Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:41

Миср кўчалари миллионлаб норозиларга тўлмоқда


Миср кўчаларидаги норозилик манзараси.
Миср кўчаларидаги норозилик манзараси.

1 феврал куни Қоҳира марказидаги Таҳрир майдони “Миллионлар марши” бешигига айланди ва кун давомида президент Ҳусни Муборак истеъфосини талаб қилаëтган норозилар сонининг 2 миллионга етгани хабар қилинди.


Миср пойтахти Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонига 1 феврал куни эрталабдан буён¸ Ал-Жазира телеканалининг воқеа жойидан бевосита хабар қилишича¸ 2 миллиондан ортиқ одам йиғилди.

Мамалакат мухолифати 2 феврал куни “Миллионлар марши” акциясини ўтказиш ва унга камида бир миллион одамни жалб қилишни режалаган эди.

Искандария, Сувайш, Асют, Мансурра ва Луқсор шаҳарларида ҳам минглаб одам намойишга чиқди.

Қоҳирада 100 минглаб одам намойиш ўтказмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00
Бевосита линк


Озодлик билан суҳбатда минтақадаги Alhurra телетармоғи мухбири Ториқ ал-Шамбий намойишчилар сонининг дақиқа сайин ортиб бораётганини айтади.

- Юз минглаб одам ҳозир Таҳрир майдонидаги намойишларга келиб қўшилмоқда. Ташкилотчилар президент Ҳусни Муборак кетиши талаб қилинаётган бу намойишга 1 миллион одамни жалб қилишни режалаган, дейди мисрлик журналист куннинг биринчи ярмида.

Гувоҳларга кўра¸ норозилар Ҳусни Муборакка қиёсланган қўғирчоқларни кўчадаги симчироқларга осиб қўйган, қўғирчоқлар кўксига эса “Биз қотил президентни судга беришни истаймиз!” деган ёзувни ёпиштирган.

Намойиш ташкилотчилари 8 кун муқаддам бошланган намойишларнинг 1 феврал кунгисини умумхалқ иш ташлаши, деб эълон қилди.

Айни пайтда мухолиф етакчиси Муҳаммад ЭлБарадей Ҳусни Муборакни қон тўкилишини эҳтимолдан соқит қилиш учун жумагача қолдирмай ҳукуматни тарк этишга чақирди.

- Мисрликларнинг биринчи талаби шуки, бу халқ мамлакатда хавфсизлик, озодлик ва демократияга асосланган янги ҳаётни бошлаши учун президент Муборак ҳокимиятни тарк этиши керак, деди ЭлБарадей.

Бирлашган Миср мухолифати Муборак ва унинг ҳокимияти билан ҳеч қандай мулоқотга бормаслиги ҳақида баёнот тарқатди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллай ҳам 1 феврал куни Мисрда “Миллионлар марши”га қатнашаётган норозиларни босиқ бўлишга чақирар экан, бу акция улар ҳаётидаги туб бурилиш нуқтаси бўлиши мумкинлигини таъкидади.

У Мисрдаги ғалаёнлар чоғида 300 одам ўлдирилгани ҳақида норасмий маълумотлар борлигини айтди.

Шунингдек, БМТ намояндаси Мисрдаги ноҳукумат ташкилотларидан келаётган маълумотларга асосланиб, 3000дан ортиқ одам жароҳатлангани ва юзлаб одам ҳибсга олингани ҳақида норасмий маълумотлар борлигини айтди.

Шу боис, БМТ расмийси Муборак ҳукуматидан полициячиларнинг намойишчиларга қарши куч қўлламаслигига кафолат беришга чақирди.

Айни пайтда Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Миср президенти Ҳусни Муборакни намойишчилар талабларига қулоқ тутишга чақирди.

Парламентда қиладиган анаъанавий ҳафталик нутқи чоғида ўз чақириғини “жуда самимий маслаҳат, жуда самимий огоҳлантирув”, деб атаган Эрдўғон Муборакка қарата шундай деди:

- Одамларнинг ҳайқириқлари, инсоний талабларни тингланг. Ҳеч иккиланишларсиз халқнинг ўзгаришлар ҳақидаги истакларини қабул қилинг!

Ҳозирча Ҳусни Муборак на кўчадаги миллионлаган халқ ва на сафи сийраклашиб бораëтган хорижий иттифоқчиларининг бу каби маслаҳатларига қулоқ осадиган кўринмайди.

Айни пайтда¸ Мисрдаги мустақил мухбирлар норозилик намойишлари домига тортилаëтган шаҳарлар сафининг кенгайиб бораëтганини хабар қилмоқда.
XS
SM
MD
LG