Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:02

Адолат талаб қилган фермер ҳибсга олинди


Давлат режасини ортиғи билан бажариб келгани фермерни қутқара олмади.
Давлат режасини ортиғи билан бажариб келгани фермерни қутқара олмади.

Қорақалпоғистон республикасининг Амударё туманидаги собиқ “Улуқ” фермер хўжалиги раиси Олим Эшмуродов ҳибсга олинди. У туман ҳокимига туҳмат қилганлик ва ёлғон хабар берганликда айбланмоқда. Фермернинг адвокати бу айбловлар қалбакилаштирилганини айтмоқда.


Собиқ фермер Олим Эшмуродов ҳақиқат излаб Тошкентга борганида ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Улуқ” фермер хўжалигининг ҳуқуқшуноси Рустамжон Қорабоев Озодликка маълум қилди:

- 9 феврал куни буни Тошкентдан ушлаб кетган. Қонунга хилоф равишда, жиноят процессуал кодекснинг 365-моддаси иккинчи қисмига зид равишда кўчадан ушлаб буни қамаб қўйган. Мен юристиман. Қидириб юрибман, топа олмаяпман,- дейди Рустамжон Қорабоев.

Унга кўра, Олим Эшмуродов тумандаги илғор фермерлардан бири бўлган ва ҳар йили давлатга пахта ва буғдой сотиш режаларини ортиғи билан бажариб келган. Ҳатто ерларни оптималлаштиришга оид қарорга кўра, унга 2008 йилда 67 гектар ер қўшиб берилган.

Ҳуқуқшунос Рустамжон Қорабоевга кўра, туманда чуқур илдиз отган коррупцияга боис ҳоким ва фермер ўртасидаги келишмовчилик юзага келган. Шундан кейин 162 гектар ерда меҳнат қилган ва режаларни бажариб келган фермернинг иши ортга юра бошлаган.

- Ҳоким кадастр бўйича, реестр бўйича 67 гектар ерни қўшиб берган бўлса-да, лекин унга асосий экин эктирмасдан бошқа одамлар фойдаланиб юрганлиги ҳолатлари юзасидан Олим Эшмуродов ариза билан мурожаат қилган. Текширув жараëнида барча аризада кўрсатилган фактлар ўз исботини топди.

Биринчидан,фермер ҳақиқатан ҳам бунга тегишли бўлган иккита уч сув насосининг ўғирлаб кетилганлиги, иккинчидан 67 гектар ерни ҳоким ўзгаларга сотиб юборганлиги, прокуратура департаментида ишлаб юрган Иброҳимов деган департамент бошлиқларига фермерга тегишли ерни бериб қўйганлиги, лекин ернинг налог қисмини ўзи тўлаб келганлиги ҳолатлари юзасидан 13 марта ариза ëзаяпти, -дейди Рустамжон Қорабоев.

Ҳуқуқшуносга кўра, ҳокимнинг буйруғи билан 67 гектар ердан бошқа амалдорлар ўз мақсадларида фойдаланган. Олим Эшмуродовнинг адолатсизликдан қилган шикоятлари эса ўзининг бошига калтак бўлиб синди:

- 2009 йил 8 ноябр куни ҳоким ерни тортиб олиш мақсадида фермер хўжалиги раҳбари Олим Эшмуродов номидан сохта аризани кимгадир ëздириб, 25 декабр 2009 йилдаги қарори билан қонунга хилоф равишда фермер хўжалигини ўзбошимчалик билан тугатган. Текшириш жараëнида барча аризада кўрсатилган фактлар ўз исботини топган бўлишига қарамасдан юқори турувчи прокуратура ходимларнинг ноҳақлиги аниқланди ва Қорақалпоғистон республикаси 11 бўлимининг бошлиғи ишдан олиб ташлаyди. Лекин бу фуқаронинг меҳнатга бўлган, Конституциянинг 37-моддасида белгилаб қўйилган қонун ҳуқуқлари тикланмади,-дейди Рустамжон Қорабоев.

Гарчи, дейди ҳуқуқшунос, Қорақалпоғистон ички ишлар вазирлигининг экспертлари ўтказган хулосада Олим Эшмуродов номидан ёзилган ариза қалбаки эканлиги тасдиқланса ҳам адолат тикланмаяпти:

- Ўша ëзилган ариза юзасидан ҳужжатлар тасдиқланди. Чунки ëзган аризани ҳоким уюштирганлигига экспертиза хулосалари бор. “Эшмуродов Олим томонидан ерни давлат заҳирасига қайтариб бериш тўғрисидаги 8 ноябр 2009 йилдаги ариза Эшмуродовники эмас” деб заключение олинган экспертизадан. Кеча мен президент аппаратига ҳам кирдим. Глаз на глаз гаплашдим. Ҳужжатларни олдига қўйдим. Ташладим столига. “Кўринг буни” дедим. Адолат бўлмаган мамлакатда давлат қароқчилар тўдасига айланади,-дейди ҳуқуқшунос.

