Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:40

“Онажон, мендан рози бўлинг...”


Қозоғистон экстрадиция қилган 29 қочқиндан бирининг онаси Озодлик билан суҳбатда ўғли ҳибсдалигида ўрталарида бўлган суҳбатни эслади.


Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 қочқиннинг Тоштурмада сақланаётгани ҳақида куни-кеча улардан бирининг оиласи Ўзбекистон Бош прокуратурасидан олган маълумотга таяниб, маълум қилган эди.

Аммо, 29 қочқин яқинларига уларнинг аҳволи ва кейинги тақдирига оид маълумотлар ҳануз номаълум қолмоқда.

Уларнинг айримларининг яқинлари муқаддам қийноқ қўллангани боис қочқинлар тақдирдирдан қаттиқ хавотирда.

Жумладан, Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 21 ёшли Файзуллахон Акбаровнинг онаси Раҳима Акбарова ўғли илк бор 2009 йилда ҳибсга олинганда қаттиқ калтакланганини сўзлаб берди.

Суҳбат давомида Раҳима опа ўзини йиғидан тўхтата олмади.

- 2009 йил 18 июнда ушлашди. 19 июн куни соат 4да кўриштиришди болам билан. Кўрганимда боламнинг аҳволи жуда оғир эди.

Озодлик: Аҳволи нега оғир эди?

- Қўли синган, юмалоқ бўлиб шишиб кетган эди болам. Билмадим жуда ҳам қаттиқ уришган эканда. Жуда ҳам қаттиқ уришган экан. Юмалоқ бўлиб шишиб кетган экан болам. “Онажон, мендан рози бўлинг. Мен ҳеч қанақа гуноҳ иш қилганим йўқ. Лекин мендан умримда кўрмаган, билмаган нарсаларимни сўрашди. Мен билган нарсамни айтдим” деди. Энди мактабни битирган болам. Нечанчи йил қаерда туғилганини, қаерда ўсганини, қаерда мактабга борганини, ўртоқларининг кимлигини гапириб берибди. Ота-онаси кимлигини гапириб берибди. “Улар сўраган бошқа нарсаларни мен умуман билмайман онажон” деди. Кўришганимиз ўша бўлди.

Шу билан началникларга кирдим, у ëқларга, бу ëқларга бордим, телефон қилдим тинимсиз. “Онахон сабр қилинг. Она экансиз сабр қилинг. Текшираяпмиз. Текширамиз, ҳалол бўлса болангиз, чиқариб берамиз. Гуноҳи йўқ бўлса, чиқариб берамиз. Ҳар қанақа ишлар бўлиб кетаяпти. У ерда бу ерда портлаш бўлаяпти. Шуни сўраб-суриштиришимиз керак” деди. 22 июн куни телефон қилиб “Болангизни олиб кетинг. Мана шундай яхши бола тарбиялаган экансиз. Бу болангиз ҳалол экан. Ҳеч қанақа гап-сўзи йўқ экан” деб чиқариб беришди.

Озодлик: Худди шу сўзларни айтдими? Болангиз ҳалол экан, гуноҳлари йўқ экан.

- Ҳа.

Озодлик: Ким айтди шуни?

- Исм-фамилияларини айтишмади улар. Ҳаммаси бир-бирини Пўлат, Фарҳод деб қўйишар экан. Исмларини айтишмади.

Озодлик: Деамк, 2009 йил 22 июн куни олиб келдингиз.

- 22 июн куни кечки соат олтиларга яқин менга боламни чиқариб беришди. Болам кечаси билан инграб чиқди. Кейин Қозоғистонга чиқиб ишлаб, озгина дам олиб келишни мақсад қилди. “Майли болам” дедим. Жўнатдим. “Телефон қилиб тургин. Йўқолиб кетмагин болам. Озгина хабарингни эшитиб турай. Тинч бўлсанг бўлди” деб бағримдан юлиб чиқардим боламни. Яна телефон келди болангиз қамалиб қолибди деб. Борсам, болам ҳақиқатан қамоқда экан. Шунда “Болангизнинг ҳеч қанақа гуноҳини билмаймиз. Болангизнинг ҳеч қанақа гуноҳи ҳам йўқдир, лекин бизларга сўроқ келган. Шунинг учун болангизни биз ушлаб турибмиз. Хавотир олманг. Болангиз соғ-саломат. Хоҳласангиз кўринг” дейишди. Боламни кўрсатишди. Ҳақиқатан саломатлиги яхши экан. Қилмаган гуноҳига, туҳматларга касал бўлиб кетди болам. “Онажон, сабрли бўлинг. Ҳалолман. Ҳеч қанақа нотўғри иш қилганим йўқ. Худо хоҳласа ëруғ юз билан олдингизга чиқаман” деди. Шу гапларни эшитиб сабр қилиб чиқиб келдим. Бир йил сабр қилдим. Мана энди бу ëққа жўнатишди. Нима масалада ушлаëтганини билмайман ҳозир. Энди бу ëқда қанақа бўлаяпти экан дейман. Ҳеч кимдан ҳеч қанақа гап-сўз эшитаëтганим йўқ. Боламнинг ҳеч қанақа айби йўқ. Фақат айби беш маҳал намоз ўқирди. Беш маҳал ибодат қиларди. Бошқа ҳеч қанақа айби йўқ. Эндигина мактабни битирган эди. Ўқишга кираман деб ҳаракат қилаëтган эди.

XS
SM
MD
LG