Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:52

Прокурордан 240 минг доллар ўғирлаганлар қамалди


Прокурорнинг айтишича, унинг сейфидан ўғирланган 240 минг АҚШ долларидан атиги 13 мингги унга тегишли бўлган холос.
Прокурорнинг айтишича, унинг сейфидан ўғирланган 240 минг АҚШ долларидан атиги 13 мингги унга тегишли бўлган холос.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдурасул Юнусовнинг уйидан 240 минг АҚШ доллари ва тилла буюмларни ўғирлаган беш нафар йигит суд ҳукмига кўра, 13,5 йилдан 14 йилгача бўлган қамоқ жазоларига маҳкум қилинди.


Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман жиноий ишлар судида Ўзбекистон Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдурасул Юнусовнинг уйида содир этилган ўғирлик бўйича суд маҳкамаси тугади.

Қора курсидаги беш йигитнинг барчаси айбдор деб топилиб, 13,5 йилдан 14 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Uzmetronom.сom сайтига кўра, Абдурасул Юнусовнинг уйидан жами 240 минг 100 АҚШ доллари ва тилла буюмлар ўғирланган.

Бу маълумотни Ўртачирчиқ туман Ички ишлар бўлимининг навбатчи ходими ҳам тасдиқлади.

Унга кўра, прокурорнинг уйидаги ўғирлик ҳолати бўйича очилган жиноий иш билан Ўртачирчиқ туман Ички ишлар бўлими ходимлари шуғулланган.

- Бизнинг РОВД шуғулланган. У энди феврал-март ойларида бўлди-ëв. Анча бўлиб қолди бу ишга. Ўғирлик жинояти бўйича бизнинг группа чиқадию. Район ҳудудида бўлгандан кейин ўша бўйича чиқилган группа шуғулланди,- деди милиция ходими.

У мазкур жиноий иш Ўртачирчиқ туман жиноий ишлар судига оширганини айтиб, воқеага оид бошқа тафсилотларга тўхталишни истамади.

Прокурор Абдурасул Юнусов хонадонидаги ўғирликка оид баъзи тафсилотларни Uzmetronom.com сайти берди.

Ундаги хабарга кўра, Абдурсул Юнусовнинг рафиқаси ўғирлик тўғрисида милицияга берган аризасида дастлаб уйдаги сейфдан 13 минг АҚШ доллари ўғирлангани кўрсатилган. Бироқ кейинчалик беш нафар йигит ўғирликда гумонланиб ҳибсга олингач, Юнусова хоним ўғирлик миқдори 200 минг 100 АҚШ доллари эканини айтган. Сўнгра ўғирлик ҳақидаги кўрсатма яна ўзгартирилиб, прокурорнинг уйидаги сейфдан 240 минг 100 АҚШ доллари ва жами 24 миллион 950 минг сўмга тенг тилла буюмлар ўғирлангани кўрсатилган.

Сайтнинг ёзишича, Абдурасул Юнусовнинг сейфидаги пулларнинг 13 минг АҚШ доллари ўз оиласига, 140 минг доллари прокурорнинг акасига, қолган 87 минг 100 доллари эса Ўртачирчиқ туманида ёқилғи қуйиш шохобчасига эга укасига тегишли бўлган.

Кейинчалик судланувчилардан икки нафари 40 минг АҚШ долларидан пулни қайтарган, бироқ уларга ҳам узоқ муддатли қамоқ жазоси берилган.

Шунингдек, Uzmetronom.com Юнусовлар хонадонида рўй берган ўғирликни прокурорнинг жияни уюштиргани, бу ҳақда унинг рафиқаси А. Юнусова берган кўрсатмага кўра, эри жиянига 20 минг АҚШ доллари миқдорида қарз берган ва ўша пайтда у прокурор оиласининг пул жамғармалари қаерда сақланаётганини эслаб қолган бўлиши мумкин.

Маълум бўлишича, ҳозирда ўғирликда гумонланган икки йигит қидирувга берилган. Прокурорнинг жиянига қандай жазо берилгани ҳақида эса маълумотлар йўқ.

Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг исмини ошкор қилмаган ходими Абдурасул Юнусовнинг уйидаги воқеа одатдаги ўғирликлардан бири экани ва вилоятда бу каби ҳолатлар деярли ҳар куни рўй беришини айтади.

- Бунақа ўғирликлар бир кунда ўнталаб, йигирматалаб ҳам бўлади. Ўғирлик жуда кўп бўлади. Тошкент вилоятида 18та шаҳар, туманимиз бор. Ҳар биттасида биттадан бўлса ҳам 18та бўлади. Узоғи билан бир кунда 6-7-8та мана шунақа ўғирликлар бўлиб туради, деди ИИБ ходими.

Албатта, у кишининг гапини шубҳа остига олишга ҳақли эмасмиз, лекин республика бош прокуратураси мулозимининг уйида ҳар куни ҳам 240 минг АҚШ доллари ўғирланмаса керак, ҳар қалай.
XS
SM
MD
LG