Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг хабар қилишича, ўзбекистонлик яна беш фуқаро Туркманистон чегарачилари томонидан ҳибсга олинган¸ қолган 5 фуқаро эса қочишга муваффақ бўлган.
Ҳозирда бу фуқароларнинг шахсини аниқлаш устида ишлаётганини айтган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовга кўра, қўлга олинган ва ўлдирилган фуқароларнинг ҳаммаси чегарадан ноқонуний равишда ўтиб-қайтиб, чакана савдо билан шуғулланиб юрган ўзбекистонликлар бўлган.
- Ташкилотларнинг аъзоларидан, бизларга Қашқадарëдан ахборот келди. Қашқадарë вилоятидан 12та йигит ноқонуний Ўзбекистон-Туркманистон чегарасини кесиб ўтиб ҳар хил молларни – сигарет, бензин олиб келишаркан. Бундан бир ҳафтача олдин чегарачилар кўриб автоматлардан ота бошлаган. Натижада, менга маълум бўлишича, бештаси чегарадан ўтиб кетишга улгурган. Бундан ташқари¸ битта одам ўлдирилган, биттаси ярадор бўлган. Ҳозир ўқ еганлар Қарши болницасида ëтган эмиш. Бештаси қамоққа олинган. Туркман чегарачилари қамоққа олган. Ҳа, бу тасдиқланган. Бунақа хабарлар кўп бўлган. Ўтган йил ҳам бунақа ҳоллар яъни отишмалар ва бир неча одамнинг ўлдирилиши кўп бўлган. Биз буни ўтган йил хабарларимизда берганмиз. Туркманистонда бензин арзон экан. Бизларда жуда қиммат. Бизга нисбатан 5-10 баробар арзон экан у ëқда бензин. Биттаси мотоциклда бензин олиб келаëтганда отишган. Бу ўтган йил эди.
Озодлик: Исм-шарифи бизга маълуммас деяпсиз, отилган, жароҳатланганларнинг шахсига оид бошқа маълумотлар борми? Ëши нечада, қайси тумандан?
- Бизнинг у ердаги фаолларимиз ҳозир шуни аниқлашаяпти. Мен ахборотни олсам, алоҳида ахборот қилиб бераман.
Озодлик: Ташкилотингизнинг кузатувлари мисолида бирорта рақам келтира оласизми?
- Ноқонуний кесиб ўтганда чегарачилар отиб ўлдирган ҳоллари кўп бўлаяпти. Рақамга келганда айтишга жуда қийналаман. 10га яқин бўлиши мумкин, балки ундан ҳам кўп.
Озодлик: Қанча вақт ичида?
- Бир йил ичида демоқчиман. Бизларга етиб келган хабарлар бўйича биламиз. Лекин бир хил хабарлар етиб келмаслиги мумкин. Кўп ҳолда чегара олдида ëки атрофида яшайдиган аҳоли.