Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:02

Oxus Gold Ўзбекистонни халқаро арбитраж судига берди


Ширкатнинг расмий логотипи.
Ширкатнинг расмий логотипи.
Oxus Gold ширкати расмийлари фикрича, улар улушини ҳам "сотиб олиш"га қарор қилган Ўзбекистон томони Британия ширкатига тегишли улушни адолатли баҳоламаган.

Озодлик Oxus Gold билан боғланиб¸ ширкатнинг қўшма корхона лойиҳасидан воз кечиши ва ўзбек ҳамкорлари билан келишмовчиликни халқаро арбитраж судида ҳал қилиш қарори сабаблари билан қизиқди.

- “Amantaytau” лойиҳасини ривожлантириш учун бошқа манба томонидан молия зарур эди. Ҳозирда ширкат ер устида кавлаш орқали олтин ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотни кўпайтириш учун ер остида қазиш ишларини йўлга қўйиш лозим. Бунинг учун катта капитал жалб этилиши керак. Ширкат шу пайтгача бунинг уддасидан чиқа олмади. Шу боис ширкат қўшма корхонадаги ўз улушини адолатли нархда сотишга қарор қилди.

Озодлик:
“Amantaytau” лойиҳасини ишлаб чиқишдан Ўзбекистон ва Oxus Gold қандай мақсад кўзланган эди?

- Ҳозирда маҳсулот кўп миқдорда ишлаб чиқарилмаяпти. Шу боис¸ кўпроқ олтин ишлаб чиқариш мақсадида кон фаолиятини ер остида ривожлантириш назарда тутилган эди.

Озодлик:
Oxus Gold ширкати Ўзбекистонда қанчадан бери олтин ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда?

- Oxus Gold Ўзбекистонда 10 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Ширкат “Amantaytau” лойиҳасини молиялаштириш йўлларини излаётган эди. Ўтган йил хитойликлар билан 185 миллион долларлик молиявий келишув имзоланган эди. Мазкур келишув Хитой ҳукумати томонидан маъқулланмаганидан кейин у муваффақиятсизликка учради. Шу боис¸ жорий йил бошида Ўзбекистон ва Oxus Gold ширкати ўртасида “Amantaytau” лойиҳасини ривожлантириш хусусида сўзлашувлар бошлангани эълон қилинди. Кейинроқ ширкат “Amantaytau” лойиҳасидаги 50 фоиз улушини сотишга қарор қилди. Томонлар унинг нархи борасида музокаралар олиб борди. Oxus ўз ҳиссадорлари манфаатларини кўзлаб йўл тутди. Ширкат хоҳлаган нарх борасида келишувга эришилмади. Oxus Gold “Amantaytau” лойиҳасидаги ўз улуши муносиб баҳоланиши учун энди халқаро арбитраж судига боришга қарор қилди. Масалани ўз фойдасига ҳал қилиш учун Oxus “Amsterdam & Peroff LLP” ("A&P") ширкатидан қонунчилик бўйича маслаҳатлар олади. Муаммо суд орқали ҳал бўлиши керак.

Озодлик: “Amantaytau ” қўшма корхонадаги Oxus Gold улушини адолатли белгилаш муаммосини судсиз ҳал қилишнинг имкони борми?

- Ўзбекистон томони Oxus Gold ширкатига тегишли улушни адолатли баҳолаб таклиф бермагунча, ширкатнинг бу муаммони фақат суд қарори билан ҳал қилишдан бошқа иложи йўқ.

Озодлик: Халқаро арбитраж суди қандай қарор чиқаришидан қатъий назар Oxus Gold ширкати Ўзбекистонда фаолиятини давом эттирадими?

- Ҳозир эътиборимиз фақат халқаро арбитраж судига қаратилган. Бу биз учун жуда муҳим. Шу боис келажак ҳақида ҳозирча бирор нарса дейиш қийин.

Озодлик: “Amantaytau ” қўшма корхонаси йилига қанча олтин ишлаб чиқаради?

- Ҳозирда “Amantaytau ” қўшма корхонаси йилига 20дан 30 минг унция (тахминан 560 – 850 килограмм) олтин ишлаб чиқармоқда¸ деди Oxus Gold ширкатининг ўз исмини айтишни истамаган расмийси Озодлик билан суҳбатда.

“Oxus Gold” ширкати асосан Ўзбекистон ҳудудида олтин ишлаб чиқарувчи ширкат ҳисобланади. 1996 йилда тузилган “Oxus Gold” 2001 йилда Лондондаги “Alternative Investment Market” рўйхатига киритилган. “Oxus Gold” Ўзбекистон ҳукумати билан бирга ташкил этган “Amantaytau Goldfields” (AGF) қўшма корхонаси Қизилқум минтақасида олтин ва кумуш ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда.

Олтин қазиб чиқариш бўйича жаҳонда энг етакчилардан бўлган “Newmont Mining” компанияси ҳам 2007 йилда “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасидаги улушини Ўзбекистон ҳукуматига сотишга рози бўлган. АҚШ компаниясининг улуши 80 миллион АҚШ долларига баҳоланган ва бу маблағ Стокҳолмдаги халқаро арбитраж суди орқали ундирилган эди.
XS
SM
MD
LG