Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:00

Тошкентда Мустафо Камол Отатурк кўчасининг номи ўзгартирилди


Мустафо Камол Отатурк мустақил Туркия Республикасининг асосчиси сифатида ном қозонган.
Мустафо Камол Отатурк мустақил Туркия Республикасининг асосчиси сифатида ном қозонган.

Тошкентдаги Мустафо Камол Отатурк кўчасининг номи ўзгартирилди. Пойтахт марказидаги кўчага Зарафшон, деб ном берилди. Кейинги ярим йил давомида Ўзбекистонда Туркиянинг 50 та ташкилоти ёпилди. Отатурк кўчасининг ўзгартирилиши кўча номларини тартибга солиш билан изоҳланса, Туркия капитали ҳисобига ишлаётган ташкилотларнинг ёпилишида уларнинг солиқ тўлашдан бўйин товлагани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Айни пайтда аксар таҳлилчилар иккала ҳолат ортида сиёсий сабаблар борлиги ва бу Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг янада совуқлашганидан далолатдир демоқдалар.


Тошкент шаҳар ҳокими қарорига кўра, пойтахт марказидан ўтадиган ва мустақил Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк номидаги кўчаси бундан буён ўша ерга яқин жойлашган савдо-кўнгилочар мажмуасига мослаб Зарафшон дея аталади.

Зарафшон кўчасидаги Зарафшон концент зали
Собиқ иттифоқ даврида бу кўча Киров номи билан аталган эди. Ўтган асрда 90- йилларнинг бошида кўчага Мустафо Камол Отатурк номи берилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги топоним комиссия аъзоларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Тошкент шаҳар ҳокими қарорига биноан шаҳардаги 11 та туманнинг 8 тасидаги бир нечта кўча ва маҳаллалар номи қайта ўзгартилди.

Ҳокимлик вакили буни сиёсат билан боғламасликни, бу маданий кўринишдаги тадбир эканлиги, кўча номларини тартибга солиш ва тарихий номларни қайта тиклаш мақсадида қилинаётганини айтди.

Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан боғланиб, Мустафо Камол Отатурк кўчасининг номи ўзгартирилганига муносабатини сўраганимизда, элчихона ходими бугун уларда дам олиш куни экани ва саволларимизга эртага жавоб беришлари мумкинлигини айтди.

Филология фанлари номзоди, тилшунос олим Бахтиёр Исабеков Совет давридаги айрим раҳбарлар номига қўйилган объектларнинг қайта номланишини қўллаб-қувватлайди. Бироқ у Отатурк шарафига қўйилган кўча номининг ўзгартирилгани ортида "ғирт" сиёсий сабаблар ётганига шубҳа қилмайди.

- Умуман туркчиликдан қочиш деган нарсадан бошқа нарсани кўрмаяпман. Бу фақат қайта номлаш ëки топонимик нарса эмас. Топонимларни сиëсийлаштириш, ҳозирги сиëсий йўналишга, сиëсий ғояга мослаштиришдан бошқа нарса эмас. Умуман турклар билан бўлган муносабатни акс эттиришга ўхшаган нарса. Бу фақат жой номларида эмас, умуман сиëсатда кўрилаëтган нарса. Умуман туркчилик билан боғлиқ нарсаларнинг бирортасига бош қўшмаслик, бундан қочиш. Умуман туркий жумҳуриятлар ëки туркий давлатлар муносабатларида Ўзбекистоннинг иштирок этмаëтганлиги ва бошқалар ҳаммаси бир нуқтада бирлашади. Шунинг учун Мустафо Камол Отатурк номидаги кўчанинг ўзгартирилишини умумий ялпи сиëсатнинг бир қисми сифатида изоҳлашим мумкин буни,- дейди Баҳтиёр Исабеков.

Туркиялик тарихчи олим, ҳозирда АҚШдаги Мичиган университети профессори Темур Хўжа ҳам Тошкентда Мустафо Камол Отатурк кўчаси номининг ўзгартилганини сиёсий сабаблар билан боғлар экан, айни ҳолатни Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг янада совуқлашгани белгиси ўлароқ баҳолайди.

- Ўзбекистондаги кўчалардан бирининг номининг Туркия давлатининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк ҳурматига Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин берилган ном эди. Чунки ўша пайтда Туркия билан Ўзбекистон ўртасида самимий, иссиқ муносабатлар бор эди. Эндиликда бу кўчанинг у ердаги бир рестораннинг номи билан алмаштирилиши бу албатта маданий эмас сиëсий бир масала бўлганлигини кўрсатаяпти. Шунингдек, кўп сонли турк ишбилармонларининг иш ерлари, корхоналари ëки ҳамкорликлари бекор қилиниб, тўхтатилаяпти. Бунинг орқасида ҳар ҳолда бир сиëсий мақсадлар ҳам бор. Биринчидан, Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар салқинлашганлиги неча йилдан буëн давом этаётган эди. Лекин бу ҳозир салқинликдан ҳам ўтиб қаттиқ совуқликка айланганга ўхшайдики, бундай йирик тадбирий чоралар ҳам кўрила бошланган. Бу демак Туркия-Ўзбекистон муносабатларида сиëсий келишмовчилик ва проблемалар кўчайганидан далолат,- дейди Темур Хўжа.

Ўзбекистонда кейинги ярим йил давомида турк капитали ҳисобига очилган 50 та дўкон ва ташкилотлар ёпилди.

Centralasiaonline.com сайти маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу ташкилотлар ёпилишини коррупцияга қарши кураш доирасида амалга оширилганини билдирган.

МХХдаги манбага таяниб тарқатилган хабарга кўра, аксар турк ташкилотлари тақиқланган “Нурчилар” (Туркияда Саид Нурсий асос солган “Нурчилик” диний оқими) ташкилотига алоқадорлиги учун ёпилган, улар тақиқланган диний китобларни тарқатганлик ва Ўзбекистондаги нурчиларга кўмаклашганликда айбланган.

Шунингдек, ташкилотларга солиқ тўлашдан бўйин товлаш айби ҳам қўйилган.

Ўзбекистон божхона қўмитаси маълумотига кўра, Тошкент шаҳридаги Turkuaz савдо мажмуасидаги текширишлар натижасида 40 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги товар маҳсулотлари мусодара қилинган.

Айтиш жоиз, Мустафо Камол Отатурк номидаги кўчалар, парклар, меҳмонхоналар ва биноларни Европа ва Осиёнинг кўплаб мамлакатларида учратиш мумкин.
XS
SM
MD
LG