Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:52

Мен ўғри эдим, энди тўғри


"Эркин микрофон" бугунги сонида Қирғизистон жанубида ҳамон ўзбеклар камситилаётганидан гапирган ўшлик ўзбек ва бир пайтлар ўғрилик қилганидан пушаймон бўлиб, ҳозирда ҳалол меҳнат қилаётган тошкентлик йигитнинг ҳикоясини тингланг.


Ўзбекларга кун йўқ

60 ёшли Абдуназархўжа ака Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан бўлиб, Ўш қирғинидан кейин Россияга кетишга мажбур бўлганлардан бири. Абдуназархўжа ака Россияда юрган юзлаб қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳолидан хабар олгувчи йўқ дея нолийди.

- Россияга чиқиб кетдим. Бу ерда юришнинг иложи бўлмаяптида. Бизнинг ўзбек халқини одам қаторига қўшмаяптида. “Сен кимсан?” деб сўрайдиган одам йўқда. Уларга закон бор, ўзбек халқига келганда закон ҳам, ҳеч нарса йўқ. Бир идорага келсанг, сизга жавоб бермайди. Документ тўғриласанг, документга ҳеч нарса бермайди. Ҳозир менинг ўзимнинг аҳволимни айтсангиз, бир нарсани қилишга мадорим етмайди. Мана қизимнинг уйини ëқиб куйдириб юборишган. Яна битта жиянимнинг уйи куйиб ëниб кетган. Қариган чоғимда мана кўчадан кела олмасдан, кўчага чиқиб шуларнинг дардида нима қилишни билмасдан, бошни қайси тошга уришни билмасдан юрибмизда. Ватангадо бўлиб қолдикда ҳозир.

Озодлик: Россияда юрган қирғизистонлик ўзбекларнинг асосий муаммолари нима?

- Болалар борган жойларида стройкада ишлайди. Документ бўлиб қолса, яхши, документ бўлмаса, уларга яна проблема. Гапнинг қисқаси бизга ит ëтиш, мирза туриш бўлиб қолди. Қайси халқ бизни қўллайди, ким бизга ëрдам беради? Қирғизистон катталари бизга қарамаса. Биз қаерга бошимизни қўйишимиз керак, дейди Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан 60 ёшли Абдуназархўжа ака.

Чақимчилик орқали “қора бозор”ни тугатиб бўлмайди

Ўзбекистон парламенти хориж валютаси олди-сотдиси орқали кун кўраётган "қора бозор"ни тугатиш учун оддий аҳолини халқ тили билан айтганда чақимчилик ва жосусликка чақирган эди.

Қўқонлик Маҳмуджон ака Ўзбекистон ҳукуматининг валюта қора бозорига қарши курашда танлаган бу йўлини маъқулламаслигини айтади.

- Валютчиклар тўғрисида. Мана мен бозордан чиқаяпман. У ëққа, бу ëққа юраяпман. Бизда иккита бозор бор. Рўпарада хоҳлаган одам кўраяптики, бир даста пулни ушлаб “рубл борми, бошқа борми” деб туришибди қатор туришиб. Бир вақтлар қонун чиқаришди чақимчилик тўғрисида. Атайлаб чақиб бериш керак экан ўша турганларни. Нима орган ходимлари уларни кўрмайдими? Атайлаб кимдир чақиши керакми? Бу қарорни, қонунни тушунмадим. Доимий кўриниб туртган нарсани биз ушлаб беришимиз керак эканми? Мен биттасидан эшитдим. Ушлаб берибди. 100 долларми қанчадир пул алмаштирган. Иккаловини ҳам чақириб “Сен долларни қаердан олдинг? Ҳозирча мана бу ерда туради бу. Суддан кейин бу валютани олган жойингдан қоғоз топиб, пулингни қайтариб олиб кетасан” дебди.

Озодлик: Чақимчилик тўғрисидаги қонун амалда ишламаяпти эканда.

- Шуда. Қанақа қилиб ишлатиб бўлади уни? Роса кулгили нарсаку бу. Шунинг учун депутатлар ëки партиялар шуни кун тартибига қўйиб, эркин конвертация дейдими нима дейди, обмен пунктларни очайлик. Ўзбекистйон чегарасидан чиқиш билан биринчи бўлиб обмен пунктлари бор. Ҳамма давлатда бор. Нимага бизда йўқ? Бизга очмаяпти шуни. Бу ерда мафия. Мафиядан бошқа одам қилмайдику бу ишни. Ўшаларнинг юқорига доляси бор шекиллида. Нимага кўтариб чиқишмайди кўриниб турган нарсани? Депутати ҳам кўраяпти, сенатори ҳам кўраяпти. Халқ кўраëтган нарсани улар ҳам кўраëтгандир, дейди қўқонлик Маҳмуджон ака.

Саодат ва Малоҳат Тўмарисга қиёс

Россиядан қўнғироқ қилган асли қирғизистонлик Акмалжон ўзбек журналистлари Саодат Омонова билан Малоҳат Эшонқуловаларнинг порахўрлик ва коррупцияга қарши курашларини мардлик дея баҳолайди.

- Кўпчилик бўлиб Саодат Омонова, Малоҳат Эшонқуловаларнинг тақдири нима бўлди деб сўрамоқчи эдик. Бизлар қирғизистонлик бўлсак ҳам, Ўзбекистон телевидениесини кўрамиз асосан. Буларнинг нималарини Ëшлар телеканали орқали кўп кўрганмиз. Буларнинг дадил чиқишганининг ўзи мардлик. Тўмарислар қаторига қўшса бўлаверадиган. Ҳозирги сиëсий ҳолатда шуларга қўшса бўлади. Мардликда бу. Ҳеч ким чиқа олмаяпти. Коррупцияни, порахўрликни ҳамма кўриб турибди. Булар мардлик қилиб чиқди. Ҳаëтларини тикиб чиқишди. Айтиб олишди. Иккаласи бўлса ҳам чиқишди булар митинг қилиб. Кўпчилик қўшилмаган бўлса ҳам, Ўзбекистонда ҳаëтини хавф остига қўйиб чиқишининг ўзи мардлик, дейди Россиядан қўнғироқ қилган асли қирғизистонлик Акмалжон.

Собиқ ўғрининг иқрори

Уч йилдан буён Россияда ишлаётган асли Тошкент вилоятидан бўлган бир тингловчи ўзини собиқ ўғри дея таништирди.

Икки йил давомида майда безориликдан тортиб машина ўғирлашгача бўлган "ҳунар" билан шуғулланганини ҳикоя қилган бу йигит ҳозирда ҳалол меҳнат орқали пул топаётганини айтади.




Офарин ўзбек футболчилари!

Наманганнинг Норин тумани Ҳаққулобод қишлоғидан бўлган Ҳайдарали Комилов ўзини ҳақиқий футбол ишқибозларидан бири санайди.

- Мана ярим финалга етиб бордик. Албатта ютуқлардан хурсандмиз. Лекин ҳали командани яхши, тўлиқ деб айтолмайманда. Анча хавотирларим бор. Мен 1966 йилдан бери кўраман футболни. Составни қарасангиз, тоталний футболбопда. Нуқул нападаюшийлардан ташкил топган, полузашитниклардан. Зашитниклар йўқ ҳисоб. Қани энди бизникилар Лобановскийнинг усулини қўлласа. Бу дегани 1967 йилларда Лобановский Динамо Киевда шунақа қилиб командаларни ютишган. Зашитада тўпни узоқ ушлаб қолиб иложи борича рақибга тўпни бермасдан. Кутилмаганда пас берардида гол урволиб, уиларга иложи борича тўпни бермасди.

Озодлик: Футбол ишқибози сифатида нима деб ўйлайсиз Ўзбекистон финалга чиқа оладими?

- Бу галгиси Австралия. Булар технический ҳам, физический ҳам кучли болалар.

Озодлик: Австралия билан ўйин ҳисоби нечага неча бўлиши мумкин?

- Жуда қийин масалаю, биз уларга битта уришимиз мумкин.

Озодлик: Уларчи?

- Агар биз олдин уриб олсак, шу ҳисобни ушлаб қолишга ҳаракат қилсак бўлади. Шунга ният қиламан 1:0 бўлишини. Бир шеър ëзган эдим. Рухсат берсангиз, ўқиб берсам.

Озодлик: Марҳамат.

Ўзбекистон бўш келма асло,
Миллионларнинг нигоҳи сенда,
Бор кучингни ҳужумга ташла,
Ғалабага муштоқ биз бунда.

Рақибларни қолдириб доғда,
Тўплар ургин бизлар мададкор,
Қатар юрти майдонларида,
Омад фақат сенга бўлсин ëр.

Италянлар, руслар, японлар,
Шиддатингга тан берсинлар,
Инглизлар, фаранг, олмонлар,
Беллашмоққа келаверсинлар.

Майдондаги ўн бир арслоним,
Қани кўрсат ким эканингни,
Одил, Олег, Сервер ўғлоним,
Мадҳин янграт ҳур ватанимни.

Ғолиб бобом Темурнинг қони,
Томиримда жўш уриб юрсин,
Озод Ўзбекистон байроғи,
Жаҳон бўйлаб ҳилпираб турсин.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG