Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

"Ўзбекистонда ҳозир Сталин даври"


Айтишларича, президентдан пастроқдаги амалдорлар ўзидан патроқларини калтаклашни "котта"дан ўрганишнган.
Айтишларича, президентдан пастроқдаги амалдорлар ўзидан патроқларини калтаклашни "котта"дан ўрганишнган.

“Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев амалий сафар билан Хоразм вилоятида бўлди. Манбаларимизнинг айтишича, бош вазир минтақадаги ишлар аҳволидан норозилигини ўзи учун анъанага айланиб қолган усул билан билдириб, Урганч шаҳар ҳокими Илҳом Ёқубовнинг башарасига туширди”. Узметроном сайтида чиққан икки энли хабарнинг бир энли қисмини айнан келтирдик. Шавкат Мирзиёвнинг муштумзўрлиги тўғрисида биринчи марта ёзилмаётганини ҳисобга олсак, бу хабарни янгилик демаса ҳам бўлади. Лекин тиш оғриғига кўникиб бўлмаганидек, ўзбекча бошқарувнинг асосий усулига айланишга улгурган сўконғичлик ва муштумзўрликка ҳам кўникиб бўлмайди.


“Тишингиз синмадими ишқилиб?” деб сўраб Урганч ҳокимининг бошини, “Қўлингиз қалтираб қолмадими?”, деб Шавкат Мирзиёевнинг бошини оғритиб ўтирмадик.

Ўзбекистонда худди анекдотдагидай: журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, “Мирзиëевнинг ўзи Каримовдан калтак ейди”.

Урганч ҳокимини калтаклагани айтилаётган Ш. Мирзиёевнинг ўзи ҳам президент И. Каримовдан калтак еб туриши айтилади.
Демак, президент Бош вазирни; Бош вазир ҳокимларни; ҳокимлар корхона, ташкилот муассаcалар бошлиқларини, фермерларни; бошлиқлар ва фермерлар хотинларини; хотинлар болаларини; болалар итни уради; ит мушукни тишлайди.

Охир-оқибат балога қолган - сичқон.

10 кунгина муқаддам Наманганнинг Чустида бўлиб ўтган воқеа тўғрисида ўша ердаги тингловчимиз – фермер ёрдамчиси исмини айтмаслигимиз шарти билан айтиб берди.

- Шу 10 кун бўлиб бўлмадида. Каркидон қишлоғида экин экканларнинг ҳаммасини бузиб ташладида экинини. Прокурор билан ҳокими, землямерлар ҳаммаси келиб, Жўравой ака деган фермеримизни ëмон сўктиларда “сен ифлос” деб. Ҳамма гапни гапирдида. Онасига тил теккизмадию бошқа ҳамма гапни гапирдида. “Сен ғўзага қарамабсан ифлос. Сенга фақат буғдой керак, картошканг керак. Шу ердаги кесаклар билан каллангга уриб ëрворайми каллангни” деб сўкдида. "Ифлос, нассан сен” дедида. Фермеримиз ҳам юввошгина одам эди. Индамай қўлини кўксига қўйиб турибдида. Ҳоким йигит ўғли тенги 1978 йил бола экан.

Озодлик: Чуст тумани-а бу?

- Ҳа. “Сен ифлоссан, нассан” дедида.

Озодлик: Қарши гап айтмади ҳеч қанақа.

- Йўқ. Кейин келиб қорни билан бир уриб, туртиб, йиқитиб юборай дедида.

Озодлик: Ҳоким фермерни йиқитиб юборай дедими?

- Ҳа. Келиб қорни билан уриб йиқитворай дедида. Ўзи ўғли тенги бола экан. Ëш болани ушлаб олгандай елкасидан ушлаб олибдида фермернинг.

Озодлик: Нима айб қилган экан фермер бечора?

- “Вақтида пахтанинг ҳайдовини қилмабсан” деяптида. Икки кундан кейин келганда эди, у ерда бир дона ҳам ўт бўлмас эди. Энди ишлаяпти одамлар. Секин-секин қиладию ғўзанинг ўташини, чопиғини.

Озодлик: Сиз бу воқеаларни ўз кўзингиз билан кўрдингизда-а?

- Ҳа, ўз кўзим билан кўрдим. 10та милиция бўлди, дейди чустлик тингловчимиз.

Прокурору 10 мелиса қуршовида каркидонлик отаси тенги фермерни ҳақоратлаган ёш ҳоким янаям тарбия кўрган йигитга ўхшайди. Унинг оғзидан фақат “ифлос” деган сўз, “нас” деган сўз чиқибди.

“Нас” “наҳс” дегани. “Жимоъдан кейин ғусл қилмаган”, дегани.

Баъзи ҳокимлар эса, бу мавзуни мунтазам кузатиб келаётган журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ҳар гал мажлис ўтказганидан сўнг ғусл қилиб олиши керак.

