Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:11

Arbuz.com администратори ҳибсга олишларни тасдиқлади


Arbuz.com форумининг бош саҳифаси.
Arbuz.com форумининг бош саҳифаси.

Ўзбек зиëли ëшлари орасида машҳур бўлган Arbuz.com форуми таҳририяти сўнгги кунларда форум иштирокчиларидан бир нечтасининг ҳибсга олинганига оид хабарларга ойдинлик киритувчи баёнот тарқатди. Унга кўра¸ тазйиқлар боис¸ форумдаги энг фаол баҳслар олиб ташланган.


Ўзини интернет форуми администратори, деб тақдим қилган Насим Мансуров форум эгалигини бошқа шахсга ўтказаётган ва унинг нормал фаолиятини йўлга йўқиш учун ундаги уч йирик бўлим – “Ўзбекистон: Муаммо ва ечимлар”, “Дин” ва “Қирғизистондаги фожеали воқеалар” номли бўлимларни олиб ташлашга қарор қилганини билдирган.

Шу кунларда Насим Мансуровнинг бу баёноти Arbuz.com интернет форуми иштирокчилари томонидан эътироз билан қарши олинмоқда ва бу билан Ўзбекистондаги анчагина жиддий ижтимоий-сиёсий масалалар устида эркин фикр билдириб келган ёш ўзбек зиёлиларнинг онлайн клубига айланган бу масканда цензура ўрнатилгани айтилмоқда.

Насим Мансуровнинг Arbuz.com сайтига 6 феврал куни жойлаган инглиз тилидаги баёнотидан бир парча тақдим қиламиз:

“Кейинги бир неча кун ичида бу форумга нима бўлганидан хавотир олган бўлсангиз, мен уни бир неча сабаблар билан, кўпроқ, Қирғизистондаги фожеали воқеаларга боғланиб баъзи форум иштирокчиларининг Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан ҳибсга олингани боис ёпиб қўйдим. Қисқа қилиб айтганда, мен бу форумнинг бирор кишига муаммо яратишини хоҳламайман”, дейилади Насим Мансуровнинг Arbuz.com интернет форумида чоп этган баёнотида.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида сўзлашувчи зиёли ўзбек ёшлари орасида оммалашиб кетган форумлардан Arbuz.com администратори Насим Мансуров шахсига оид маълумот айнан шу сайтда деярли йўқ. Мансуровнинг шахсий веб саҳифасида унинг Ўзбекистон президенти томонидан таъсис этилган "Умид" жамғармаси орқали АҚШда таҳсил олгани ва ҳозирда оиласи билан Америкада яшаши ва профессионал даражадаги фотосуратчилик билан шуғулланиши айтилади.

Айни сайтда¸ Қирғизистондаги қонли воқеалар ортидан Arbuz.com интернет форумида хайрия йиғиш компанияси бошлангани юзасидан форумчиларга мурожаати ҳам чоп этилган.

Норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, бу йигит АҚШдан туриб бу сайтни ташкил қилган ва оддийгина онлайн – гурунг сифатида иш бошлаган сайт кейинчалик Ўзбекистон ичкарисидан туриб ҳам жуда қизғин баҳсу-мунозара олиб бориладиган онлайн клубга айланган.

Қирғизистондаги этник можаролардан сўнг эса форум иштирокчилари онлайн фаолиятдан бироз четга чиқиб, флэш-моб акциялар, хусусан, гуманитар ёрдамлар уюштирган.

Ушбу форумнинг ўзида чоп этилган маълумотларга кўра, улар Ўшдаги ўзбекларга қарийб 10 минг долларга яқин, баъзи манбаларга кўра эса бундан ҳам ортиқ миқдорда ёрдам уюштирган ва бу ёрдам қисқа фурсат ичида жуда уюшқоқлик билан йиғилган.

Буни бир неча кун муқаддам Озодлик билан суҳбатлашган форум иштирокчиларидан бири Қурбон Абуҳолиқов ҳам айтган эди.

- Форумчи йигитларни нега ҳибсга олишгани сабаблари ва қандай озод қилингани тафсилотлари менга маълум эмас. Аммо уларнинг шу форум орқали турли ижтимоий-сиёсий ва бошқа мавзуларда ўз фикрини эркин билдиргани бунга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, улар ўзлари яшаб турган ҳудудларда гуруҳларга бирлашиб, учрашишар эди. Флэш-моблар уюштиришаётган эди ва бу кўпроқ гуманитар ёрдам тарқатишга қаратилган эди, дейди Қурбон Абдуҳолиқов.

Суҳбатдошимиз фикрича, оддий блоггерларнинг интернет тармоғидан четга чиқиб, реал ҳаётда уюша бошлагани ва гуманитар ёрдам акциялари билан халқ орасига кира бошлагани Ўзбекистон ҳукуматини чўчитган асосий жиҳат бўлиши мумкин.

Айни пайтда Насим Мансуровнинг ўзи ҳам 6 феврал кунги баёнотида бир неча форум иштирокчиси ҳибсга олингани айнан ўша гуманитар ёрдам акциялари билан боғлиқ бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Ҳали айтганимиздек, Насим Мансуровнинг бу баёноти Arbuz.com форуми фойдаланувчилари ўртасида тортишувга сабаб бўлмоқда.

Масалан, ўзини Iydbek, деб таништирган форум иштирокчиси эса: “Диний бўлимимизни қайтариб беринглар! Фақат у ерга иккитагина грамотний модератор қуйсанглар булди, филт қилиб турарди”, деб шарҳ қолдирган.

Urabukhara номи остида шарҳ қолдирган иштирокчи эса: “Ўзбекистон бўлимини олиб ташласангиз, бу ерга бизни кирадиган бошқа сабабимиз қолмайди-ку? Умумий хабарларни хабарларда шундоқ ҳам эшитамиз”, деб фикр билдирган.

Шунингдек, Низом Мансуровни бу қадамга Ўзбекистон махсус хизматлари мажбурламоқда, мазмунидаги шарҳлар ҳам кўзга ташланади. Айнан шу форум боис Насим Мансуровнинг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан таъқибга олингани ҳам айтилади.

Форум иштирокчилари Мансуров баёнотига муносабат билдирилган баҳсда иштирок этган Kitayoza исмли иштирокчига жавобан қўйилган шарҳларда айнан унинг ҳибсга олингани айтилган¸ айни пайтда озодликка чиқарилгани ҳам олқишланган. Шунингдек, унинг айнан Arbuz.com форумида муқаддам бўлган “Дин” бўлимида фаол равишда билдириб келган фикрлари учун махсус хизматлари назоратига тушганига ишорат қилинган.

Бир неча кун муқаддам Озодлик суҳбатлашган арбузчи Қурбон Абдухолиқов ҳам шундай фаразни тилга олган эди.

Тахминлар кўп¸ аммо Озодлик боғланишга муваффақ бўлган форум иштирокчилари ҳам бу ҳақда очиқ-ойдин маълумот беришни истамаяпти.

Озодликнинг форум администратори билан боғланиш уринишлари ҳам ҳозирча самарасиз қолмоқда.
XS
SM
MD
LG