Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:33

Ўзбекистонда ун ва нон нархи ошиб бормоқда


Ун қимматлаган сайин¸ тандир ноннинг ҳажми кичрайиб¸нархи катталашмоқда.
Ун қимматлаган сайин¸ тандир ноннинг ҳажми кичрайиб¸нархи катталашмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб электр энергияси¸ ëнилғи ва ëқилғи нархининг муттасил кўтарилиб бориши оқибатида¸ ғалла ҳосили мўл бўлгани иддаосига қарамай¸ мамлакатда ишлаб чиқарилаëтган ун нархи ошмоқда.


Жиззахнинг Зарбдор туманида яшовчи Содиқ ака хонадонида олти жон яшайди. Кўп ўзбеклар каби Содиқ ака оиласининг ҳам асосий емиши нон ва оиланинг бир ойда икки қоп¸ яъни 95-100 кило унга эҳтиëжи бор.

Содиқ ака шу кунларда Жиззах бозорларида ун камайгани ва ун нархининг яна қимматлаганидан хавотирда.

- Ҳозир бозорларда ун ва буғдой камайди. Олдинлари бозорда 10- 15 нафар аёл ун сотар эди. Ҳозир 4-5 кишигина ун сотади. Нархлари лекин қиммат. 45 килолик бир қоп унни 41 минг сўмдан олиш мумкин. Ёзда жуда арзон эди. Бир қоп унни 22 мингга ҳам олса бўлар эди. Ўтган баҳорда ҳам 27-28 минг сўмдан олар эдик.

Мамлакатнинг бошқа вилоятлари бозорларида ҳам Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаëтган ун ва буғдойнинг камайгани ва улар нархида кўтарилиш кузатилаяпти.

Тошкентлик хусусий тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов яқинда Тошкент шаҳри ва вилоятида мониторинг ўтказиб, ун ва буғдой, нон маҳсулотлари нархини ўрганиб чиқди.

- 2010 йил 1 январ ҳолатига олий навли уннинг 1 килограмми 900 сўм эди, ҳозир 1700 сўм сотилаяпти. Биринчи навли унннинг бир килоси 700 сўм эди, ҳозир 1600 сўм. Олий навли буханка нон 550 сўм эди, шу кунларда 700 сўм. Биринчи навли буханка эса 250 сўм эди, бугунга келиб 400 сўм. Ўзбекча нонларнинг бир донаси 400 сўм эди. Ўртача оғирликдаги бу нонларни 600 сўмдан олиш мумкин. Буғдой нархи 400 сўм эди¸ ҳозир 800 сўмга чиқди. Бу нархларнинг барчаси 2010 йилнинг 1 январ ҳолати билан шу кунлардаги нарх-навога солиштириб айтдим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Шосалимов.

Президент Каримов ўтган йили 7 миллион тоннага яқин ғалла етиштирган ғаллакорларни қутлар экан, деҳқоннинг омбори ғаллага тўла эканлигини таъкидлаган эди.

Ўзбекистонда буғдой мўл бўлиб¸ ҳосил йиғиштириб олинганидан кўп ўтмай ун ва буғдойнинг камайиши ва улар нархининг кўтарилишини қандай изоҳлаш мумкин?

Бу саволга жавоб бераëтган мустақил таҳлилчилар ўтган йилги ғалла хирмони ҳам қўшиб ёзишлар ва кўзбўямачиликлар маҳсули деган иддоада қолмоқдалар.

Жиззахлик Содиқ ака ҳам ўзи билган фермерларнинг ғалла режасини фақат қоғозда бажарганидан хабардорлигини айтади.

- Ҳар йилдагидай буғдой ҳосили яхши бўлмади. Буғдойларни сули босиб кетди. Кейин занг тушди. Жиззахдаги фермерларнинг барчаси ҳам режани қоғозда бажарди. Амалда эса режа бажарилмади. Буғдой кам бўлди. Ҳар доимгидай қўшиб ёзишлар эвазига режани бажаришди. Фалон тонна бажардик¸ деяпти. Қани ўша тонналар? Булар ҳаммаси қоғозда. Буни касофатига энди оддий аҳоли қолади. Бу кетишда қимматлайдиган бўлса ёзга қандай етамиз, дейди жиззахлик Содиқ ака.

Иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов эса ўзи ўтказган мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, қуйидаги фикрларни билдиради.

- Ун нархи қимматлашининг асосий сабаби Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган буғдойдан қилинган уннинг камлигида. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати 7 миллион тонна ғалла етиштирилгани, ҳосил яхши бўлгани, ун етарли бўлишини даъво қилаяпти. Агар 7 миллион тонна ҳақиқатдан етиштирилганида, унинг сифати яхши бўлиб, рақобатбардош бўлганида ун ва буғдойнинг нархи бунчалик ошиб кетмасди бозорда. Кейин жаҳон бозорида буғдой нархининг ошиши ҳам Ўзбекистон импорт қиладиган ун нархига таъсир қилди. Кейин Россия дон экспортини тақиқлагани ҳам таъсир қилди. Ўзбекистон маълум миқдорда Россиядан ун импорт қилади. Унинг устига Қозоғистон унининг қимматлаши ҳам маҳаллий бозордаги ун ва буғдой нархига таъсир қилди, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбекистон Қозоғистон ва Россия унининг асосий харидори ҳисобланади. Россия ғалла экспортини тақиқлаган 2010 йилда Қозоғистон аввалги йилларга нисбатан 34, 5 % кўп ғалла ва ун экспорт қилди. Ўтган йили Қозоғистон 8,2 миллион тонна ун экспорт қилди. Бундан қанчасининг Ўзбекистонга импорт қилгани ҳақида аниқ рақамлар мавжуд эмас.

Мавзуни ўрганиш давомида “Ўздонмаҳсулот” давлат ҳиссадорлик корпорациясига ҳам қўнғироқ қилиб¸ 2010 йилги буғдой ҳосилининг янги ғалла мавсумига қадар халқ эҳтиëжига етиш-етмаслиги билан қизиқдик.

- Билмадим, етиши керак, худо хоҳласа, деган қисқа жавоб билан кифояланди “Ўздонмаҳсулот” давлат ҳиссадорлик корпорацияси ходими.

Айни пайтда¸ Тошкент нон ишлаб чиқариш ташкилоти билан боғланиб¸ нон маҳсулотлари нархининг бир йил ичида қарийб икки бараварга ошиши сабабларини билишга ҳаракат қилдик.

- Уннинг нархи ошди-ю. Биз ҳеч қачон ўзимиз нарх-навони белгиламаймиз. Давлатдан фондовый ун оламиз. Кабминнинг қарори билан бизларга янги нарх келади. Шунга қараб биз нархни белгилаймиз. Бизга берадиган уннинг давлат нархи ошса, нон қимматлайди.

Озодлик: Ун нима учун қимматлайди?

- Ун қачонки, электр –энергия, газ, транспорт харажатлари ошса ун нархи ошади.

Озодлик: Ун нархи буғдой ҳосилининг кам-кўплиги билан боғлиқ эмасми?

- Йўқ бунга боғлиқ эмас. Уни устига ўтган йили буғдой ҳосили яхши бўлди. Нарх ҳосилга қарамайди.

Озодлик:
Нон нархи яна қачон ошиши мумкин?

- Буни билмадим. Агар электр-энергия, газ ва бошқа нарсаларни нархи кўтарилса автоматик ун қимматлайди ва натижада нон нархи ҳам ошади, деди Тошкент нон ишлаб чиқариш ташкилоти ходими.
XS
SM
MD
LG