Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Жинсий зўрлаш қийноқнинг яна бир турига айландими?


Қамоқ панжараси ортида маҳкумларга бўлаëтган қийноқларнинг¸ собиқ тутқунларга кўра¸ ҳозирча фақат бир шингили чиқмода¸ холос.
Қамоқ панжараси ортида маҳкумларга бўлаëтган қийноқларнинг¸ собиқ тутқунларга кўра¸ ҳозирча фақат бир шингили чиқмода¸ холос.

“Ўзбек қамоқхоналарида жинсий зўрлаш ҳолатларининг кўпайгани кузатилмоқда. Терговчилар, қамоқхона нозирлари ва бошқа масъул ходимларнинг маҳкумларни зўрлагани оқибатида туғилган чақалоқлар сони ортмоқда”. Бу баëнот Эзгулик инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабарномасида келтирилди.


Ташкилот хабарида Зангиота аëллар қамоқхонаси маҳкумларидан уч нафарини жинсий зўравонлик қурбонларига мисол ўлароқ келтирилади.

Ўзбекистон қамоқхонасининг собиқ маҳбусаси Мўътабар Аҳмедовага кўра¸ қамоқхоналарда маҳкумларни жинсий зўрлаш мунтазам тус олган.

- 1999 йилдаги портлашлар пайтида айнан шунда айбланган йигитларнинг оналари, аëлларини зўрлаш касбга айлантирилди, дейди Мўътабар Аҳмедова.

Ўзбекистондаги қамоқхоналар вазиятини кузатаëтган ҳуқуқ фаоли¸ врач Воҳид Каримовга кўра¸ жинсий тажовузларнинг қамоқхоналарда амалга ошиши¸ деярли кузатилмаган ҳодиса.

- Жинсий тажовуз ўтказиш деган нарсанинг ўзи бизда жуда кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, нимагаки бизда биласиз аëллар қамоқхонаси бошқа, эркакларники бошқа. Аëлларникида фақат аëл қоровуллар, аëл милиционерлар, ҳаммаси аëл. Эркаклар у ерда бўлмайди. Шунинг учун жинсий тажовуз бўлиши, бу нарса ҳақида менда информация йўқ. Аëллар турмаларида фақат аëллар. Ҳозир турма бошлиқларигача аëл қўйилаяпти аëллар турмасида, дейди Воҳид Каримов.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган урганчлик қамоқхона нозири ҳам маҳкумларга жинсий тажовуз қилинмаëтганини иддао қилди.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги жинсий зўравонликлар ҳақида хабарнома тарқатган Эзгулик ташкилоти раҳбари Васила Иноятова қамоқхона нозирининг бу гапини “ғирт ëлғон” деб атади.

- Қамоқхонадаги аëлларнинг зўрланиши бу маҳкумлар билан эмас¸ айнан қамоқхона ходимлари томонидан зўрланишади. Албатта¸ аëллар колониясига эркаклар олиб борилмайди ëки эркаклар колониясига аëллар олиб борилмайди. Агар бу ҳолатлар бўлмаëтган бўлса, айтиб ўтган ҳолатларимиз йўқ бўлса, бизни тортишсин жавобгарликка. Ўрганиб қолишганку жавобгарликка тортишга.

Озодлик: Мен врач билан гаплашдимда. “Зангиотада турма бошлиқлари ҳам аëл киши, ҳаммаси аëл киши. Қанақа бўлиши мумкин бу?” деяпти.

