Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:51

"Туркманистон ўзбеклари ёрдамга муҳтож"


Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгач¸ ўзбек-туркман расмий муносабатларида сал бўлса-да илиқлашув кузатилди.
Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгач¸ ўзбек-туркман расмий муносабатларида сал бўлса-да илиқлашув кузатилди.

Жорий йилнинг 5-6 май кунлари Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов президент Каримов таклифига биноан расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Мустақилликдан бери икки давлат раҳбарининг 11-марта бу каби расмий ташрифлари амалга оширилиб, 150 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Ҳар сафар туркман-ўзбек чегарасида яшовчи икки давлат фуқаролари ўзларини қийнаётган муаммолар барҳам топишидан умидвор бўлишади.

Бухорода яшовчи Камол оға асли Туркманистоннинг Илонли шаҳридан. У 21 кун аввал чегарадан 8 АҚШ доллари тўлаб, Туркманистондаги қариндошларини йўқлаб келди. Камол оға Туркманистонда бўлиши учун рухсат этилган уч кунлик муддат камлик қилгани ва барча қариндошлари билан учраша олмаганинидан ўкинади.

Камол оға ҳам ўзбек-туркман чегарасида виза тартиби бекор қилинишини хоҳловчилардан бири. Бироқ бугунги кунда Камол оға виза тартиби бутунлай олиб ташланишига ишонмайди.

Шунинг учун у, икки давлат раҳбарининг янги учрашувида чегарадаги тартибни енгиллатиш ва ўзбекистонликларнинг Туркманистонда бўлиш муддатини бироз узайтириш масаласи кўрилишини истайди.

- Булар барибир чегарани очмайди. Уни неча марта ëзиб ҳам кўрдик, айтиб ҳам кўрдик, чиқиб ҳам кўрдик. Буларнинг ўзларининг ички қоидаларида. Шунча бориб келди президент. Тегишли мутахассислар бориб келаяпти. Қайтанга Туркманистонда бўлиш муддати қисқарса қисқариб бораяпти. Ҳеч узаймаяпти. Энди уч кун мусулмончиликка ҳам тўғри келмайди. Таъзияга ўтган киши қийналади. Ҳеч бўлмаса кунини узайтирсалар. Масалан¸ менинг Ашхободда хешларим кўп. Балкан вилоятида хешларим бор. Туркманистоннинг ҳамма жойларида бор. Ўшаларнинг кўпларида фотиҳа бўлган, таъзия бўлган, ўшаларнинг кўпига боролмаймизда. Олдинлари борар эдик. 1996 йилда борганимизда ҳамма ерни айланиб юрар эдик. Энди булар визани бекор қилишмайди. Шу кун масаласи чўзилса яхши бўлар эди, дейди Камол оға.

Бухоро вилоятида 20 мингга яқин туркман яшайди. Камол оғага кўра, уларнинг барчаси ҳам бирдек ўзбек-туркман чегарасида енгиллик яратилишидан умидвор.

Чегара муаммоси ҳал бўлишини нафақат ўзбекистонлик туркманлар, балки, чегара ҳудудида яшовчи ўзбеклар ҳам хоҳлайдилар.

Манғитлик Нормат аканинг Тошҳовуз, Илонли, Тахта, Чоржўй шаҳарларида тахминан 300 нафар қариндоши бор. Борди-келди муаммолари қариндошлик ришталарига салбий таъсир қилаётганини айтар экан, Нормат ака чегараларни бутунлай очиш ва эркин ўтиб-қайтишни йўлга қўйиш масаласини жуда долзарб ҳисоблайди.

Туркманистонлик ўзбеклар ҳам икки давлат раҳбарининг ҳар сафарги учрашувидан умидвор бўлиб, ўз муаммолари ҳал қилинишини хоҳлайдилар.

Хоразмнинг Янгибозор туманидан Тошҳовуз шаҳрига келин бўлиб тушган Мафтуна ушбу учрашувдан сўнг чегара очилишини жуда истайди.

Шунингдек, Мафтуна Турманистондаги ўзбек келинларининг ҳужжат билан боғлиқ муаммолари ҳам муҳокама қилинишини хоҳлайди.

- Мен келин бўлиб тушганимга 5 йилча бўлди. Отам қариндошлик узилиб кетмасин деб, мени қариндошимизнинг ўғлига берди. Мени шунча йилдан бери прописка қилишмаяпти. Ўзбек келинларини Туркманистондан ҳайдашганидан бери юрак ҳовучлаб яшайман. Бизга паспорт беришмаяпти. Шу ҳужжатларимизни ҳал қилиб беришса жуда зўр иш бўларди, дейди Хоразмдан Тошҳовузга келин бўлиб тушган Мафтуна.

Яқинда Туркманистонда бўлиб, у ердаги ўзбеклар ҳаётини ўз кўзи билан кўриб қайтган бухоролик Камол оға туркманистонлик ўзбекларнинг муаммоларига эътибор қаратиш жуда зарур¸ деган фикрни билдиради.

- Туркманистонда шунча ўзбек бўлса ҳам ҳозир умуман ўзбек тилида ўқитилмайди, китоб-питоб деган нарса йўқ. Ўзбек мактаби йўқ. Тошҳовуз районининг 80 фоизи чистий ўзбек. Ҳозир ўзбеклар мажбур туркман тилида ўқияпти. Мен ўзбек болалари билан гаплашдим. Бечоралар на туркман, на ўзбек, иккисининг ўртасидада. Ана ўша муаммо жуда катта муаммо. Буни қиладими йўқми¸ билмайман. Икки дунëда қилмайди улар. Лекин Туркманистондаги ўзбеклар ёрдамга муҳтожда, дейди бухоролик Камол оға.

Хоразмлик профессор Суҳбат Абдулла ўзбек-туркман чегарасидаги Шовот туманида яшайди. Унинг ҳам Туркманистонда тахминан 500 нафар қариндоши бор.

Суҳбат Абдулла чегарадан эркин ўтиб-қайтишни йўлга қўйиш зарурлигини айтар экан, давлат раҳбарларининг янги учрашувида икки давлат ўртасида эркин савдо-сотиқни ҳам йўлга қўйиш масаласи кўтарилишини истайди.

- Чегаралар беркитилгунча Ўзбекистондан Туркманистонга жуда кўплаган мева-сабзавотлар ўтарди. Кустар методда ўтарди, аравада ўтарди, елкасига ортиб ўтарди, машинада ўтарди. У ëқдан бу ëққа ўтадиган юклар бор эди. Туркмандан кўпроқ Эрондан келадиган нарсалар, Покистондан келадиган нарсалар, кўпроқ цитрус мевалари, гилам ва шунга ўхшаган нарсалар ўтарди. Туркмандан Хоразмга ўтадиган энг асосий нарса бензин эди. Бу нарсаларни¸ албатта¸ йўлга қўйиш керак. Чунки чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолининг иқтисодий шароитига бу бевосита ижобий таъсир қилар эди. Эркин савдо-сотиқни йўлга қўйса, жуда бўлмаганда давлатлар ўртасидаги маълум қонунларни қабул қилиш билан ҳам ҳал қилса яхши бўларди, дейди Суҳбат Абдулла.

Суҳбат Абдулла икки давлат раҳбарлари яна бир масалага эътибор қаратишини истайди. Айни ушбу масала ўзбек мардикорларининг Россиядаги дарбадарлик ҳаётига барҳам берар эди деган фикрда.

- Мисол учун¸ Туркманистонда ерлар кўп. Ўзбекистонда ишчи кучи кўп. Шуни маълум бир асосда келишиб, пахта концорциуми ишлаб чиқиб, ўзбекларнинг Туркманистоннинг пахта далаларига мавсумий бориб, ишлаб келиш масаласини икки давлат келишиб қилса бўлади. Табиийки¸ Туркманларда аҳоли сони озлиги, ернинг кўплиги, уларда сув, бошқа ресурсалари ҳозирча етиб турибди, ишловчиларнинг камлигини инобатга олса бўлади. Эҳтимол Россияга кетиб юрмасдан туғма деҳқон бўлган ўзбек ишчисининг Туркманистон ерига бориб пахта етиштириб бериши, албатта маълум бир иқтисодий шартлар асосида, жуда катта эффектни, жуда катта яхши бир натижаларни пайдо қилган бўлади, иккита мамлакат ўртасида. Эҳтимол бунга президентлар фикрини қаратар. Бу ҳам жуда яхши нарса бўлган бўларди иккита мамлакат ўртасида, дейди Суҳбат Абдулла.

Хоразмлик ижодкор Қуронбой Матризаев ўзбек-туркман дўстлиги ҳақидаги “Боқий дўстлик” китоби муаллифи. Қуронбой Матризаев яқинда Хоразмнинг Урганч тумани Чойбу қишлоғидаги туркман мактабида ўзининг яна бир янги китоби “Маҳтумқули” романининг тақдимот маросимини ўтказди.

Ўтган йили Тошҳовузда ўтказилган “Дўстлик” фестивалида шахсан иштирок этган Қуронбой Матризаев кейинги пайтда икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларда бироз силжиш бўлаётганини, бироқ буни кучайтириш зарурлигини айтади.

- Мен Тошҳовузда "Дўстлик" фестивалида қатнашганимда, ўйлаб қолдимда. Бир вақтлар бизлар ҳазрат Навоийнинг кунларини ëки туркман шоири Махтумқули кунларини биргаликда ўтказардик. Маданий алоқалар деганимиз шуки, Туркманистонга бориб Навоий кунларини ўтказардик. Туркманистондан Ўзбекистонга келиб, Хоразмга келиб Махтумқули кунларини биргаликда ўтказганларимиз бор. Ана шу дўстлигимизни мустаҳкамласак, жуда ажойиб тадбир бўлар эди. Ана шундай тадбирлар яна бўлса, ëмон бўлмас эди, дейди Қуронбой Матризаев.

ЎзА агентлиги тарқатган маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида 170 мингдан зиёд туркман истиқомат қилади. Туркман миллатига мансуб 9 000 дан ортиқ бола туркман тилига ихтисослаштирилган 47 та мактабда таҳсил олади. Бу мактабларнинг 24 тасида таълим тўлиқ туркман тилида олиб борилади.

Маълумотларга кўра, Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Лебоб ва Тошҳовуз вилоятларида 700 мингдан зиёд ўзбек истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG