Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:14

Роғун борасида ўзбек-тожик можароси давом этади


Ўзбекистон Роғун ГЭСи борасидаги халқаро экспертиза натижалари қандай бўлишидан қаътий назар уни қуриш номақбул деб ҳисоблайди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигининг исмини ошкор этмаган масъулига кўра, Тошкент ва Душанбе ўртасида Роғун мавзуси билан боғлиқ даҳанаки жанжалларга аслида журналистлар сабаб бўлаяпти.

- Вазирнинг ( Энергетика вазири Шерали Гул назарда тутилаяпти - таҳр.) ўша кунги баёноти оммавий ахборот воситаларида мазмунан ўзгартирилган ҳолда нашрга берилган. Яъни вазир жаноблари “Биз халқаро экспертлар хулосасини назарга олмаймиз” деган маънода гапирмаган эди. Бу журналистларнинг иши, - деди Энергетива ва саноат вазирлигининг исми ошкор қилинмаган масъули.

Жорий йил 18 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазрлиги ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлиги “Халқаро экспертиза натижаларидан қатъий назар, Роғун ГЭСи қурилиши мақсадга мувофиқ эмас” номли мақолани нашрга берди.

“Тожикистон томони халқаро экспетлар ишини эътиборга олмаслигини халқаро ҳамжамиятга намойиш қилиб, шунинг баробарида эгоистик ҳаракатлари оқибатида нафақат қўшни давлатлардаги миллионлаб аҳоли, балки Роғун тўғони қуйисида яшаётган ўз фуқаролари ҳаётини ҳам хавф остига қўйишга тайёрлигини англатмоқда”, дейилади ушбу мақолада.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазрлиги ахборот агентлигининг ёзишича, Тожикистон энергетика вазири Роғун лойиҳаси бўйича халқаро экспертиза натижалари эълон қилинмай турибоқ, унинг хулосаларини рад этаётир.

Шунингдек, “Жаҳон” ахборот агентлиги Тожикистон томонни қўшнилари манфаатлари ва уларнинг бу лойиҳага оид нуқтаи назарларини менсимаётганликда ҳам айблаган.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон энергетика ва саноат вазири Шерали Гул Роғун ГЭСи қурилиши юзасидан шу йил 22 апрел куниги баёнотида “Халқаро экспертиза ўтказилгандан кейин ҳам станциянинг техник параметрлари ўзгартирисиз қолиши”ни таъкидлаган эди.

Бу баёнотга Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи раҳбари Борий Алихонов кескин муносабат билдирган эди.

Тожикистон Энергетика вазирлигидаги манбанинг айтишича, аввалроқ ўзбек депутатига ёзма тарзда жавоб йўлланган.

Бироқ бугун, таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистондаги расмий нашрнинг Тожикистон энергетика вазири Шерали Гул баёнотига такроран жавоб ёзиши “Ўзбекистон ҳукуматининг музокаралар жараёнига босим ўтказишидан ўзга нарса эмас”.

Тожикистон Бош вазирининг собиқ муовини Георгий Кошлаков Тошкентнинг бундай чиқишларига умуман аҳамият бермасликка чақиради.

- Фикримча, улар Роғун лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилгандан кейин ҳам ўз қарашларини ўзгартирмайди. Лекин бу билан улар Роғун қурилишига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди. Ўзбеклар экспертиза натижаларидан қатъий назар, Роғуннинг қурилиши мақсадга мувофиқ эмаслигини айтишади. Хўш унда нима мақсадга мувофиқ? Уларнинг инжиқликларими?- дейди собиқ мулозим Кошлаков жаноблари.

Айтиш жоизки, дунёда энг баланд тўғон билан қурилаётган Роғун ГЭСнинг илк пойдевори ўтган асрнинг 80 йилларида қўйилган.

Аммо Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг “ўлик иншоот” га айланиб қолган Роғун қурилиши 2004 йил Тожикистон ҳукумати томонидан жонлантирилагандан кейин, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида муносабатлар ҳам кескинлаша борди.

Тошкент бу йирик гидроиншоот минтақа экологияси учун тузатиб бўлмас зарарлар келтиришини даъво қилса, Душанбе бу фақат Ислом Каримовнинг инжиқликлари эканини иддао қилишдан чарчамайди.

Айни пайтда Роғун ГЭСи лойиҳасини иқтисодий, техник ва экологик халқаро экспертизадан ўтказиш тадбири Жаҳон банки молиявий кўмаги ёрдамида амалга оширилмоқда.

Бироқ Ўзбекистон қаторида Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси каби ташкилотлар халқаро экспертлар гуруҳи хулосаси эълон қилинмагунча, Роғунда тиклаш ва қурилиш ишлари тўхтатилишини бир неча марта сўраган эса-да, бу майдонида етти мингдан ортиқ ишчи эртаю кеч меҳнат қилаётгани кузатилади.

Айни пайтда Имомали Раҳмон бошлиқ Тожикистон ҳукумати ҳар бир тадбирда, ҳар бир расмий ва норасмий чиқишларида “Роғун тожиклар учун ҳаёт ва мамот масаласи” эканини тинмай такрорлайди.

- Роғун Тожикистон учун ҳаётан муҳим объект саналади. Кўп нарса унга боғлиқ. Биз уни албатта қурамиз. Табиийки қўшнилар ва халқаро ташкилотлар таклифлари ва нуқтаи назарлари эътиборга олинган ҳолда қурилади, - дейди Тожикистон энергетиклар анжумани раиси Рафиқа Мусоева.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Тожикистон ҳукумати ҳар йил бу гидроиншоот лойиҳаси учун давлат бюджетидан миллионлаб сомоний маблағ ажратиб келмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2011 йилда бу лойиҳа учун 850 миллион сомоний ёки тақрибан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.

Тожикистон Молия вазирлигининг маълум қилишича, Роғун ГЭСи лойиҳасининг умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларига тенгдир.
XS
SM
MD
LG