Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:19

Ўзбекистон CASA-1000 лойиҳасига қарши


Расмий Тошкентнинг Покистонга юборга мактубига яна Роғун можароси сабаб бўлди.
Расмий Тошкентнинг Покистонга юборга мактубига яна Роғун можароси сабаб бўлди.

Расмий Тошкент Покистоннинг Тожикистондан 1000 мегаватт электр энергиясини сотиб олиш режасига қарши чиқмоқда. 6,5 миллиард долларга баҳоланган ушбу лойиҳа доирасида, Афғонистон орқали ўтувчи узунлиги 750 киломерт электр симларни тортиш назарда тутилган.


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон ҳукуматига топширган мактубида Жаҳон Банкининг CASA-1000 деб номланган мазкур лойиҳаси халқаро қонунларга зид экани таъкидланган. Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчиси топширган ушбу мактуб тафсилотларини Покистондаги нуфузли Dawn газетаси ошкор қилди.

Унда расмий Тошкент аниқ-тиниқ ибораларда Исломободни Тожикистондан электр энергиясини сотиб олиш оқибатларидан огоҳлантирган.

“CASA-1000 лойиҳасига фақат Ўзбекистон эмас, балки Қозоғистон ҳамда Туркманистон ҳам қарши чиқмоқда”, дейилади мактубда. Шу билан Ўзбекистон томони эҳтимол, Покистонни минтақадаги муҳим давлатлар билан алоқаларини бузиб қўйиши мумкинлигига ишора қилмоқда.
Иккинчидан, масаланинг ҳуқуқий томони билан яхшилаб танишиб чиққан Ўзбекистон ҳуқуқшунослари, Тожикистондан электр сотиб олишни режалаштираётган Покистон БМТ томонидан ташкил этилган халқаро маҳкамада Ҳиндистонга қарши берган даъво аризасининг рад этилишига олиб келиши мумкинлигини эслатган.

Гап шундаки, Покистон ҳам сувсиз қолишдан қўрқиб, Ҳиндистоннинг Кишенганга тўғонини қуриш лойиҳасига қарши чиқиб, халқаро маҳкамага мурожаат қилган. Тожикистондан электр сотиб олиш эса, Ўзбекистоннинг айни хавотирларини инобатга олмаслик сифатида талқин этилиши мумкин. Ҳиндистон томони буни халқаро маҳкамада Покистонга қарши аргумент сифатида ишлатиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Расмий Тошкентга кўра, дарёнинг қуйи қисмидаги давлатларга таъсир этадиган йирик гидроэнергетик иншоотларни қураётган давлатлар Трансчегаравий экологик оқибатларни ўрганиш бўйича ҳисоботни (TEIA) тақдим этишлари шарт қилиб қўйилган. Бундай ҳисоботни на Ҳиндистон Покистонга, на Тожикистон Ўзбекистонга тақдим этган.

Расмий Тошкент Халқаро адлия судининг (International Justice Court) Венгрия ва Словакия ўртасидаги ўхшаш тортишувда Трансчегаравий экологик оқибатларни ўрганиш бўйича ҳисобот тақдим этилишини шарт қилиб, ҳукм чиқарганини эслатади яна ўз мактубида.

Бундан ташқари, расмий Тошкент қурилиши режалаштирилаётган электр ўтказгич линияларининг 562 километри беқарор қолаётган Афғонистон ҳудудидан ўтишига эътибор қаратмоқда.

Исломободнинг тожик электридан воз кечиши эвазига, Ўзбекистон Покистонга қуввати 1315 мегаваттни ташкил этадиган учта ГЭСни қуришга кўмак кўрсатишга тайёр, дейилади баёнотда.

Бу расмий Тошкент томонидан тайёрланган мактубнинг энг асосий ва афтидан шахсан президент Каримов тасдиғидан ўтган таклифидир.
XS
SM
MD
LG