- Йўқ, йўқ, йўқ. Учтаси ишдан бўшатилган охирги ноябр ойида. Албатта¸ бу ҳолатлар бўлди¸ деб айтадими? Мана кўриниб турган Соатоваларнинг ишларини прокуратура инкор қилиб турибдию! Иш бўлиб турибди, суд аниқлаб турибди, ҳамма нарса бўлиб турибдию. Улар нима десин? “Мана шунақа ҳолат бўлиб турибди. Бизларнинг колонияда аëллар зўрланаяпти. Ишонмасанглар келиб кўринглар” дейдими? Кимга у ëққа киришга рухсат бор? Қизил хочдан кириб Райҳон Соатова билан гаплаша олмабдию. Райҳон Соатовага гапирсанг у қиламиз, бу қиламиз деб. Ҳаттоки уни ШИЗОга тиқиб қўйишган. Қанақа қилиб у ерда бўлган ҳолатларни чиқиб радиога айтиб бериши керак? Мантиқ йўқку! Шунақа бўлаяпти деса, унинг ўзи ўтирадику ўша ерда, дейди Васила Иноятова.

Васила Иноятовага кўра¸ Зангиота аëллар қамоқхонаси маҳкумларидан уч нафари қамоқхона ходимлари тарафидан зўрланиб¸ ҳомиладор бўлган.

2009 йилда қамалган Холисхон (исми ўзгартирилган) Тоштурмада дастлабки тергов даврида терговчилар зўрлагани оқибатида бола кўрган.

Сурхондарёлик маҳкума Дилфуза Норматованинг ҳам дастлабки тергов пайтида зўрлангани айтилади.

1980 йили туғилган Насиба Жуманиёзованинг ҳам Зангиотада қамоқхонасида жинсий зўрланиш оқибатида ҳомиладор бўлгани айтилади.

Аëллар қамоқхонасининг собиқ маҳкуми Мўътабар Аҳмедовага кўра¸ ўзбек қамоқхоналарида жинсий зўрлаш аллақачон қийноқнинг янги турига айланиб улгурган.

- Масалан¸ Ойбек, Уйғун ўша хоразмлик йигитларнинг оналарини болаларининг олдига олиб келиб ечинтириб, қип яланғоч қилиб “Ҳозир бўйнингга олмасаларинг, онангни зўрлаймиз” деган қўрқитувларни қилишган.

Озодлик: Дармонжон опаними?

- Ҳа, Дармон Султоновани қўрқитишган. Бундан ташқари яна кўп аëлларни шунақа жинсий зўрлашгача олиб келишга ҳаракат қилишган. Зўрлаш деган нарса амалда бажарилмаган, лекин қўрқитув бўлган. Зўрлашлар ҳақиқатан кучайиб кетди. Мана Наташа деган битта ўрис аëлни олиб чиқиб шундай қилишган. Бу менинг кўзим билан кўрганим. Мусулмонлар билан 1999 йилдан кейин бу ифлосликлар содир этила бошланди. Кўпроқ сўроқ давомида бўлади. Муддатни олиб қамалганда эмас, сўроқ пайтида терговчилар қўйиб қўйган алоҳида одам бўлади. Нафақат аëлларни¸ эркакларни ҳам зўрлашади. Ойбекни ҳам, Уйғунни ҳам зўрлашган. Эркакларни зўрлашган у пайтларда. Аëлларни қўрқитишган. Бу нарсалар очиқдан-очиқ кетаяпти. Менда Ойбекнинг, Уйғуннинг хатлари бор. Раҳматли бўлиб кетишган. Шаҳид бўлишган. Ҳукм ижро этилган уларнинг устидан. Улар хатларида онасига нима ишлар қилишганини очиқдан -чиқ ëзишган.

Озодлик: Жинсий зўрлаш ўзбек қамоқхоналарида мунтазамлик касб этган бўлса, нега мазлумлар бу борада деярли арз қилмаяпти?

- Энг асосий фожиа шу ердаки, ҳеч ким ҳеч нарса айтишни хоҳламайди. Қўрқади, дейди Мўътабар Аҳмедова.

Халқаро ташкилотлар инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоевани Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқ қурбони сифатида маҳкамага олиб чиқиш ҳаракатида. БМТнинг Қийноқларга қарши Конвенциясини имзолаган Ўзбекистон ҳукумати бундай маҳкамада жавобгар тараф сифатида кўрилиши мумкин.

Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда ўзининг жинсий тажовуз нишони бўлганинини эътироф қилган эди.
XS
SM
MD
LG