Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 15:58

Халқаро комиссия қирғиз расмийларидан жавоб кутмоқда


Қирғизистон жанубида содир бўлган июн воқеаларини текшириш бўйича халқаро мустақил комиссия раҳбари Киммо Килюненга кўра, комиссия ўз хулосасини жами 700 га яқин киши билан ўтказилган интервьюлар асосида чиқарган.
Қирғизистон жанубида содир бўлган июн воқеаларини текшириш бўйича халқаро мустақил комиссия раҳбари Киммо Килюненга кўра, комиссия ўз хулосасини жами 700 га яқин киши билан ўтказилган интервьюлар асосида чиқарган.

2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган фожеавий воқеаларни текшириш бўйича халқаро мустақил комиссия ўз иши бўйича ҳисоботни эълон қилишга тайёр. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги хабар қилди.

Комиссия раҳбари, ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Киммо Килюненга кўра, июн воқеалари бўйича халқаро комиссия иши якунланган ва Қирғизистон расмийларига тақдим этиш учун ҳисобот ҳам аллақачон ҳозирлаб қўйилган.

- Биз икки-уч ҳафтадан кейин уларнинг ҳисобот бўйича ўз мулоҳазаларини тақдим этишларига умид қиламиз, - деди Киммо Килюнен ўтган ҳафтада Венада ЕХҲТ парламент ассамблеясининг сиёсий масалалар ва хавфсизлик бўйича қўмитаси мажлисида қилган чиқиши чоғида.

Мустақил комиссия раҳбари ўз чиқишида ҳисобот тафсилотларига тўхталмади, айни пайтда ҳисоботдан кўплаб маълумотлар ўрин олганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 11 июн куни Ўш шаҳрида бошланган, кейинчалик эса Ўш ва Жалолобод вилоятларига кўчган тўқнашувда, расмий маълумотларга кўра, 400 дан зиёд киши ҳалок бўлган, 2,5 мингдан кўпроқ одам жароҳатланган, минглаб уйлар ва корхоналар ёқиб юборилганди.

Кейинроқ Ўш ва Жалолобод воқеаларини ўрганиш бўйича бир неча комиссия тузилган бўлиб, улардан бири ЕХҲТ ташаббуси билан ташкил этилган халқаро мустақил комиссия эди.

Таркибига 7 мутахассис кирган халқаро комиссия 25 октябрдан 15 декабргача Ўш ва Жалолободда ишлагани ҳақида аввалроқ хабар қилгандик.

- Комиссия июн қирғини қурбонлари ва гувоҳлари бўлган 400 нафар атрофидаги одам билан суҳбатлар ўтказди. Сўралганларнинг 45 фоизи ўзбеклар, 40 фоизи қирғизлардир. Бундан ташқари, комиссияга юзга яқин ёзма ариза келиб тушган, - деганди Киммо Килюнен.

Комиссия, шунингдек, Қирғизистон президенти, бош прокурори, Ўш вилояти губернатори, Ўш шаҳри мэри, нодавлат ташкилотлар вакиллари, ҳамда июн воқеалари бўйича Миллий комиссия аъзолари билан ҳам учрашган.

- Албатта, биз максимал даражада холис хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз. Воқеанинг барча сабабларини ўрганиб, ўз тавсияларимизни ҳам берамиз. Кейин ҳисоботимизни ким ўқимасин, ундан холис, объектив маълумотларни топа оладиган бўлади. Баъзи сиёсатчилар хулосада келтириладиган фактлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уриниб кўриши мумкин. Бироқ биз бунга йўл қўймаймиз. Бизнинг ҳисоботимиз жамиятда тинчлик ўрнатилишига хизмат қилади, - деганди Киммо Килюнен.

Июн воқеалари сабабларини текшириш бўйича халқаро мустақил комиссия фаолиятини Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар молиялаштирган.

Айни пайтда Қирғизистон президенти матбуот хизмати мамлакат раҳбари Роза Ўтунбаева 28 феврал куни НАТО, Европа Иттифоқи ва Европарламент раҳбарияти билан қатор учрашувлар ўтказиш учун Брюсселга жўнаб кетганини маълум қилди.

“Ташриф доирасида давлат раҳбари Белгия парламенти намояндалар палатаси раиси Андре Флао, Бош вазир Ив Летерм, Европарламент президенти Ежи Бузек, Европа комиссия раиси Жозе Мануэл Баррозо, Европа Иттифоқи президент Ҳерман Ван Ромпей, Европарламентнинг айрим депутатлари, НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен, шунингдек, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи раҳбари Луиз Арбур билан учрашиши кутилмоқда”, дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган матбуот варақчасида.
XS
SM
MD
LG