Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:46

АҚШ Сенати Роғун масаласида тавсия ҳозирлади


Роғун қурилиши қувватланган ҳужжатга АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Жон Керри имзо чеккан.
Роғун қурилиши қувватланган ҳужжатга АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Жон Керри имзо чеккан.

АҚШ сенаторларининг Сенат Халқаро муносабатлар қўмитасига йўллаган тавсиясига кўра¸ ҳозир Роғун ГЭСини қуришнинг айни фурсати ва бу йирик гидроиншоот нафақат Тожикистон балки Афғонистон ва Покистондаги энергетика муаммоларига ҳам ечим бўлиши мумкин. Айни пайтда Тошкент Роғун қурилишига қаршилигини давом эттирмоқда.


Америкалик сенаторлар фикрича, бу иншоот Тожикистонга кўплаб иқтисодий муаммоларини ҳал қилиб олиш имконини бериш билан бирга АҚШ ташқи сиёсатида устивор масала бўлиб турган Афғонистон ва Покистонга электр энергия етказиб берадиган ишончли манбалардан бирига айланади.

Келгусида АҚШ нинг Марказий Осиёга оид сиёсатини ўзгартириши мумкинлигидан дарак бераётган ушбу ҳужжатда, шунингдек, Роғун ГЭС бобида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тортишувлар ҳам тилга олинар экан, қўшни давлатларга бу келишмовчиликни ўзаро низолашув йўли билан эмас, балки мулоқот йўли билан ҳал қилиш тавсия қилинган.

Тожикистон томони АҚШ Сенатининг бу баёнотини қўллаб-қувватламоқда ва бунингГЭС қурилишида асосий муаммо бўлган сармоя масаласини ҳал қилишда жиддий кўмак бўлишига умид қилмоқда.

Жумладан, Тожикистон парламенти аъзоси Исмоил Талбаков АҚШ Сенати тавсиясини масалага реал ёндашув, деб баҳолади.

- Мана шундай реал ёндашув бизнинг келгуси ҳаракатларимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлади ва айни пайтда бу ташқи ва ички сармоядорларнинг бу лойиҳага ишончини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари¸ бу айни масаладаги зиддиятларнинг реал асосга эга эмаслигини ҳам кўрсатади, дейди Тожикистон парламенти аъзоси.

АҚШ Сенати йўллаган тавсияда ҳам Марказий Осиёга сафар қилган мутахассислар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сув устида бораётган зиддиятларнинг асоси бўш, деб топгани айтилган.

АҚШ Сенати олимлар гуруҳи тадқиқотига таяниб келган хулосага кўра, бу минтақада сув муаммоларининг 70 фоизи сувни нотўғри тақсимлаш ва ундан нотўғри фойдаланиш ортидан келиб чиқмоқда.

Шу жиҳатни урғулар экан, АҚШ Сенати, Марказий Осиё республикалари, жумладан, Роғуннинг қурилишига кескин қаршилик қилиб келаётган Ўзбекистонга сувни кўп истеъмол қиладиган экинлар, масалан пахта ва шолини етиштириш жараёнида сувдан фойдаланиш кўламини жиддий равишда қисқартириш усулларидан фойдаланиш тавсия қилган.

Ўзбекистон расмийлари АҚШ ҳукуматининг Роғун ГЭС ини қуриш ҳақидаги тавсиясини қувватламаслиги ва бу масалада Ўзбекистон ҳукумати позицияси ўзгаришсиз қолишини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Сенатининг Аграр ва сув масалалари бўйича қўмитаси раиси Ўктам Отақулов Озодлик билан суҳбатда трансчегаравий дарёлар устида бундай йирик гидроэнергетик иншоот қуриш масаласини халқаро ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиқиб ҳал қилиш шартлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати бошдан трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш жараёнида барча давлатлар манфаатлари бирдек инобатга олиниши ва бу дарёлар устида қурилиши кўзланаётган Роғун каби йирик кўламдаги ГЭС лар дарёдан сув ичадиган барча давлатларнинг розилиги билан бунёд қилиниши шартлигини таъкидлар экан, ушбу иншоотнинг қурлишига қатъиян қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Аммо Тожикистон томони бу иншоот тушаётган Вахш дарёсининг ўзи трансчегаравий эмас, балки трансчегаравий бўлган Амударёга бориб қуйиладиган кўплаб дарёлардан бири эканини таъкидлаб¸ Тошкент иддаосини рад қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Сув муаммолари институти директори ўринбосари Саид Худойқулов бир-бирини мутлоқ инкор қилаётган икки давлат расмийларининг бир стол теграсида ўтириб, масалани ўзаро ҳал қилиб олиш зарурати аллақачон етганини яна бир карра такрорлар экан, таранг вазиятга энди Афғонистон ва Покистон манфаатининг ҳам аралаштирилишини қувватламаслигини билдирди.

- Тожикистон, Ўзбекистон битта ариқдан сув ичган, қуда-андачилик қилган халқ. Биз шунга мослашиб экономикамизни ҳам қурганмиз, деҳқончилигимизни ҳам қурганмиз, тўғрими? Энди биз Афғонистон билан Покистонга сув берамиз, деб бунинг ҳаммасидан воз кечсак, бўлмайди-да! Тожикистон сувчилари, Ўзбекистон сувчилари, Қирғизистон, Қозоғистон сувчилари бирга ўтириши керакда, масалани илмий жиҳатдан асослаб кейин юқорига олиб чиқиб айтиш керак. Яъни, бу ўша давлатларнинг ўзига қўйиб бериш керак, дейди Саид Худойқулов.

Унга кўра, ҳозир Роғун ГЭС қурилиши устида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги можарони ҳал қилишнинг ягона йўли — икки давлат расмийларининг бир стол теграсига келиб, икки давлат олимлари хулосаларига таяниб муроса қилишидир.

Бугунги реал вазиятда бунинг эҳтимоли жуда йироқ кўринса-да, аммо, шундай мулоқот бўлган тақдирда бир-бирининг мақсадини мутлақо инкор қилиб турган давлатларга сиз қандай ечимни таклиф қилган бўлар эдингиз, деган саволимизга Ўзбекистон Сув муаммолари институти директори муовини шундай жавоб берди:

- Ечим жуда ҳам оддий. Роғун ГЭСи қурилмайди. Агар Афғонистон, бошқа давлатлар Тожикистондан сув сўраëтган бўлса, улар нафақат Тожикистон балки Ўзбекистондан ҳам сўраган. Бу масала Тожикистонга қанчалик алоқадор бўлса, Ўзбекистонга ҳам худди шундай алоқадор. Қувватламайман мен Америкадаги сенаторлар берган тавсияни. Менимча, бугун сувдан қандай фойдаланаётган бўлсак, шу системани такомиллаштирган ва замонавий технологиялар билан янгилаган ҳолда сақлаб қолиш керак. Ҳеч қанақа йирик гидро иншоотлар қуришга асос йўқ. Бугун мавжуд электр энергия Тожикистонга ҳам етади, Ўзбекистонга ҳам, дея яна бир карра таъкидлар экан Ўзбекистон Сув муаммолари институти директори ўринбосари Саид Ҳудойқулов Ўзбекистон томонининг Роғун ГЭС қурилишига қаршилик қилаётгани сабабларининг сиёсий-иқтисодий ҳамда экологик омилларига кенг тўхталди.

Қуйида бу мутасадди билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG