Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:06

Туркистон легиони - асирларни ўлимдан сақлаган имкон


Туркистон легионерларининг мақсади ватанларини коммунистик тузумдан озод қилиш эди.
Туркистон легионерларининг мақсади ватанларини коммунистик тузумдан озод қилиш эди.

Ўзбекистон мустақиллигига 20 йил бўлганига қарамай, мамлакатда Туркистон легиони тарихини ўрганиш иши оқсамоқда.


Ўзбекистонда 9 май Ғалаба куни деб эмас, балки Хотира ва қадрлаш куни дея нишонланади.

Хотира ва қадрлаш Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларига тегишли маърака экани айтилади. Шу маънода фронт чизиғининг у тарафида туриб жанг қилган ўзбеклар, хусусан, Туркистон легиони аскарларини ҳам хотирлаш хайрли ишдир.

Собиқ иттифоқ даврида Туркистон легиони тўғрисида гапириш тақиқланган, унинг қатнашчиларига эса ватан хоинлари тамғаси босилган эди. Ҳозир ҳам бу легион тарихини холис ўрганиш масаласи ҳал бўлгани йўқ.

Бу легион Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Германияда Мустафо Чўқай, Боймирза Ҳайит, Вали Қаюмхон, Рўзи Назар каби бир гуруҳ туркистонлик зиёлилар томонидан урушда асирга тушган туркистонликлардан тузилганди.

Германия қўмондонлиги таркибида шундай легион тузиш таклифини собиқ Туркистон мухторияти раҳбари Мустафо Чўқай илгари сурган эди.

Мустафо Чўқай Гитлернинг ёвуз сиёсатидан эзгу ишда фойдаланишга уринган. У 1939 йилда Гестапо қўлига тушган ва қанчадан-қанча чиғириқлардан ўтиб, шахсан фюрер билан мана шу легионни тузиш ҳақида келишувга эришган.

Бу келишувга мувофиқ Ўрта Осиёга фашистлар эмас, Туркистон легиони аскарлари кириши ва алоҳида давлат қуриши лозим эди.

Марҳум шоир Рауф Парфи тириклигида “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашар экан, Туркистон легионини тузиш ҳаракатлари миллат зиёлиларининг Туркистон бирлиги, мустақиллиги учун курашининг давоми бўлганини таъкидлаганди.

- Легион раҳбарлари Туркистон халқларини фашизм балосидан қутқариб қолиш йўлларини излаган. Туркистон мухторияти фожеасидан кейинги бу ҳаракатларни уйғонган зиёлиларнинг чет элдаги олижаноб ишларидан бири, дейиш мумкин,- деганди Рауф Парфи.

Мустафо Чўқай легионга раҳбарлик қилган йилларда фашистларга асирга тушган 260 минг туркистонликнинг ҳаётини сақлаб қолганининг ўзиёқ таҳсинга лойиқлигини қайд этади тарихчилар.
XS
SM
MD
LG