Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Қирғизистон Омбудсмени ўзбекистонлик ҳамкасбига мактуб йўллади


Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун фикрича, ўзбек чегарачилари қўшни давлат фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини бузаяпти.
Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун фикрича, ўзбек чегарачилари қўшни давлат фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини бузаяпти.

Мазкур мактубда Турсунбек Ақун Сайёра Рашидовадан 27 май куни қирғиз-ўзбек чегарасида ўққа тутилган Позилжон Жалолов ишига аралашишни сўрайди.

Бу борада Озодликка Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақуннинг ўзи маълум қилди.

- Мактубимда, “ Ҳурматли Сайёра Шарафовна, Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ҳудудига ўтиб, одамларнинг қўй-молларига олиб кетаяпти, Қирғизистон фуқароларини эса нейтрал ҳудудда турса ҳам отиб ташлаяпти, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузаяпти. Шунинг учун ўзбек чегарачиларнинг ноқонуний ишларини тўхтатиш бўйича президент Ислом Абдуғаниевич Каримовга, Миллий хавфсизлик хизматига, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, бундай ҳоллар юзасидан жиноят иши қўзғашга ҳаракат қилинг. Бизнинг фуқаро вафот этди. Ҳалок бўлган Позилжон Жалоловнинг оиласи боқувчисиз қолди. Жалоловни отган чегарачиларни жазолаш керак, улар устидан жиноят иши очишга ёрдам беринг”, деб ёздим, - деди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 27 май куни Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг Чўн Бағиш қишлоғида яшовчи 38 ёшли Позилжон Жалоловни чегарани бузиб ўтгани учун ўққа тутган. Расмий маълумотларга кўра, Позилжон Жалолов олган жароҳатидан Андижон вилояти Пахтобод туман касалхонасида вафот этган.

Қирғизистон чегарачиларининг ўзбекистонлик ҳамкасбларига таяниб маълум қилишларича, Позилжон Жалолов қирғиз-ўзбек чегарасининг Ўзбекистон томонида турган ўзбек чегарачиларига тегишли отни ўғирлаш мақсадида чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва ўзбек чегарачиларининг огоҳлантирувларини эътиборсиз қолдирган, кейин улар чегара бузувчига қарата ўт очишга мажбур бўлганлар.

Бироқ ўзбек чегарачилари ўқидан вафот этган Жалоловнинг акаси Зокиржон Жалолов укаси чегаранинг нейтрал ҳудудида отилганини айтади:

- Ўқ танасининг орқа қисмини титиб ташлаган. Иккита ўқ теккан. Чегарачилар огоҳлантиришсиз отишган. Икки марта қорнига отиб, учинчи маротаба атайин осмонга отиб қўйишган. Кўрганлар шундай деяпти, - деди Зокиржон Жалолов.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун фикрича, сўнгги пайтларда қирғиз-ўзбек чегарасида бундай нохуш ҳодисалар кўп учрамоқда. Унга кўра, бундай ҳолларга қирғиз чегарачиларининг ўз вазифасига лоқайдлиги ҳам сабаб бўлмоқда:

- Қирғизистон чегарачилари жуда суст ишлаяпти. Мен чегара хизмати раисини ўз лавозимида қолдириш ёки ишдан бўшатиш масаласи бўйича Қирғизистон парламенти ва Бош вазир Атамбаевга мурожаат қилмоқчиман. Негаки, Ўзбекистон чегарачилари чегарани туну-кун қўриқлайди, бизникилар эса ўз жойида турмай, ҳар томонга кетиб қолади, - деди Турсунбек Ақун.

Қирғизистон парламенти депутати, мамлакат чегара хизматининг собиқ раиси Тўқўн Мамитов фикрича, қирғиз чегарачиларининг суст ишлашига уларга ҳукумат томонидан етарли даражада эътибор берилмаётгани сабаб бўлмоқда.

- Бизнинг чегара хизмати Ўзбекистон чегара хизмати у ёқда турсин, Тожикистон чегара хизмати даражасига ҳам етолмаяпти. Сабаби Акаев даврида ҳам, Бакиев даврида ҳам ҳукумат чегара хизматига етарли даражада эътибор берган эмас. Ҳозир чегара хизматига эътибор берилаяпти, парламент ҳам, ҳукумат ҳам тегишли чораларни кўриб, “буларга моддий жиҳатдан ёрдам берайлик”, дейилаяпти. Бундан ташқари, чегара хизматида аскарлар сонини ҳам кўпайтириш керак. Чегара хизматининг кўп муаммолари бор. Ҳукумат чегараларни мустахкамлаш бўйича комплексли дастур қабул қилиши керак. Акс ҳолда, бундай салбий воқеалар кўпаяверади, - деди Тўқўн Мамитов.

Айни пайтда, Қирғизистон чегара хизмати раиси ўринбосари Чўлпўнбек Турусбековга кўра, жалолободлик Позилжон Жалоловни Ўзбекистон чегарачилари томонидан ўққа тутилиши юзасидан ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари алоҳида-алоҳида тергов ишларини олиб бормоқда.

- Бу воқеа Ўзбекистон ҳудудида бўлган. Олинган маълумотларга кўра, бизнинг фуқаро Жалолов маст аҳволда бўлган экан. Бу ерда у от ўғирламоқчи бўлгани айтилаяпти. Биз буни ўрганиб, текширув ишларини олиб боришимиз керак, - деди Қирғизистон чегара хизмати раиси ўринбосари Чўлпўнбек Турусбеков.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақуннинг Озодликка маълум қилишича, Омбудсмен ходимлари ҳам мазкур ҳолат юзасидан ўзларининг жамоатчилик текширувини олиб боради.
XS
SM
MD
LG