Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:01

Қирғизистон Омбудсмени халқаро комиссия хулосасига қўшилади


Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун Ўш воқеаларидан кейин миллатлараро муносабатларни йўлга қўйиш бўйича халқаро комиссия таклифларининг кўпини ўринли, деб ҳисоблайди.
Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун Ўш воқеаларидан кейин миллатлараро муносабатларни йўлга қўйиш бўйича халқаро комиссия таклифларининг кўпини ўринли, деб ҳисоблайди.

Ўш қирғинини ўрганган халқаро комиссия хулосасини юқори баҳолаган Турсунбек Ақун мазкур комиссия иши камчиликлардан ҳам холи эмаслигини айтди.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун шу йилнинг 3 май куни эълон қилинган халқаро комиссия хулосаси бунгача Ўш воқеаларини ўрганган бошқа комиссиялар хулосаларидан масаланинг барча томонларини қамраб олганлиги билан фарқланиши қайд этади.

Омбудсменга кўра, халқаро комиссия бунгача очиқ эълон қилинмаётган фактларни очиқлаган:

- Комиссия хулосасида вафот этганларнинг сони 470 нафар бўлиб, буларнинг 74 фоизи ўзбеклар, 25 фоизи қирғизлар экани айтилибди. Бунинг барчасини халқаро комиссия биринчи бўлиб очиқ айтди. Бунгача миллий комиссия ҳам, бизнинг комиссия (Қирғизистон Омбудсмен комиссияси – таҳр.) ҳам айтмаган. Буни тан олиш керак.. Комиссия: “Ўзбеклар ҳокимиятда йўқ”, деяпти. Бу энди ҳақиқат-да. Қанча одам зўрланди, қанча одам хўрланиб ўлдирилганини яширишнинг кераги йўқ. Бундан ташқари, ўзбекларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилган адвокатларга босим бўлаётгани айтилди. Ростдан ҳам шундай бўлаяпти-ку. “Бундай эмас” дейишнинг ўрнига шундай кўринишларга йўл бермаслигимиз керак, - деди Турсунбек Ақун.

Қирғизистон Омбудсмени Ўш воқеаларидан кейин миллатлараро муносабатларни йўлга қўйишда халқаро комиссия таклифларининг кўпи ўринли, деб ҳисоблайди. Бунга комиссия хулосасидаги ҳақиқий жиноятчиларни, миллатига қарамай, жазолаш ва тергов ишларини одилона олиб бориш бўйича фикрларни мисол келтиради.

Айни пайтда Турсунбек Ақун фикрича, халқаро комиссия хулосаси ҳам камчиликлардан холи эмас.

- Халқаро комиссия камчиликларидан бири Қодиржон Ботиров, Жалолиддин Салоҳиддинов, Иномжон Абдурасулов ва Каромат Абдуллаеванинг бу воқеалардаги роли ва уларнинг салбий ҳаракатларига баҳо бермаганидир. Негаки, буларнинг барчасини Қодировлар бошлади, Абдурасуловлар бошлади. Мирзақматов ҳам провокация қилганларнинг бири. Нега жаноб Мирзақматовнинг миллатчилик ҳаракатлари, ўзбекларнинг бизнесига бориб солиқ солгани тўғрисида ҳеч нарса айтилмайди? Мелис Мирзақматов июн воқеасигача ҳам жиноий гуруҳлар билан боғланиб, улар орқали ўзбек тадбиркорларига солиқ солди, деган маълумотлар бор. Шундан кейин ўзбеклар: “қирғизлар бизни сиқиштира бошлади” деб тўпланиб, акциялар ўтказа бошлаган. Мелис Мирзақматов шунга йўл очган. Шулар тўғрисида биз айтишимиз керак-да, биз эса бу борада гапирмаяпмиз, - деди Турсунбек Ақун.

Айтиш жоизки, бундан аввал Қодиржон Ботиров Озодликка берган суҳбатида Ўш воқеаларида ўзини айбдор деб билмаслигини айтганди.

Ўш шаҳар мери Мелис Мирзақматов эса Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида ўзига нисбатан билдирилаётган салбий фикрларни миш-миш сифатида баҳолаган.

- Ҳаммаси миш-мишлар, тахминларнинг асосидагина хулоса чиқаришаяпти. Хақиқатда эса бу ердаги ҳаёт, бўлган воқеалар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари умуман бошқа. Буни исботловчи далиллар ҳам бор. Биз давлатни очиқ эшиклар мамлакатига айлантирмаслигимиз керак. Бизнинг ожизлигимиздан фойдаланишиб, ҳар хил хулосаларни чиқаришаяпти, - деди Мелис Мирзақматов.

Халқаро комиссия хулосасида Ўш воқеалари бўйича ҳукуматнинг махсус комиссиясини тузиш таклиф қилинган.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун ушбу таклифга мувофиқ июн воқеаларига алоқадор бўлган ўша пайтдаги муваққат ҳукумат вакиллари ва айрим сиёсатчиларнинг ҳар бирининг ҳаракатига яраша ҳуқуқий ва сиёсий баҳо бериш масаласини ҳам кўтарди.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Ўш воқеалари юзасидан эълон қилинган Ҳалқаро комиссия хулосаси юзасидан маҳаллий нодавлат ташкилотлари, сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан ташқари турли халқаро ташкилотлар ҳам ўз мулоҳазаларини эълон қилмоқда.

Жумладан, шу йилнинг 5 май куни бу борада ўз муносабатини очиқлаган Халқаро Амнистия ташкилоти Ўш воқеаларини ўрганган Халқаро комиссия хулосасини кўп томонлама ва конструктив бўлганини таъкидлар экан, Қирғизистон ҳукумати хулоса натижаларини эътиборга олиши зарурлигини айтган.

Халқаро Амнистиянинг Европа ва Марказий Осиё дастури бўйича директори Никола Даквортга кўра, Қирғизистон ҳукумати Ўш воқеалари чоғида содир этилган жиноятлар тегишли тарзда тергов қилинаётганига ва маҳкамалар халқаро меъёрлар асосида ўтказилаётганига амин бўлиши керак. Халқаро жамоатчилик эса қирғиз ҳукуматини бунга ундаши ва айни пайтда бу йўналишда қўллаб-қувватлаши лозим.
XS
SM
MD
LG