Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:30

Тошкентда 11 ёшли қизалоқ зўрланиб, ўлдирилди


Қизалоқнинг кўчага ўйнаш учун чиқиб¸ уйга қайтмагани айтилмоқда.
Қизалоқнинг кўчага ўйнаш учун чиқиб¸ уйга қайтмагани айтилмоқда.

Бу эса¸ ҳуқуқ фаолларига кўра¸ кейинги уч ойида пойтахтда болалар билан боғлиқ қайд этилган тўртинчи қотилликдир.


23 май куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Оқтепа маҳалласидаги 180-мактабнинг 5- "Д" синф ўқувчиси, 11 ёшли Жасмина Рустамованинг жасади кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласидан топилди. Қизалоқнинг аввал зўрланиб, кейин ўлдирилгани, унинг танасида қийноқ излари топилгани айтилмоқда.

11 ёшли Жасмина Рустамова 21 май куни ғойиб бўлган ва орадан бир ярим кун ўтиб, унинг жасади Оқтепадаги кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласидан топилган.

Бу маълумотни Жасмина ўқиган Тошкентдаги 180-мактаб ўқитувчиларидан бири Озодликка маълум қилди.

Жасминанинг қўшниларидан бири¸ ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқовага кўра, қизалоқ аввал зўрланиб, кейин шафқатсизларча қийнаб ўлдирилган.

- 11 ëшли қизалоқ. Бугун кўмишди. Бундан 3 кун олдин кўчага чиқиб ўйнаб юрган қизалоқ йўқ бўлган. Бутун маҳалла, бутун қариндош-уруғ югур-югур қидиришган. Ҳеч қаерда йўқ. Милицияга беришган. Милиция ҳам қидирган. Шу билан бир уйнинг подвалидан топишибди. Орадан бир ярим сутка ўтгандан кейин топишган. Ҳалиги қизчанинг ўлигини топишган. Жуда қўрқинчли аҳволда экан. Юзларида сигаретлар ўчирилган, зўрланган. 11 ëшли қизалоқ. Умуман жуда даҳшатли, қўрқинчли бир воқеа бўлган. Кеча кечқурун олиб келишибди моргдан. Бугун эрталаб шу қизчани чиқаришди, кўмишди, дейди воқеа тафсилотларини ҳикоя қилган Дилором Исҳоқова.

Жасмина ўқиган 180-мактаб ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда Жасмина намунали ўқувчилардан бири бўлганини айтди.

- Жасмина билан боғлиқ ҳеч қачон муаммо бўлмаган. У дарсларга доим тўлиқ қатнашган. Тўғри у ичимдагини топ хилидаги қизлардан эди, бироқ жуда босиқ қиз бўлган. Барча синфдошлари билан аҳил эди. Синфдошлари ва ўқитувчилари билан умуман можарага бормаган, дейди ўқитувчи аёл.

Унга кўра, айни пайтда милиция ходимлари қотиллик юзасидан тергов-суриштурув ишлари олиб бораяпти.

- Суриштирув олиб борилмоқда. Милиция ишлаяпти. Келиб ота-оналар билан, Жасминанинг синфдошлари билан суҳбатлашди. Тергов олиб борилаяпти. Бироқ ҳозирча буни ким ва нима мақсадда қилгани номаълум, дейди ўқитувчи аёл.

Дилором Исҳоқовага кўра, кейинги уч ой давомида Тошкентда вояга етмаган болалар билан боғлиқ тўртта қотиллик ҳолати аниқланган.

- Ҳозир бутун маҳаллаларда юриб, мактабларда юриб бўлган воқеаларни айтиб “Болаларни эҳтиëт қилинглар. Ўзинглар олиб бориб ўзинглар олиб келинглар” деб тушунтириш бўлаяпти. Мана шу воқеадан икки ҳафта олдин ҳам канализационний люкнинг ичидан битта қизнинг ўлигини олишган экан. У ҳам Шайхонтоҳурдан. У ҳам ўлдирилган. Охирги уч ой ичида мана шу тўртинчи воқеа. Аввалроқ мактабдан ака-ука келаëтганда ўғирлаб кетилганини эшитган эдим. Жуда қўрқинчли бўлаяпти. Тошкент дунëдаги энг тинч шаҳарлардан биттаси эди. Жуда камдан кам бўларди бола ўғирлаш. Кейинги пайтда бунақа нарса одатий бўлиб қолди,- дейди Дилором Исҳоқова.

11 ёшли Жасмина Рустамованинг ўлдирилиши юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Қотиллик", "Қийнаш", "Номусга тегиш" каби моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шайхонтоҳур туман хокимлигидаги манбанинг Озодликка билдиришича, ушбу қотилликда наркоманлар гуруҳи гумон қилинмоқда. Жасминани уйи олдидан алдаб олиб кетганликда гумонланиб, наркоман сифатида рўйхатда турган Руҳина исмли қизнинг ҳибсга олингани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG