Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:54

Тожикистонда "Маҳмуднинг одамлари" қўлга олинди


Тожикситоннинг Хатлон вилоят Ички ишлар бўлими расмийси Суҳроб Салимовнинг айтишича, Маҳмуд Худойбердиевнинг "одамлари" вилоятда террорчилик ҳаракатлари содир этишни режалаган.
Тожикситоннинг Хатлон вилоят Ички ишлар бўлими расмийси Суҳроб Салимовнинг айтишича, Маҳмуд Худойбердиевнинг "одамлари" вилоятда террорчилик ҳаракатлари содир этишни режалаган.

Тожикистон жанубида Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда гумонланган етти нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Хатлон вилоят Ички ишлар бошқармасига кўра, ,бу одамларнинг асл мақсади тожикистонлик ёшларни Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига жалб қилиш бўлган.

Хатлон вилояти Ички ишлар бошқармаси январ ойи бошида Маҳмуд Худойбердиев тарафдорлари экани айтилаётган етти нафар шахс ҳибсга олигани ҳақида хабар тарқатди.

Мазкур идора масъули Суҳроб Салимовнинг Озодлик радиоси мухбирига маълум қилишича, уларга нисбатан аллақачон жиноят иши очилиб, тергов бошланган. Ўзбекистондан Россияга ва ундан сўнг Тожикистоннинг жанубий ҳудудига ўтган бу етти одамнинг Хатлон вилоятидаги ёшларни Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига жалб қилиш ва бу вилоят ҳудудида террор ҳужумларини уюштирш билан шуғуллангани маълум қилинди.

Хатлон вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини Салимов тергов жараёнига халақит бермаслик мақсадида ортиқча тафсилотлардан тийилишини билдирди.

Расмий Хатлон вилоятида исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзоларини қўлга олиш мақсадида 2011 йил учун махсус режа ишлаб чиқилганини қўшимча қилар экан, ҳозирча бу режа тафсилотлари ҳам сир сақланишини билдирди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Маҳмуд Худойбердиев Тожикистонни тарк этганига қарийиб 13 йил тўлган эса-да, у ва унинг тарафдорларини қўлга олиш ва жазолашга қаратилган тадбирлар йил сайин кучаймоқда.

Тожик мулозими Суҳроб Салимов Хатлон вилоятида исёнчи полковник тарафдорларини қўлга олиш тадбирларига ички кучлар халақит бераётганини қистириб ўтди.

- Халқаро қидирувда бўлган Маҳмуд Худойбердиев ва унинг гуруҳига аъзо шахслар расмлари вилоят, шаҳар бозорларида, жамоат жойларида осиб қўйилган эди. Аммо қандайдир номаълум шахслар тунда бу расмларни йиртиб, улоқтириб кетмоқда. Ҳозирда фақат Ички ишлар бошқармаси ҳовлисидаги стендда ўша расмлар сақланиб қолган холос, -дея маълум қилди Хатлон ҳукумат мулозими Суҳроб Салимов.

Эслатсак, Маҳмуд Худойбердиев ва унинг тарафдорлари бўлган тахминан 36 одамга нисбатан 1997 йилда халқаро қидирув эълон қилинганди. Шу кунгача “Маҳмуднинг одами” саналганларнинг кўпчилиги ҳибсга олиниб, суд ҳукми билан узоқ йиллик қамоқ жазоси олди.

Жумладан, 2010 йил Худойбердиев гуруҳининг 9 нафар аъзоси Хатлон вилоятида қўлга олиниб, уларнинг ҳар бири 12 йилдан 15 йилдангача озодликдан маҳрум қилинган эди. Бу гуруҳ аъзоларининг барчаси Хатлон вилоятида диверсия ёки бузғунчиликда айбланганди.

Аснода ўша судланганлардан бири, 13 ярим йилга кесилган Мансур Нуровнинг оқловчиси Саиджаббор Алиев “Маҳмуднинг одами” сифатида қўлга олинаётганларга судлар кўпинча адолатсиз ҳукм чиқараётганидан норозилик билдирди.

- Масалан, менинг ҳимоямда бўлган Мансур Нуров 1998 йилга жиноят кодексига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилди. Ваҳолангки Нуров 1997 йил содир этган жиноятлари учун айбдор деб топилган ва Тожикистон Соцалистик республикасининг 1961 йилги жиноят кодекси асосида жазоланиши лозим эди. Бу ўз навбатида унга белгиладиган жазо муҳлатини камайтирган бўларди, - дея билдирди оқловчи Алиев.

Айни пайтда расмий Душанбе Маҳмуд Худойбердиев ва унинг каттагина гуруҳи Ўзбекистон ҳудудидан бошпана топганини иддао қилади.

Тожикистон Бош прокуратураси ҳам бир неча марта Ўзбекистонга расман мурожатида Маҳмуд Худойбердиев ва унинг гуруҳини тожик томонига ихтиёрига топширишни илтимос қилган эди.

Аммо Бош прокуратура масъулларининг билдиришича, расмий Тошкент Тожикистон таклифига на оғзаки ва на ёзма тарзда жавоб қайтармаган.

Айни пайтда Тожикистон жанубида эса “Маҳмуднинг одами” эканликда гумонланган кишиларни қўлга олиш амалиётлари эса йил сайин авжига чиқмоқда.
XS
SM
MD
LG