Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Елена Бондарь чиқиш визаси олишига ишонмайди


Елена Бондарь хорижга чиққач фоҳишалик қилмаслиги ҳақида тилхат ёзгачгина унинг ҳужжатларини қабул қилишди
Елена Бондарь хорижга чиққач фоҳишалик қилмаслиги ҳақида тилхат ёзгачгина унинг ҳужжатларини қабул қилишди

Тошкентлик 22 ёшли талаба Елена Бондарь хорижда фоҳишалик билан шуғулланмаслик ҳақида тилхат ёзиб бергачгина Тошкент вилояти Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими унинг ҳужжатларини қабул қилди. Яқиндан бери Ўзбекистонда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёллар чиқиш визаси олишдан аввал ана шундай тилхатга қўл қўйиши шарт бўлиб қолган. Шунингдек, хорижга кетаётган аёл учун унинг эри ёки ота-онаси кафолат хати ёзиб беришлари ҳам лозим.


Тошкент Миллий университети талабаси, мустақил жураналист 22 ёшли Елена Бондарь ўзи яшаётган маҳалла қўмитасидан унинг аҳлоқи яхшилиги ва фоҳишалик билан шуғулланмаслиги ҳақидаги характеристика олиб, ўзи ҳам бу ҳақда тилхат бергачгина Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими унинг ҳужжатларини қабул қилганини айтади.

- Маҳалла қўмитасидан мен аҳлоқим яхшилиги ва фоҳишалик билан шуғулланмаслигим ҳақида характеристика олишимга тўғри келишди. Маҳалла қўмитасидагилар характеристикага мана шу уят сўзни ёзиб, кейин муҳр қўйиб беришди. Ташкент вилоят ОВИРига бу ҳужжатни олиб бордим. Улар мени ўзимдан ҳам тилхат ёзиб беришимни талаб қилишди. Тилхатда мен хорижга чиққач фоҳишалик қилиш ниятида эмаслигимни ёздим. Шундан кейингина ҳужжатларимни қабул қилишди,- дейди Елена Бондарь.

Елена 5 май куни Тошкент вилояти Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чиқиш виза олиш учун борганида унинг ҳужжатларини қабул қилишдан бош тортишган эди.

- Ҳужжатларни қабул қилувчи инспектор олдига борганимда менга очиқчасига “Сиз нимага келдингиз, Ўзбекистонда 35 ёшгача бўлган аёллар мамлакатдан чиқарилмайди” дейишди. Бу янги қонун эмиш. Кейин бош инспектор билан учрашдим. У ҳам менга юқорининг қандайдир буйруғини рўкач қилди. Шу билан ҳужжатларимни қабул қилишдан бош тортишди,- дейди Елена Бондарь.

Шундан кейин Елена Ўзбекистон қонунларига зид бу ҳолат юзасидан шикоят қилиб, Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Республика бошқармасига мурожаат қилган.

- Республика ОВИРида шундай қарор бор, лекин бу норасмий қарор дейишди. Бу Ўзбекистон ички ишлар вазири буйруғи экани ва унга барча бўйсуниши кераклигини айтишди,- дейди Елена Бондарь.

Бироқ Еленанинг айтишича, бу муаммони матуботда ошкор қилгани унга ёрдам берган ва унинг ҳужжатларини қабул қилишга рози бўлишган.

Еленага кўра, унга хорижга кетаётган аёл учун унинг эри ёки ота-онаси кафолат хати ёзиб беришлари ҳам шартлигини айтишган. Бироқ Еленанинг турмушга чиқмагани ва ота-онаси йўқлиги учун ундан бундай хатни талаб қилишмаган.

- Мен ҳозирда чиқиш визаси беришларига ишонмаяпман ҳам. Лекин хорижга чиқишга қонуний ҳаққим бор. Мен балоғатга етганман. Буни ҳеч қандай қонун чегараламайди. Мен Ўзбекистон қонунларига қарши ҳеч қандай иш ҳам қилмаганман,- дейди Елена Бондарь.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Республика бошқармаси ходими Озодлик билан суҳбатда чиқиш визаси учун аёлларга нисбатан янги кўринишдаги тартиб жорий қилингани ҳақида бирор бир расмий ҳужжат йўқлигини айтди. Бироқ у бошқарманинг жойлардаги бўлимлари бирор бир расмий кўрсатмасиз ҳам бу каби тартибларни қўллашлари мумкинлигини инкор қилмади.
XS
SM
MD
LG