- Мана масалан тошкентлик ҳоким Бахтиëр Ҳамидов Қашқадарëга ҳоким бўлиб борган пайтда биз унинг одамларни “аячангни” деб сўккан ҳолатларини эшитганмиз. Ëки бўлмаса яқинда собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири, ҳозир Жиззахда ҳоким бўлиб ишлаëтган Сайфиддин Умаров деган одам бор, у энди адабий тил нормаларига риоя қилган ҳолда “онангни” деб сўккан, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Умуман, шу соҳада ҳам ҳокимлардан давлат тили меъёрларига риоя қилишни талаб қилиш керакка ўхшайди. Тўғри-да, ҳар ким ўз шевасида сўкаверадими?

Ачангни та-та-та; бувингни та-та-та, ойингни та-та-та, энангни та-та-та, опангни та-та-та ва ҳоказо қилиб ўтирмасдан ҳамма ҳокимлар нейтрал “она” сўзини ишлатсин, деган таклиф бор: “онангни та-та-та”, деб.

Шу маънода Жиззах вилоятидаги туман ҳокимларидан бирининг тажрибаси улги бўлгудай.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан гапириб берган бир фермернинг айтишича, у яшайдиган туман ҳокими мажлисларда аёл раҳбарларнинг оналарини тек қўйиб, уларнинг бевосита ўзларини та-та-та қиларкан.

Тиккасидан ўқийдикан. Кўпчиликнинг кўзида ўқийдикан аёл раҳбарларни.

Бугунги суҳбатдошларимизнинг ишонч билан айтишича, Ўзбекистонда сўкинмайдиган бошлиқни топиш анча қийин.

Мана Фарғонанинг Бувайдасида яшайдиган пенсионер Фозил аканинг айтганлари:

- Оддий ҳол ҳозир бу. Бевосита қўл остидагилари дейдими, сўкишини энди қўяверинг. Шунақа бўлиб қолганда энди.

Озодлик: Нима деб сўкишади ҳокимларми, умуман бошлиқлар?

- Хоҳлаган нарсаси билан сўкадида. Бизда сўкишлар нимадан бўларди? Асосан нафсониятга тегадиган сўкишлар сўкади. Оддий ҳолку бу, дейди бувайдалик пенсионер Фозил ака.

Фозил аканинг шу гапи билан чеклансак, ҳақиқатни ямлаб қўйган бўламиз.

Пенсионернинг кейинги гапи нафақат ҳайратимизни уйғотди, балки ҳокимларнинг сўконғичлиги боисини тушунтиргандай бўлди.

- Энди шунга лойиқда кўпи. Шунга лойиқ кўпи. Чунки тепса тебранмас бўлиб кетганда булар, дейди Фозил ака.

Эшитяпсизми, бувайдалик Фозил ака ва балки, умуман ўзбекистонликлар ўша “тепса-тебранмаслик”нинг иқтисодий сабабларини излаш ҳақида ўйламаяпти.

Феодалга айланиб олган ҳокимнинг тутумларини тушунишга ҳаракат қилаяпти.

Суяги совет даврида қотган наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидовдан бугунги ўзбекча бошқарув усулинининг илдизларини кўрсатиб беришни илтимос қилдик.

Озодлик: Уриш, сўкиш бошқарув усули бўлиб қолибди кейинги йилларда, шу кунда Ўзбекистонда. Бунинг илдизи қаерга бориб тақалади?

- Коммунистлар замонининг дастлабки вақтлари то мана бу 50-йилгача бўлган жараëнга бориб тақалади. Чунки то 50-йилгача инқилобдан кейин мамлакатда бутун ишлаб чиқариш, халқ хўжалигини бошқаришда саводсиз, муттаҳам одамлардан, ғирт маъмуриятчи одамлардан раҳбар тайинланган, дейди Расулжон Абдумажидов.

Демак, Ўзбекистон яна Сталин даврига қайтиб қолдибди-да?

Билмадик. Ҳар ҳолда тарихни яхши биладиган тажрибали иқтисодчи олим шундай деяпти. (Ўзбекистон раҳбариятининг кадрлар сиёсатидаги баъзи тенденциялар, хусусан, маҳалла раислигигаю вилоят ҳокимлигига милициядан чиққанларни тайинлашга зўр берилаётгани олимнинг фикрини қувватлайди)

Агар олим айтаётган гап рост бўлгудай эса, яъни Ўзбекистон Сталин даврини бошидан кечираётган бўлса, ҳали иш кўп экан: Сталиндан кейин Хрушчев, Хуршчевдан кейин Брежнев, Брежневдан кейин Горбачев келиши керак.

Ундан кейин яна мустақиллик масаласи кун тартибига чиқади...
XS
SM
MD
LG