Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:40

"Кўчирилган Собир Раҳим ҳайкалини зиëрат қилдим!"


Узоқ йиллар виқор тўкиб келган бу ҳайкал¸ ҳозирда кўримсиз бир парк овлоғига ўрнатилган¸ дейди Озодликка сим қоққан Анвар ака.
Узоқ йиллар виқор тўкиб келган бу ҳайкал¸ ҳозирда кўримсиз бир парк овлоғига ўрнатилган¸ дейди Озодликка сим қоққан Анвар ака.

"Генерал Собир Раҳимов ҳайкалини кўздан панага олиш орқали Ўзбекистондаги расмийлар¸ миллатимиз ичидан чиққан фидокор инсонларни халқ онгидан ўчиришга ҳаракат қилмоқда"¸ дейди Озодликка сим қоққан тошкентлик Анвар Тўрахўжаев.

Собир Раҳимов шахсини одамлар онгидан ўчиришмоқчи

Тошкент шаҳрида яшовчи Анвар Тўрахўжаев Ўзбекистон ҳукуматининг Собир Раҳимов шахсига нисбатан тутаётган сиёсатини қўлламаслигини айтади.

- Яқинда ҳам тўрт-беш марта генерал Собир Раҳимовнинг бошқа жойга кўчирилган ҳайкалини зиëрат қилиб келдим. Шу ҳайкални ҳақиқатан ҳам инсонларнинг онгидан ўчиришга қилинаëтган ҳаракат деб кўрса бўлади¸ деб ўйлайман. Ҳозир янги жойга кўчирилган. Ярим метр баландликдаги подстаментга қўйилган ўша 3¸5 метр баландликдаги ҳайкал. Бирорта жойга ëзилмаган, ëзадиган жой ҳам йўқ. Кимлигини билмайди. Бир кўримсиз жойга жойлаштирилган. Паркнинг кичкинагина бир бурчагида. Одамларнинг онгидан ўчиришга ҳаракат¸ деб тушунаман¸ холос. Нари-бери 25 йилда туғилган болалар ўқимайди ҳам, билмайди ҳам. Кўрсатиб қўймаса, ëзиб қўймаса, албатта¸ ҳеч ким танимайди. Ана ўша ëшларга мен айтишим мумкинки, Собир Раҳимов ўзимизнинг ўзбек халқининг ичидан чиққан, халқи учун, ватани учун, давлати учун жонини фидо қилган, жасорати учун қўйилган ҳайкал. Шуни ҳеч ким билмайдида ҳозирги ëшлар. Ўзимизнинг миллатнинг ичидан шунақа фидокор инсонлар кимлигини кўрсатишга уринган СССР давридаги ҳолатларни бугунги кунда ўчириб ташлашга ҳаракат қилинаëтганидан кимга фойда, кимга зарар, нима кераги бор деб ўйлайман, дейди тошкентлик суҳбатдошимиз Анвар Тўрахўжаев.


Пулимизни мажбурлаб пластикка ўтказишди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи 61 ёшли Турсунбой Улуғов нафақа пулларини ўзидан сўрамасдан пластик карточкага ўтказиб юборилганидан шикоят қилди. 1-гуруҳ ногирони бўлган Турсунбой ота кўзи ожиз бўлиб, биров етаклаб юрмаса, ўзи юра олмаслигини ва пластик карточкага савдо қиладиган энг яқин дўкон 5 километр узоқликда жойлашгани боис мушкул вазиятда эканлигидан нолийди.

- Бир продукта олайлик десак¸ умуман ололмаймиз. Боролмаймизда. Шунинг учун жуда қийин масала бўлиб қолдида пластик карточка.

Озодлик: Уйингизга яқин жойда пластик карточкага савдо қиладиган дўконлар борми?

- Йўқ. Тўрт-беш километр бориш керак. Бориб савдо қилишга ҳеч шароит йўқда. Пластик карточкага ўзининг нархига бермайди. Масалан¸ беш литрлик мойни нақд пулга олсангиз 18 минг, пластикка оламан десангиз 20 минг. Бозорга борсангиз ҳам картошка керак, бошқа нарса керак. Уларни сиз пластик карточкага ололмайсиз. Шунинг учун почтачига бориб “Мен биринчи гуруҳ ногирони бўлсам. Бир жойга боролмайман. Сизлар нима учун ўтказдинглар пластик карточкага?” дедим.

Озодлик: Сиздан ҳеч ким розимисиз йўқми¸ деб сўрамади.

- Йўқ, ҳеч ким сўрагани йўқ. Қишлоқ селсоветидан ўғирликча паспорт серияларини олганда кейин прямой ўтказиб юборган пластик карточкага. Пластик карточкага 20 фоизми, 40 фоизми одамнинг ўзи рози бўлса, ўтказиш мумкин. Бўлмаса қандай қилиб ўтказади уни? Мен розиман деб тилхат ëзсангиз ëки ариза ëзсангиз, ўтказиши мумкинку. Бўлмаса қандай қилиб уни ўтказади дейманда, дейди Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи 61 ёшли Турсунбой Улуғов.


Озодликнинг ёш мухлиси – пайариқлик Дилмурод

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида яшовчи 15 ёшли Дилмурод Озодлик мухлисларидан бири. Икки йилдан буён Озодликни тинглаётган Дилмурод эфир орқали тарих ҳақида ҳам эшиттиришлар тайёрлашни сўрайди.

Озодлик: Неча ëшдасиз Дилмурод?

- 15.

Озодлик: Қайси эшиттиришларимизни эшитасиз?

- Жаҳонда бўлаëтган воқеалар ҳақида ëқади менга. "Чодирхаëл"га ўхшаган эшиттиришлар ëқади.

Озодлик: Кўпроқ қайси бири ëқади?

- Менимча, "Чодирхаëл" бўлса керак.

Озодлик: Сўз ўзбекча ФМ радиоларини ҳам эшитасизми?

- Ҳа, эшитаман.

Озодлик: Иккаласини солиштирганда қайси бири сизга кўпроқ маъқул?

- Менимча, Озодлик радиоси маъқулов.

Озодлик: Нима учун?

- Унда ҳақиқат сўзлайдида. Шунинг учун менга Озодлик радиоси маъқулроқ.

Озодлик: Қачондан бери эшитасиз Озодликни?

- Анча бўлди. Бир неча йил бўлди.

Озодлик: Унда анча кичкиналигингиздан эшитаркансизда. Яна қанақа эшиттиришлар беришимизни хоҳлардингиз?

- Мен тарих бўйича кўпроқ эшитишни хоҳлайман.

Озодлик: Тарихга қизиқасизми?

- Ҳа, қизиқаман, дейди пайариқлик суҳбатдошимиз Дилмурод.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG