Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:32

Ўзбекистонда ҳокимлар халқ ичига киришдан қўрқади


Ўзбекистонда ҳокимлар алмажгани билан оддий халқ елкасига офтоб тегмаëтир¸ дейди Озодлик суҳбатлашган оддий одамлар.
Ўзбекистонда ҳокимлар алмажгани билан оддий халқ елкасига офтоб тегмаëтир¸ дейди Озодлик суҳбатлашган оддий одамлар.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда бир қатор район ҳокимлари бевосита пора олиш чоғида қўлга олиниб¸ жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Аммо оддий ўзбекистонликлар фикрича¸ аҳëн-аҳëндаги бундай қурбонлик ҳокимларни халқпарварликка эмас¸ балки Тошкентга қуллуқ ва қулликни янада кучайтиришга ундамоқда.


28 январ куни Андижон вилояти Булоқбоши тумани ҳокими Маъруфжон Раҳимов ўз лавозимидан бўшатилди.Андижондаги маҳаллий газеталарга кўра, Маъруфжон Раҳимовнинг 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пора билан қўлга тушгани унинг ҳокимлик курсисидан айрилишига сабаб бўлган.

Айни пайтда Булоқбошини янги ҳоким бошқараяпти. Туманнинг эски ҳокимини ҳам¸ янги ҳокимини ҳам халқ сайламади¸ балки амалдаги қонунларга кўра, улар юқоридан тайинланди.

Шу боис Озодлик суҳбатлашган оддий одамлар бу ҳокимнинг ҳам халқ эмас¸ балки ўзини тайинлаган юқорига ҳисоб бериши¸ бутун ишини юқоридан дакки-дашном эшитмасликка¸ юқорига юқишга сарфлашидан ажабланмасликларини айтади.

Андижоннинг Булоқбоши туманида яшовчи Очилхон Раҳмонқулов кейинги 10 йил давомида туман ҳокимлиги биносига 35 марта қатнади. Бу даврда туманда икки марта ҳоким алмашди.

Ўн йил давомида иккала ҳоким кабинетининг эшиги ҳам Очилхон ака учун очилмади.

- Мен пенсия талаб қилиб ҳокимиятга 35 марта кирдим. Лекин бирор марта қабулига кира олганим йўқ. Учратган эмасман мен ҳокимни ҳеч. Ўзимизнинг гапимизни айта олган эмасмиз. Бизга ўхшаган одамларга энди сал бундайроқ қаралади-да, дейди Очилхон Раҳмонқулов.

Очилхон ака Булоқбошида ҳокимларнинг оддий халқ билан умуман мулоқот қилмаслиги ва аҳоли дардига қулоқ солишмаслигидан нолийди.

Туман ҳокимлари кабинетининг оддий аҳоли учун ёпиқлиги нафақат Булоқбошида¸ балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги туманларда ҳам бирдай кузатилади.

Сурхондарёнинг Сариосиё туманида яшовчи Фахриддин Аҳмедовга кўра, туман ҳокимлари аҳолини қабул қилмаслиги баробарида ўзлари ҳам деярли халқ ораламайди.

- Туман ҳокимлигига кириш қийин. Ҳокимликка кириб очеред олиш керак. Киргани қўйишмайди. Посбонлар туриб олишади ҳокимиятнинг олдига. Буюрилганми қандайдир. Тўғридан тўғри ҳокимнинг ўзи билан учрашиб бир нарса айтиш ҳам қийин. Роса муаммо, кириш қийин. Мана масалан¸ ўзимизнинг қишлоқ бўйича оладиган бўлсак, туман ҳокимимиз бир йилнинг ичида бир марта келди. У ҳам пахта даврида. Фермер бажарган пайтда халқни табриклаб кетдида. Айланиб мактаб, маҳаллаларни кўргани, фуқаролар билан суҳбатлашганини кўрганимиз йўқ, дейди Фахриддин Аҳмедов.

Жиззахнинг Зарбдор туманида яшовчи Содиқ Сиддиқов туман ҳокимлари халқ орасига киришдан қўрқишини айтади.

- Совхозда ишлаб юрган пайтларимизда хокимлар келарди. Келган-кетганда кўриб турардик далада ишда бўлганимизда. Ҳозирги кунда ҳокимни кўрмаймиз ҳам, танимаймиз ҳам, эшитмаймиз ҳам.

Озодлик: Ҳокимлар қишлоқларга, маҳаллаларга келиб туришадими?

- Унақа гапни айтиб одамнинг кулгисини қистатманг. Агар улар сўраб келадиган бўлса, коммунизм бўлиб кетадику. Арз қилиб борсак, қулоқ солишмайдику. Оралаб нима қилади? Оралаш учун у халққа жавоб бериши керак. Отамиз бошлиқку, отамиз бошлиқ. Раҳбарларнинг ҳаммаси қўрқишади. Халқнинг ичига кирса, сўрашади, муаммо, талаб қилишади. Газ керак, сув керак, йўлларинг расво, иш керак, тирикчилик керак дейди. Қайси бирига қандай жавоб беради? Мана мен ўзим қачондан бери иш қидираман, дейди Содиқ Сиддиқов.

Андижон вилоятида яшовчи 73 ёшли Соҳибжон ота ҳокимларнинг халқ билан умуман иши бўлмай қолганига анча замонлар бўлганини айтади.

- Ҳокимиятга ишим тушмади, умуман ишим тушмасин ҳам. Мен ҳокимнинг исмини ҳам, фамилиясини ҳам билмайман. Ҳоким қай ҳолатда гаплашади фуқаролар билан. Йўлнинг бўйига гул эк, йўлнинг бўйини тоза тут, йўлнинг бўйича қурилган иморатни икки этаж қил¸ деб гапириб кетади. Ўша ҳолатда ҳоким айланади. Бўлмаса мен ҳокимнинг маҳалламизга келганини кўрган эмасман. Ҳозир ҳокимларнинг халқ орасида юрадиганини мен кам кўраман. Умуман кўрганим йўқ. Биттасини билардим. Уйини ҳам қурмасдан эски иморатда ўтиб кетган ҳокимларни ҳам кўрдик. Қандай халқ сингари яшаган бўлса, ўшандай халқ сингари ўтиб кетишди. Ҳозирги ҳокимларнинг бари ўзимга бўлсин, ўзим бўлай дейдиганлар, дейди Соҳибжон ота.

Соҳибжон ота ҳокимлар халқ томонидан сайланмагани учун ҳам уларнинг оддий халқдан узоқлигини айтади.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига кўра, туман хокимларини халқ сайламайди, балки улар юқорининг кўрсатмаси орқали тайинланади.

Мамлакат Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида маъсул лавозимларда ишлаган собиқ мулозим Шаҳриёр Узоқов туман ҳокимларининг тайинланиш схемасини шундай ифодалайди.

- Туман ҳокимларини вилоят ҳокими тавсия этади. Вилоят ҳокимининг қарори билан тайинланади. Аслида эса улар президент девонининг кадрлар бўйича давлат маслаҳатчисининг суҳбатидан ўтибгина тайинланади. Тайинланишга ҳуқуқий меъëрий ҳужжатни вилоят ҳокими чиқаради, дейди Шахриёр Узақов.

Давлат органларида ишлаган, ўз исми ошкор этилишини истамаган бошқа бир собиқ мулозим бу жараённинг бутунлай коррупциялашганини айтади. Бу суҳбатдош иддаосига кўра, туман ҳокимлиги лавозимини эгаллаш учун "номзодлар" президент девонининг маъмурий хўжалик бўлимидаги керакли шахсларга камида 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора узатиши шарт.

Собиқ мулозим Шаҳриёр Узоқов туман ҳокимларини халқ сайлаши шартлигини ва шундай ҳолатдагина улар халқ билан ҳисоблашишини айтади.

- Нима учун бизда, демократик ҳуқуқий давлатда президент сайланадию, энг қуйи орган маҳалла фуқаролар йиғини ҳам сайлов йўли билан сайланади. Ўртадаги вилоят ҳокими, туман ҳокимлари тайинланади. Тепадан қуйига, қуйидан юқорига бўлган кейин вилоят ва туман ҳокимлари ҳам халқ томонидан сайланса, бу мақсадга мувофиқ бўлар эди ва халқнинг дардини тинглар эди. Халқ билан бирга бўлар эди. Ўша анча мақсадга мувофиқ бўлар эди. Давлат тизими ҳам бир хил йўналишда бўлган бўлар эди, дейди
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг собиқ мулозими Шаҳриёр Узоқов.
XS
SM
MD
LG