Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:17

Қорасувлик имом Рашод қори Камолов озод этилди


Кўплаб қорасувликлар жума намозини Рашод қори имомлигида ўқиш орзусида.
Кўплаб қорасувликлар жума намозини Рашод қори имомлигида ўқиш орзусида.

Қорасув жомеъ масжидининг имом-хатиби Рашод қори Камолов 16 кун ҳибсда ушланганидан сўнг¸ 3 феврал куни озодликка чиқарилди. Аввалига Бишкекдаги Свердлов тумани тергов изолятори, кейин эса қамоқхонада сақланган Рашод қори Камолов икки Ўзбекистон фуқароси аризаси билан ҳибсга олинган эди.


Куни кеча Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Раҳматулло Аҳмедов имомга қарши киритилган шикоят аризасида унинг “Саудия Арабистонига виза олиб бераман, деган ёлғон билан улардан 6 минг 300 АҚШ доллари миқдорида пул олган”и айтилганини маълум қилган эди.

Шунга асосланиб, Қорасув имом-хатибига Қирғизистон Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-банди билан айблов эълон қилингани ва қидирувга берилгани расман маълум қилинган эди.

Эндиликда унинг озод этилиши ҳуқуқий асослари ҳақида бирор бир расмий баёнот ҳозирча бўлгани йўқ, аммо 3 феврал куни кечга яқин Қорасувдаги уйига етиб борган Рашод қори Камолов Озодлик билан суҳбатда ўз адвокати айбсизлигини исботлаб бергани ҳақида сўзлади.

Айни пайтда Рашод қори Камловнинг Туркия Бош вазири, замонавий Ислом дунёсининг етакчиларидан бири, дея баҳоланадиган Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Бишкекка расмий сафаридан бир кун ўтиб Озодликка чиққанини ҳам эслатиш жоиз.

Озодлик:
Сизни эсон-омон озодликка чиққанингиз билан табриклаймиз. Сизни тингловчилар ҳам кутишди. Сиз 18 январда ҳибсга олинганингиздан бери бизга тинимсиз хабарлар келади, СМСлар келади¸ “Рашод қори қандай?” деб сўраб туришади. Ўзингиз қандайсиз, соғлиқларингиз қандай?

- Алҳамдулиллоҳ соғлигим яхши. Оллоҳга ҳамдлар бўлсин. Биласизми, бир туҳматлар билан Бишкекда тақрибан 9 кун ушлаб туришди. Ундан кейин турмага жўнатишди. Алҳамдулиллоҳ¸ бу ўтди. Иншооллоҳ¸ ўтмишда қолди, ўтиб кетди.

Озодлик: Биз тушунмай қолдик. Расман бизга “Ўзбекистоннинг иккита фуқароси аризасига биноан қўлга олинди. 6000 АҚШ долларидан кўпроқ пул олган алдов йўли билан” деган хабар келган эди. Шунақа шикоят аризаси тушган экан. Сиз у аризани кўрдингизми? Нималар ҳақида гап кетади ўзи бу шикоят аризасида?

- Унақа асосли бир нималар йўқ. Минг афсус бўлсин шунақа туҳматлар билан муомалада бўлди. Бугунги кунда Озодлик бутун дунëдаги мусулмонлар эшитадиган ахборот воситаси бўлиб қолган. Ҳаттоки маҳбусларгача буни эшитишар экан. Мен ичкарида бунга гувоҳ бўлдим. Биласизми, бугунги кунда дунë жамоатчилигининг олдида куч ишлатар тузумларининг қабиҳ, ваҳшиëна юзларини, уларнинг маҳбусларга нисбатан ҳаракатини, хоссатан мусулмонларга бўлаëтган ҳаракатини дунë жамоатчилиги билиб турган нарса. Шулар қатори менга ҳам бўлди. Лекин бу нарса¸ алҳамдулиллоҳ¸ ўтмишда қолди, ўтиб кетди. Оллоҳ таоло олдида гуноҳларимиз кўп, гуноҳларимизга каффорат бўлиб ўтиб кетди.

Озодлик: Сиз айбсизлигингизни исботлаб бердингизми? Қандай бўлди?

- Айбсизлигимни, ҳеч қанақа бир нимам йўқлигини адвокатим исботлаб бергандан кейин тўхтатишди ўзлари.

Озодлик: Суд бўлдими?

- Биласизми, судни менсиз ўтказишган. Прокурор, адвокат қатнашган. Тергов мобайнида икки ой ушлаб туриш деб қарор берилган экан. Шу бекор қилинди.

Озодлик: Демак, сизнинг иштирокингизсиз суд бўлган, адвокатингиз сизнинг айбсизлигингизни исботлаб берган шундайми?

- Ҳа.

Озодлик: Сизга муносабат қандай бўлди?

- Биласизми менга нисбатан бўлган муносабат бутун мусулонларга бўлган муносабат қатори бўлди.

Озодлик: Тазйиқ бўлдими, қанақадир куч ишлатилдими?

- Унақа тазйиқ бўлиб¸ қаттиқ тазйиқ бўлмади. Лекин ҳибсхонага тушдингиз дегани¸ тазйиқ дегани ўзи. Ҳибс бўлишлик дегани¸ ўзи тазйиқ дегани.

Озодлик: Демак, сиз озодликка чиқдингиз ва сизга нисбатан ҳеч қандай кучга эга бўлган айблов йўқ. Айбсизлигингиз исботланиб озодликка чиқдингиз.

- Ҳа, алҳамдулиллоҳ.

Озодлик: Қорасувликлар сиз ҳибсга олинганингиздан бери “Рашод қори озодликка чиқади” деб келишар эди. Охир-оқибатда қорасувликлар ҳақ бўлиб чиқди. Сиз озодликка чиқдингиз. Бу ëғига нима қиласиз энди?

- Диний фаолиятимни давом эттираман. Иншооллоҳ¸ Оллоҳ қодир қилган кунга қадар мусулмонларга диний таълимот беришликда давом этаман.

Озодлик: Эртага жумада имомликка ўтасизми?

- Албатта, иншооллоҳ.

XS
SM
MD
LG