Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:58

Назарбоев қозоғистонлик аёлларнинг ҳижоб кийишига қарши


Қозоғистонлик муслима толибаларнинг кўпчилиги расмийларнинг ҳижобни таъқиқлаш ҳақидаги қароридан рози эмаслар.
Қозоғистонлик муслима толибаларнинг кўпчилиги расмийларнинг ҳижобни таъқиқлаш ҳақидаги қароридан рози эмаслар.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев маҳаллий муслималарнинг, айниқса, ёшларнинг ҳижоб кийишига қарши чиқди. Унинг фикрича, қозоқ аёллари ўтмишда ҳечам ҳижоб киймаган.

- Мен паранжига мутлақо қаршиман, айниқса паранжи ёки ҳижобни талаба ё ўқувчи ёшлар кийишига қаршиман. Бизнинг тарихда ҳеч қачон бунақаси кузатилмаган, динимизда бунақа анъана бўлмаган. Биз ҳақиқий динни ўзимизга тиқиштирилаётган нарсадан ажрата билишимиз лозим, - деди Назарбоев 11 март куни Туркистондаги ижодкор зиёлилар билан учрашув чоғида.

Президент Назарбоев барча мусулмон жамоалари вакилларига эҳтиром кўрсатишга тайёр эканини, бироқ ҳижоб борасида Қозоғистоннинг ўз йўли борлигини қўшимча қилди.

Назарбоевнинг мазкур баёноти, кузатувчиларга кўра, маҳаллий расмийлар томонидан ҳижобни таъқиқлашга яшил чироқ ўлароқ қабул қилиниши мумкин.

Гарчи Қозоғистоннинг амалдаги қонунчилигида фуқароларнинг, хусусан, талаба ва ўқувчилар кийими юзасидан бирор-бир таъқиқ кўзда тутилмаган бўлса-да, мамлакат ўқув юртларида ёш муслималарнинг ҳижоб кийишига тўсқинлик қилиш ҳоллари бир неча маротаба кузатилган. Хусусан, шу йилнинг 10 март куни Таълим ва фан вазирлиги сайтида “таълим масканларида тарбиялаш мақсадида ягона мактаб формаси жорий этилиши мумкин”лиги ҳақида вазирликнинг расмий баёноти ёйинланди.

Бу баёнот мазмунидан келиб чиққан ҳолда, Қозоғистон ўқув масканларида ягона форма жорий қилинди. Айни пайтда ягона мактаб формасининг жорий қилиниши диндор ўқувчилар ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш бўлиб ҳисобланмаслиги, чунки мазкур талаб, эътиқодидан қатъий назар, барча ўқувчиларга нисбатан истисносиз қўлланиши айтилмоқда.

Аммо расмийларнинг бу талабини қозоғистонлик айрим муслималар дискриминация сифатида қабул қилмоқдалар. Пойтахт Остонада истиқомат қилувчи Наталя Войтенкова улардан биридир.

Войтенкова рўмол ўрагани учун ўзини “сектант” деб ҳақоратлаган 14-болалар боғчаси мудираси Олга Жалмағамбетовани судга бермоқчи. Қозоғистондаги “Еттинчи канал”га берган интервюсида Жалмағамбетова ҳақиқатан Наталя каби рўмол ўраб юрган аёлларни сектант деб ўйлашини айтган. Войтенкова эса рўмолни фақат Оллоҳ буюргани учун ўрашини таъкидлайди.

- Рўмолимиз бу Оллоҳнинг амридир ва бу буйруқ муҳокама қилинмайди. Мен муслима сифатида ўз динимни ҳимоя қилишга бурчлиман, - деди Наталя Войтенкова.

Айни кунларда экибастузлик Валид Нечаев ва Бейсенбай Амиржан қозоқ расмийларининг муслималарни жамоат жойларида ҳижоб кийиб юришини таъқиқловчи ҳаракатларига қарши Остонада очлик акциясини бошлаганлар. Улар ўз норозилик акцияларини муслималарга нисбатан босим тўхтамагунича давом эттириш ниятидалар.
XS
SM
MD
LG