Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:59

Жалолободда 19 ўзбек устидан аппеляция суди бошланди


Ўш ва Жалолободда июн қирғинида айбланиб фақат ўзбеклар судланмоқда.
Ўш ва Жалолободда июн қирғинида айбланиб фақат ўзбеклар судланмоқда.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида Ўш қирғини кунлари “Санпа” пахта тозалаш заводи яқинида 16 кишини ўлдирганликда айбланган 19 нафар ўзбек устидан аппеляция суд жараёни бошланди. Айбланувчилардан 17 нафари биринчи инстанция суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Мазкур суд ишига Қирғизистон Бош прокурори Қубатбек Байболов, собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исақов ва Жалолобод вилоят губернатори Бектур Асанов гувоҳ сифатида чақирилган эди. Бироқ мазкур шахслар судга келмаган.

Айни пайтда жабрланувчилар ҳам, айбланувчилар ҳам номи зикр этилган шахсларнинг судда гувоҳ сифатида қатнашишини талаб қилмоқдалар.

“Сампа” воқеаси юзасидан ўзбек миллатига мансуб бўлган 19 одам судланмоқда. Улар Ўш қирғини кунлари қирғиз миллатига мансуб 16 одамни ўлдирганликда айбланмоқда. Судланувчиларнинг 17 нафари Сузоқ туман суди томонидан бир умрлик қамоқ жазосига, 2 нафари эса 25 йилга ҳукм қилинган эди.

Аммо судда ҳимоя тарафи гувоҳлари айрим судланувчилар “Сампа” пахта заводи яқинида одам ўлдирмаганликлари, балки оламонни тинчлантириш ҳаракатида бўлганини айтишди.

- Масалан, Усмон Аблазов жиноят қиладиган одам эмас. Аблазов “Сампа”га ёшларни тинчлантириш, қон тўқилишининг олдини олиш учун борган эди. У қон тўқилмаслиги учун қаттиқ ҳаракат қилган, -деди судда жалолободлик оқсоқоллардан бири Ҳолмамат Раҳмонқулов.

Судланувчилардан бирининг онаси бўлмиш Муҳаррам Ботирова эса ўғли Ўш қирғинидан олдин, яъни 9 июн куни Ўзбекистонга кетгани ва фақат қонли фожеа якун топгач, 15 июн куни Қирғизистонга қайтганини айтди. Бироқ шунга қарамай, милиция ходимлари унинг ўғлини “Сампа” пахта заводи олдидаги тартибсизлик пайтида одамларни ўлдирганликда айблаб қўлга олган.

- Аслида менинг ўғлим тартибсизликларда қатнашмаган. У урушдан кейин Қирғизистонга қайтган. Ўғлим бировнинг машинасини тузатаётган пайтда милиция ходимлари келиб, уни калтаклашди. Кейин ҳеч нарсани тушунтирмай, қўлига кишан солиб олиб кетишди, -деди Муҳаррам Ботирова.

Айни пайтда жабрланувчи тараф гувоҳлари судланувчиларнинг барчасини тартибсизлик бўлган жойда кўрганларини ва улар отган ўқдан яқинлари қурбон бўлганини иддао қилмоқдалар.

- Улар машинамни пачоқлдаб ташлашди. Кейин машинанинг устига бензин қуйиб, бизни ёқишмоқчи бўлишди. Мен машинани ортга буриб, қочишга муваффақ бўлдим. Шунда бизга ўқ отишди. Менинг бир қариндошимга иккита ўқ, яна бир яқинимга эса тўртта ўқ тегди, -деди жабрланувчи Усупжон Ортиқов.

Судланувчилар аввалги суд жараёнларида ўзларининг айбсиз экани ва барча кўрсатмаларни қийноқлар остида берганликларини билдирган эдилар. Халқаро ташкилотлардан келган кузатувчилар эса аввалги суд жараёнларида ҳимоя тарафи гувоҳлари, адвокатлар жабраланувчилар томонидан босимга олингани, уларнинг хавфсизлигига таҳдид солингани ҳақида баёнотлар берганлар. Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, бундай шароитда ўтказилган суд жараёнларини ҳолис ва адолатли, деб баҳолаб бўлмайди.

Сампа воқеаси юзасидан апелляция суди Жалолобод вилоят маҳкамасида 15 феврал куни давом этади. Судда 125 гувоҳ кўрсатма бермоқда.
XS
SM
MD
LG