Рустам Қорабоевга кўра, фермерга қўйилаётган айбларнинг барчаси тўқима:

- 137 модда ҳақорат қилиш дейди. Фуқароларнинг мурожаатлар тўғрисидаги қонуннинг 24-моддасида ëзиб қўйибди. Ҳуқуқий муносабатлар оқибатида масъул мансабдор шахслар ўрталарида бўлиб ўтган ëзув-чизув, ариза-шикоятлар юзасидан уларни таъқиб қилиш қатъиян ман этилади. Наҳотки прокуратурада ишлаб турганлар шуни ўқимаса? Қонунни билмаса?

Прокуратура тўғрисидаги қонуннинг 23-моддасида ëзиб қўйибди. “Хўжалик юритувчи субъектларнинг ишига бевосита прокурорнинг аралашувига йўл қўйилмайди”. Шу қонуннинг 38-моддасида ëзилганки, “Ҳар қандай қонунбузарлик оқибатида чиқарилган қарорлар прокурорлар томонидан протест киритиш йўли билан ҳақиқат тикланиши керак, бекор қилиниши керак”. Коррупция ботқоғига ботиб қолган Қорақалпоқ. Ҳокимидан тортиб прокуроригача,-дейди ҳуқуқшунос Рустамжон Қорабоев.

Амударё тумани ҳокими Ражаббой Йўлдошев Озодлик билан бўлган суҳбатда Олим Эшмуродовнинг ҳибсга олинганидан хабари йўқлигини айтди. Ҳокимга кўра, “Улуқ” фермер хўжалиги банклардан олган қарзини узолмагани учун тугатилган:

- Бизда имтиёзли креедит берилади, давлат буюртмаларини бажариш учун. Бу кетган харажатнинг 50 фоизини қоплайди. Ишининг натижаси шу 50 фоизни ёпмаса, у қандай хўжалик субъекти бўлиши мумкин? У банкдан олган 50 фоиз имтиëзли кредитни қайтариб билмаган. Бундан бошқа йиллар давомида сурункали молиявий қарздорликлари бор. Булар бўлса бир марта ҳам судга мурожаат қилмаган. Прокуратура, бошқа юқори органларга мурожаат қилади, -дейди Ражаббой Йўлдошев. Биз ҳокимга яна ушбу саволлар билан мурожаат қилдик:

Озодлик: Фермер ҳуқуқшуносининг айтишича, экспертиза айнан тескари хулосани берган, яъни фермерликни тугатиш ҳақидаги аризани унинг ўзи ёзмаган?

- Шунинг учун ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида экспертизанинг хулосалари турибди. Экспертиза аризани ўзи ёзганлигини тасдиқлаган.

Озодлик: Даъвогар томоннинг яна бир иддаоси бор. 67 гектар қўшиб берилган ердан сизнинг топшириғингиз билан департаментнинг бошлиғи Иброҳимов деган киши шоли экиш мақсадида фойдаланар экан, солиқларни эса фермер тўлар экан?

- Бунақа гаплар йўқку.бу ёлғон. Фермер ери шартномада кўрсатилади. Ерга ўзи ҳам қараши керакда. Кимга мурожаат қилган экан? Қани айтсин? -дейди Амударё тумани ҳокими Ражаббой Йўлдошев.

Бироқ ҳуқуқшунос Рустамжон Қорабоев, ҳокимнинг айтганларини рад этиб, фермер хўжалиги банкдан бир сўм ҳам қарзи йўқлигини айтади:

- Ҳеч қандай қарзи йўқ. Мана банкни олайлик. Ҳозирги кунга келиб 2009 йил ҳисобидан 39 миллион сўмлик, 86 тоннаю 281 килограмм пахта топширди. Планни бажарди. Бу 37-38 миллион пул бўлади. Агар бунинг кредитдан қарзи бўлган тақдирда ҳам ҳокимда ваколат йўқ. Лекин кредитдан қарзи йўқ. Буни 8 ноярбдаги қарорига асосан тугатса-да 37 миллион сўмлик пахта пули давлат банкида турган бўлса-да, ҳокимнинг нима алоқаси бор бунга?

Юридик статусга эга бўлган хўжалик субъекти бу. Қандай қилиб ҳоким бунга аралашади? Бир сўм қарзи йўқ. Мана менинг қўлимда ҳужжат бор. Хўжалик судига 60 миллион қарзи бор деб бошқа хўжалик юритувчи субъектлардан ëлғон кўрсатмалар бериб даъзо аризалари киритган. Бирорта даъво аризаларини хўжалик судлари кўриб чиқа олмади. Чунки ҳаққи йўқ буни кўришга, чунки қарзнинг ўзи йўқ- дейди Рустамжон Қорабоев.
XS
SM
MD
LG