистон орқали ўтадиган, Туркманистон-Хитой қувури орқали етказилиши кўзда тутилган. Бу асосан Россияга экспорт қилинадиган 20 миллиард куб метр газга қўшимча равишда ташқарига сотиладиган газ бўлади. Албатта, Ўзбекситон ўз газини хорижий ҳамкорларига сотиш бўйича мажбуриятларини бажаришига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Лекин бу ички истъемол ҳисобидан амалга оширмаслигига оддий ўзбекистонликларда шубҳа бор.

Шаҳрисабзлик Аҳмад ака бундай вазиятда янги йилда Оллоҳдан раҳбарларимизга инсоф тилашдан бошқа чорамиз йўқ, дейди.

- Газ мутассадиларига, расмийларга келадиган 2011 йилда Оллоҳ таоло инсофи тавфиқ берсин. Буларнинг ҳам қалбига инсоф киритиб, раҳм-шавқат қилсинда энди. Ўзидан чиқаëтган газни ўз халқига бермай, миллий телевидениедан тўтига ўхшаб сайраб, ер ости ер усти бойликларимиз ўзимизга қолди деб халқнинг қулоғига дўмбира чертиб, халққа ҳеч нарса бермай ўзимиздан чиқиб турган нарсани. 2011 йил қуëн йилига ишни қилса қилсин, бўлмаса қуëн бўлсин газ мутасаддилари. Қуëн йилига ишласанглар ишланглар, ишламасанглар қуëн бўлинглар, дейди шаҳрисабзлик Аҳмад ака.
XS
SM
MD
LG