Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:50

Каримов қуëши кунчиқарда ҳам чарақламоқда


Ўзбекистон ва Япония делегациясининг 7 феврал куни Токиода ўтган учрашуви ҳақида NHK World халқаро эшиттиришлар хизмати узатган видеорепортаждан олинган сурат.
Ўзбекистон ва Япония делегациясининг 7 феврал куни Токиода ўтган учрашуви ҳақида NHK World халқаро эшиттиришлар хизмати узатган видеорепортаждан олинган сурат.

Ғарб ҳукуматлари ва тизимлари Афғонистондаги ҳарбий амалиëтлар¸ ëнилғи ва хавфсизлик соҳасида Тошкент режими ëрдамига муҳтож бўлиб турган бир пайтда¸ айрим манбалар Япониянинг ҳам ўз энергетик хавфсизлиги келажагини Ўзбекистон билан ҳамкорликка тикканини айтмоқдалар.


Токио Тошкент делегациясини хурсанд қилди

Токиодаги NHK World Халқаро эшиттиришлар хизмати берган хабарга кўра, 7 феврал куни Япония иқтисодиёт вазири Банри Каиэда билан Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимов ҳамда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазири Галина Саидова ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид бир неча муҳим ҳужжат имзоланган.

Булар орасида Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, уран ва бошқа табиий бойликларни ўзлаштириш¸ шунингдек икки давлат ўртасида савдо ва сармоя соҳасидаги ҳамкорликка оид меморандумлар бор.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг кун чиқар юртга амалга ошираётган учинчи расмий сафаридан кўзланган муҳим мақсад, мустақил ўзбек матбуоти ва Россия нашрларининг ëзишича¸ 247 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит битимига эришишдир.

Айрим норасмий манбалар бир вақтлар япон мутахассисларига “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” темир йўли йўналишидаги 5 кўприкни қурдирган Ўзбекистоннинг Япониядан 170 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз бўлиб қолганини айтмоқда.

Афтидан, президент Каримовдан олдинроқ Токиога борган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов етакчилигидаги делегация қарзлар тўловини кечиктириб туриш тўғрисида япон томони розилигига эришган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Япония Бош вазири Наото Кан билан сўзлашувлари натижасида расмий Тошкентнинг сармоя тўғрисидаги сўровининг ҳам қондирилиши тахмин қилинмоқда.


Япония энергетик хавфсизлиги Тошкентга қарам?

Ўзбекистон ва Япония муносабатларини кузатиб келаётган ва ўзи ҳам уч бора Ўзбекистонга сафар қилган япон журналисти Ёкота Жампей икки давлат вазирлари имзолаган ҳужжатлар Япония учун аҳамиятлидир, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Табиий бойликлар заҳираси, айниқса, уран заҳираларини ўзлаштириш бўйича Ўзбекистон билан келишилган ҳужжат Япония учун жуда зарурдир. Бунга қадар Японияга уран етказиб бераётган Хитой билан муносабатлар совуқлашгани ортидан Япония муқобил манбаларни қидирмоқда ва Ўзбекистон уранга бой давлатлигини яхши биламиз, дейди япон журналисти.

Япония-Хитой муносабатларининг совуқлашишига Хитой балиқчи кемасининг Япония сарҳадларига ноқонуний киргани ва унинг ортидан туғилган можаро сабаб бўлган эди.

Ройтер агентлиги берган хабарга кўра, Ўзбекистондаги уран заҳираларини ўзлаштиришда ҳамкорлик қилишга оид 10 йиллик ҳужжат Япониянинг Itochu корпорацияси ва Ўзбекистоннинг Навоий тоғ-кон металлургия комбинати ўртасида имзоланган.

Келгуси йиллар ичида дунёда уранга нисбатан эҳтиёжнинг ортиши ҳақидаги башоратлар кучайган айни кезларда японлар уран қазиб олиш бўйича дунёда 7, уран заҳиралари бўйича эса 12 ўринда турадиган Ўзбекистон билан алоқаларни кучайтирмоқда.

Япон мутахасислари келгуси йиллар ичида Япониянинг энергетик хавфсизлиги айнан уранга боғлиқ бўлишини айтмоқдалар. Уранга нисбатан йиллик эҳтиëжи 9 000 тонна бўлган Япония учун йилига 2 100 тонна атрофида уран ишлаб чиқарадиган Навоий тоғ-кон металлургия комибинати билан 10 йиллик битимга эришиш муҳим ҳаракатдир¸ дейди журналист Ёкота Жампей.

- Ўзбекистон иқтисодиёти ўсаётган бўлгани боис гарчи, сиёсий вазият бироз оғир бўлса-да, бу давлат билан иқтисодий алоқаларнинг келажаги бор, деб ўйлайман. Чунки бу давлат ҳозир ташқи молиявий ёрдамга муҳтож ва муҳими, бу давлатнинг ўзида ҳам бой табиий заҳираларни ўзлаштиришга улкан эҳтиёж бор, дейди япон журналисти Ёкота Жампей.


Япония ўзбек ëшлари ва ўзбек бозорини ҳам унутгани йўқ...

Ҳозир Япониядаги Daido автомобилсозлик компаниясида менеджер лавозимида ишлаётган ўзбекистонлик Шоҳруҳ Ҳамроқулов бундан беш йил муқаддам талаба сифатида Японияга борган кезларидан икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кузатиб келади ва бу ҳамкорлик истиқболини юқори баҳолайди.

- Ҳозир Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик соҳалари орасида биринчи ўринда автомобилсозлик туради. Масалан, Isuzu команияси Самарқанддаги автомобил заводида катта ишлар қилаяпти.

Иккинчи ўринда, таълим соҳаси, менимча. Япониянинг JICA ташкилоти дастурлари орқали кўпгина ёшлар келиб бу давлатда таълим олишяпти.

Яна битта йўналиш шу табиий бойликлар соҳасида эди. Фақатгина шу Ўзбекистондан денгизга йўл йўқлигигина бу алоқаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилиб турибди, менимча, дейди Шоҳруҳ Ҳамроқулов Озодлик билан суҳбатда.

2000 йилдан 2010 йилга қадар жами 206 талаба грант асосида Японияда ўқиш имконияга эга бўлди ва Шоҳруҳ Ҳамроқулов улардан биридир.

Япония Ўзбекистондаги турли маърифий лойиҳаларга энг катта грант ажратаëтган мамлакатлардан бири ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG