Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:57

Рамсфельд алдадими ё адашдими?


“Маълум ва номаълум” китобининг Марказий Осиёга оид қисмидан фақат Ўзбекистон, Қарши-Хонобод базаси ва Анидижон фожиасига оид мулоҳазалар ўрин олган.
“Маълум ва номаълум” китобининг Марказий Осиёга оид қисмидан фақат Ўзбекистон, Қарши-Хонобод базаси ва Анидижон фожиасига оид мулоҳазалар ўрин олган.

Ўтган ҳафта АҚШнинг собиқ мудофаа вазири Дональд Рамсфелднинг “Маълум ва номаълум” номли хотира китоби эълон қилинди. Пентагонга икки марта раҳбарлик қилган Рамсфельд китобида Ўзбекистонда АҚШ базаси, унинг Андижон қирғинидан кейин ёпилиши билан боғлиқ воқеаларни ҳам эслайди.


Дональд Рамсфельднинг 8 феврал куни сотувга чиққан хотиралар китобининг Марказий Осиёга оид қисмидан фақат Ўзбекистон, Қарши-Хонобод базаси ва Анидижон фожиасидан кейин бу базанинг хайдалиши билан боғлиқ мулоҳазалар жой олган.

Рамсфельд 2005 йил 13 май воқеаларидан кейин Тошкент-Вашингтон муносабатларида пайдо бўлган тарангликни эсларкан, Андижон воқеаларидан кейин президент Ислом Каримовни қўллаб-қувватлаш ўрнига уни инсон ҳуқуқларини топтаганликда танқид қилганини президент Жорж Буш мамъумриятининг “ташқи сиёсатдаги энг аянчли хатоларидан бири бўлган”, дея ёзади. Унинг фикрича, Қўшма Штатлар тутган танқидий позиция Ўзбекистоннинг Россия билан яқинлашишига сабаб бўлган.

Пентагоннинг собиқ раҳбари Қўшма Штатлар ўзининг стратегик манфаатларини инсон ҳуқуқларининг топталиши борасидаги хавотирларга қурбон келтириб, катта хатога йўл қўйди, дея таъкидлайди “Маълум ва номаълум” номли китобида. Ўзбекистон расмийлари Андижон воқеаларига оид илгари сурган версияни қўллаб-қувватлашдан бош тортиб, “биз минтақадаги мавқеимизни сусайтирдик ва уларнинг эркинроқ тузумларни яратиш сари қўйган қадамларини ортга қайтардик ҳамда миллий манфаатларимизга путур етказдик”, дея ёзади яна Рамсфельд.

Ўзбекистон расмийлари 13 май воқеалари ортида исломий жанггарилар турганини иддао қилган эди. Бу иддаоларни жиддий шубҳа остига олган аксарият маҳаллий ва халқаро кузатувчилардан фарқли ўлароқ, Рамсфельд Андижон қирғинига “Ўзбекистонда исломий давлат – халифалик – қуришни мақсад қилган исломий экстремистик гуруҳларнинг исёни” сабаб бўлган, деб ёзади.

“Маълум ва номаълум” мемуар китобининг эълон қилиниши арафасида Дональд Рамсфельд ўзининг шахсий сайтида Пентагонга раҳбарлик қилган даврига оид бир нечта ҳужжатларни эълон қилди. Яқингача махфий ҳисобланиб келган бу ҳужжатлар орасида Андижон воқеаларига оидлари ҳам бор.

Рамсфельднинг сўровига кўра, Қарши-Хонобод базасида жойлашган ҳарбий разведка ходимлари тайёрлаган ҳужжатларда, унинг фикрига зид равишда, Андижон исёнига исломчи кучлар эмас, балки оғир ижтимоий-иқтисодий вазиятдан норози бўлган халқнинг норозилиги сабаб бўлгани айтилади.

“Воқеага (Андижон исёнига) алоқадорлар экстремист ғоялар эмас, балки аянчли ижтимоий-иқтисодий шароит ва ҳукуматнинг репрессив сиёсатига нисбатан ғазаб ва норозилик туфайли исён кўтаргани шубҳасиздир”, дейилади ҳарбий разведка бошқармаси директори вице адмирал Лоуэл Жэйкоби тайёрлаган хатда. Дарвоқе, Рамсфельд Андижон воқеалари ортида исломчилар турибди, деган фикрларини дастаклаш учун “Маълум ва номаълум” китобида ана шу ҳужжатни тагхат сифатида келтиради. Лекин китобда ҳужжатнинг ўзи эълон қилинмагани боис, ўқувчи буни пайқамайди, албатта.

Андижон воқеаларидан кейин Вашингтон-Тошкент муносабатлари ҳақидаги хотираларидан яна бири сифатида Рамсфельд АҚШ базасининг Ўзбекистондан ҳайдалишини эслайди. Лекин бу ерда ҳам фактларда номувофиқликлар бор. Хусусан, у 2005 йилнинг 29 майида Жон МакКейн етакчилигида Тошкентга келган сенаторлар ўтказган матбуот анжуманини аслайди. “Ўша кунлари МакКейндан, яна беш сенатор имзо чеккан, хат олдим. Унда Америка Қарши-Хонобод базасидан фойдаланганлик учун Ўзбекистон ҳукуматига тўлаши лозим бўлган 23 миллион АҚШ долларини тўламаслик талаб қилинган эди”, деб эслайди Рамсфельд.

Бироқ Жон МакКейннинг ушбу хатини шахсий сайтида эълон қилган Рамсфельд унинг санасига қараб қўйшни эсадан чиқарган кўринади. Чунки мактуб остида 2005 йилнинг 19 сентябр санаси кўрсатилган, яъни сенаторларнинг хати, Рамсфельд айтганидек, АҚШ ҳарбийлари Қарши-Хонободдан ҳайдалишидан аввал эмас, бадарға қилинганидан кейин ёзилган аниқ бўлади.

“Маълум ва номаълум” мемуар китобини икки карра мудофаа вазири Дональд Рамсфельд асосан Ироқ уруши, у нима сабабдан бошланганига оид хотираларга бағишлаган. Саддам Хусайн режими оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқармоқда, деган ва кейинчалик тасдиғини топмаган важ билан бошланган урушни ёқлаб, “Президент ёлғон гапирмаган. Вице президент ёлғон гапирмаган. Мен ёлғон гапирмаганман. Мен биз адашганмиз, деган бўлардим”, дея ёзади Рамсфельд.

Ироқ урушини билмадигу, лекин “Маълум ва номаълум” китобининг Андижон воқеаларига бағишланган қисмида Рамсфельд ё алдаяпти, ёҳуд адашяпти, деса бўлади.
XS
SM
MD
LG