Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:15

Ўзбекистонда яна бир сайт тўсиб қўйилди


Россиянинг машҳур веб-сайтларидан бўлган “Русский репортер” бугунги кунда ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари учун тўсиб қўйилган. Сайт ижодкорлари бундай тўсиққа учраганларига Ўзбекистон ҳақида чоп этган мақолалари сабаб, деб биладилар.

“Русский репортер” интернет сайтининг ижтимоий медиа бўйича мутахассиси Тимур Юсуповга кўра, мазкур сайт Ўзбекистонда бир ҳафтадан буён очилмаяпти.

- Сўнгги пайтларда биз Wikileaks депешаларини чоп этиб келаётгандик. Уларда Ўзбекистон сиёсатига оид хунук фактлар ҳақида гап боради. Ундан ташқари, биз биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда қамоқ жазосига маҳкум этилган полковник Юрий Корепанов ишини ёрита бошладик. Бизнинг фикримизча, Ўзбекистонда сайтимизнинг тўсиб қўйилгани мана шу мақолалар билан боғлиқ, - дейди Тимур Юсупов.

“Русский репортер” Wikileaks ҳужжатларини чоп қилишга ижозат олган кам сонли оммавий ахборот воситалари сирасига киради. Ўзбекистонга оид сўнгги маълумотларда АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хербстнинг “ўзбек мафиозиси” дея машҳур Салим Абдувалиев оиласидаги унаштирув маросими ҳақидаги таассуротлари ўрин эгаллаганди.

Тимур Юсуповнинг қайд этишича, мазкур маълумотлар ўзбекистонликлар томонидан энг кўп ўқилган ҳужжатлар сирасига киради.

Шу йилнинг январ ойидаги медиалогияга кўра, Россия интернет сайтлари орасида “Русский репортер” энг кўп иқтибос келтирилган сайтлар ўнталигига кирган.

Ўзбекистонлик журналист Сергей Наумовга кўра, ҳақиқатан “Русский репортер” веб сайти бир неча кундан буён очилмаяпти. Бироқ ўзбекистонлик сайт мухлислари тўсиқни четлаб, бу ресурсга прокси сайтлар орқали кириши мумкин. Айни пайтда, Наумовнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда Wikileaks хужжатларига мисли кўрилмаган қизиқиш йўқ.

- Тўсиқларни олиб ташлаб, сайтларга кирганида ҳам, дейлик, “Русский репортер”га кирган тақдирида ҳам муштарий ўзи учун янгилик топмайди. Бизда оддий бозорларда Wikileaksдан кўпроқ маълумот олиш мумкин. Тўғри, ёпиқ сайтларга Ўзбекистонда кирувчилар бор. Айниқса, катта шаҳарларда - Тошкент, Самарқанд, Фарғонада. Бошқа кичик шаҳарларда у қадар кўп эмас, - дейди журналист Сергей Наумов.

Ўзбекистонда интернет цензураси 2005 йилдан кейин кескин кучайган. Интернет сайтларга тўсиқ қўйиш билан, хабардор манбаларнинг айтишларича, миллий хавфсизлик хизматининг махсус гуруҳи шуғулланади.

Ўзбекистонда бугунги кунда “Фарғона” ахборот агентлигининг сайти, “Озодлик”, “Би-би-си” радиоларининг веб-саҳифалари, “Узньюснет” сайтлари тўсиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG