Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:01

Парижда Л. Каримова арзи тингланди


Uzbekistan - President Karimov's daughter Lola sues a French Journalist Augustin Scalbert of Rue89, undated
Uzbekistan - President Karimov's daughter Lola sues a French Journalist Augustin Scalbert of Rue89, undated

Париждаги маҳкамада Лола Каримовани ҳимоя қилган адвокат “мен тухмат билан боғлиқ маҳкамага келувдим, бу ерда режим устидан халқаро маҳкама ўтказилаётган кўринади”, деган.


Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг "Rue89" Интернет нашри устида шикоят аризасини кўриб чиққан Париждаги маҳкама ўз қарорини 1 июлда эълон қилишини билдирди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Л. Каримова-Тиллаева отасини “диктатор” ўзини эса, "диктаторнинг қизи" деб атаган ҳамда машхур итальян актрисаси Моника Белуччига битта ҳайрия кечасида қатнашгани учун 190 минг евро ҳақ тўлагани ҳақида хабар тарқатгани учун француз нашрини "туҳмат"да айблаб, судга бериб, ўзига етказилган маънавий зарар учун 30 минг евро талаб қилмоқда.

Уч соатдан ортиқ давом этган кечаги маҳкамада суд ҳайъати томонлар гувоҳликларини эшитгач, суд қарори беш-олти ҳафтадан кейин, аниқроғи 1 июлда эълон қилинишини билдирган.

Пайшанба кунги маҳкамада Лола Каримованинг ўзи қатнашмади. Уни франциялик адвокат Антуан Жерме ҳимоя қилди.

Rue89 нашри ҳимоячилари кўрсатмаларини эшитгач адвокат Жерме “мен тухмат билан боғлиқ маҳкамага келувдим, бу ерда режим устидан халқаро маҳкама ўтказилаётганга ўхшайди”, деган.

Шунингдек, адвокат Антуан Жерме диктаторнинг қизи дейиш, АҚШда судга тортилган франциялик сиёсатчи, Халқаро валюта жамғармаси собиқ раҳбари Доминик Стросс Каннинг қизини зўравон отанинг қизи дейиш билан баробар, деб ўз мижози ҳақоратланганини исботлашга уринган.

Шунингдек, жаноб Жерме маҳкамадаги чиқишида ўз мижози маънавий зарар учун Rue89дан талаб қилаётган 30 минг евро пулни Франция собиқ президентининг рафиқаси Бернадетт Ширак ҳайрия жамғармасига инъом қилиш ниятида эканини ҳам айтган.

Маҳкамада Rue89 нашрини адвокат Антуан Комте ҳимоя қилди. Жаноб Комте Лола Каримовани цензура қилишга уринишда айблади.

Комте Озодлик билан суҳбатда Каримовани француз нашри ҳақоратлагани ҳақида унинг адвокати келтирган аргументларни “жуда заиф”, деб атади.

- Лола Каримова адвокати жуда заиф аргументларни келтирди. Бу ерда у ҳақоратланганлиги даъво қилиняпти, лекин буни исботловчи далилларни улар келтира олишмади. Rue89 нашри сўз эркинлиги меъёрларига зид келадиган ҳаракат қилмаган ва прокурор ҳам буни эътироф этди,- деди Антуан Комте.

Париждаги маҳкамада ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли, собиқ сиёсий маҳбус Мўътабар Тожибоева гувоҳлик берди.



“ОИТС: Ўзбекистонда қатағон, бироқ Каннда сайр-гаштак”

Ўтган йил май ойида, Франциянинг Канн шаҳрида кинофестивал бўлаётган пайтда Rue89 нашрида “ОИТС: Ўзбекистонда қатағон, бироқ Каннда сайр-гаштак” сарлавҳали мақола босилган эди.

Rue89 мухбири Огустин Скалбер ўз мақоласида Американинг “amfAR” инсонпарварлик ташкилоти томонидан Каннда ўтадиган йиллик “Кино ОИТСга қарши” ҳайрия ташкилоти киноанжумани бўлаётган, унда ўзбек президентининг қизи Гулнора Каримова мода, шоу бизнес ва кино юлдузлари билан бир қаторда анжуманга ҳомийлик ва ҳамраислик қилаётган бир пайтда Ўзбекистонда ОИТСга қарши курашчи Максим Попов қамоқда азоб чекаётгани ҳақда ёзган эди.

“Озодлик” билан суҳбатда Скалбер мақоладаги фактларни исботлаш учун ўзида етарли далиллар борлигини айтди. “Франция сўз эркинлиги мамлакати ва биз Лола Каримовани диктатор қизи экани ҳақида ёзишимиз мумкин. Каримов диктатор экани факт. Лекин буни судда исботлашимиз керак ва бу биз учун осон”, деди Скалбер.

Лола Каримованинг адвокати Антуан Жерме билан боғлана олмадик.

Париждаги чегара билмас мухбирлар ташкилоти маҳкама арафасида чиқарган баёнотида агар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги вазияти бугунгидай абгор бўлмаганида суд ишини майна қилса арзирди, дея баёнот эълон қилди.

“Ўз мамлакатида Лола Каримова ахборот агентликлари овозини ўчириш учун судлашиб ҳам ўтирмаган бўларди. Демократик мамлакатларда эса мустабидларнинг суд тизимини ўйинчоқ қилишлари имконсиздир”, дейилади ташкилот баёнотида.

Париждаги Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ходими Саша Кулаева Ўзбекистон президентининг қизи Лола Каримова француз нашрини судга бериши ҳуқуқ фаолларига Ўзбекистондаги муаммоларни яна кўтариш имконини берганини айтади.

- Бугунги маҳкама муҳим бир ходисадир. Бу бизга Ўзбекистонда на судда ва матбуотда кўтариш имконсиз бўлган бўлган масалаларни кўтариш имконини бермоқда, яъни Лола Каримованинг француз нашрини судга бериши бизга Ўзбекистондаги қонунсизлик, қийноқлар ва танқидий овозларнинг таъқиб этилиши борасида гапириш фурсатини яратмоқда,- дейди Кулаева.

Шу ўринда матбуотда Ўзбекистон раҳбарига нисбатан “диктатор” сўзининг ишлатилиши журналистика қоидаларига қанчалик тўғри келади ва журналистлар бунақа баҳони беришга қанчалик ҳақли деган саволларни пайдо қилган. Саша Кулаева фикрича, матбуот бу борада ўз баҳосини беришга ҳақли.

- Кўплаб фактлар билан тасдиқланган холатни таъкидлаш судлов учун нишон бўлмаслиги керак,- деди Кулаева.

Париж суди Каримовнинг диктатор ёки диктатор эмаслиги масаласини кўриб чиқиши арафасида Newsweek журнали Ўзбекистон президентини жаҳоннинг ўнта ашаддий мустабиди қаторига киритди.
XS
SM
MD
LG